Коррупция – адолат ва жамият кушандаси

0 90

"Коррупция" иллати  ҳар  қандай  давлатни барқарорлик билан  тараққий  этишига қаршилик кўрсатиб келмоқда  ва   унга  қарши курашиш бутун дунё мамлакатларининг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Аввало, коррупция   сўзининг маъносига эътибор берадиган бўлсак, "Коррупция" термини лотинча "corruptio" сўзидан келиб чиққан бўлиб, унинг этимологик маъноси "бузиш, сотиб олиш" - деган маънони билдиради. Ўз  вақтида  унга  қарши аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилиниб, биргаликда курашилмаса, коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емиради, адолат ва жамият кушандасига айланади. Шунингдек, коррупциянинг оқибатлари билан кескин курашиш билан бирга, унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак. Ана шу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида Парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этди. Чунки, тараққиётга тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар, иллатлардан бири ва энг хавфлиси коррупциядир. Бу иллат аввало, халқимизнинг давлат ва ислоҳотларга ишончини сўндириши, жамиятда норозилик кайфиятини кучайтириши билан ҳам ғоят хатарлидир.

Шу боис, истиқлол йилларида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистоннинг 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш  Конвенциясига ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилди. Президентимиз ташаббуслари билан қабул қилинган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун ва алоҳида Давлат дастурида эса навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли органлар ҳамда уларнинг мақоми аниқ белгилаб қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш учун Бош прокурор раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида коррупцияга барҳам бериш, унинг илдиз отишига шароит яратаётган сабабларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар баён қилинди. 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича иккинчи Давлат дастури тасдиқланди. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори, "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги, "Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиялар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан "Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" қўшма қарор қабул қилинди. 


Айни пайтда парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш ташаббуси давлат бошқарувидаги тарихимизнинг янги саҳифасига асос солди. Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси барча йўналишлар қатори коррупцияга буткул чек қўйишнинг ҳам янги истиқболларини очиб берди. Биргина ҳуқуқни  муҳофаза қилувчи органларнинг кучи билан коррупцияга оид  ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда ижобий натижаларга эришиш  қийин. Шунинг учун, аввало кенг жаоматчиликнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини   шакллантириш, ҳуқуқий  саводхонлигини  ошириш   лозим.  

Камолиддин АХМЕДОВ,
туман ҳ
окимлиги юрисконсульти.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ