Сумалак: тарихи ва шифобахшлиги

0 34

Сумалагим тарихи зўр, бу "си-мамак", 
Ковлар экан ғайбдан келган ўттиз  малак. 
Ниятлари ижоб бўлар айтсанг тилак -
Момом айтган пок тилакни соғинганман.


Наврўзнинг тансиқ таоми бўлган сумалакни халқимиз қадим замонлардан буён тайёрлаб келишган. Сумалак сўзининг маъноси ҳақида турли ривоятлар тўқилган. Бир ривоятда қайт этилишича, қадим замонларда бир камбағал аёлнинг ёш болалари бўлиб, қишдан зўр-базур чиқишади. Оч қолган болалари нон сўраб йиғлашади. Нима қиларини билмаган она болаларига"Бир пасгина ўйнаб туринглар, мен сизларга овқат пишириб бераман" деб қозонга сув солиб тагига ўт қалабди. Сўнгра далага чиқиб, ўтган йилги буғдойзордан буғдой томирларини, эндигина ниш ура бошлаган ҳар хил ўт-ўланларни териб келиб, яхшилаб ювибди-да, қозонга солибди. Ун халтасини қоқиштириб бир-икки каппа унни қозонга ташлаб, қайната бошлабди. Тун яримдан ошгандан сўнг чарчаб ухлаб қолибди. Шунда "си малак", яъни, ўттиз малак қозонни кавлаб, қозонга туз ташлаб пишириб қўйишади. Тонгда уйғонган болалар "Она бу овқатингизни номи нима?"деб сўрашибди. Она эса"Бу малойикларнинг каромати билан пишди. Унинг оти "Сималак"-дебди. Бу сўз кейинчалик "Сумалак" бўлиб кетган, деган нақл бор. Буюк тилшунос олим  Маҳмуд Қошғарий ўзининиг "Девону луғотит турк"("Туркий сўзлар девони") китобида ёзишича:"Сума-ивитилган буғдой номи. Уни қуритиб туйилади. Сўнг ундан угра оши ва нон қилинади. Шарбат  учун қилинган, ундирилган арпа учун ҳам бу сўз қўлланилади". Шунга кўра"сумалак"-ивитилган буғдой ёки арпа маъносини англатувчи қадимги туркий калом "сума"дан келиб чиққан дейиш мумкин. 


Сумалак  шифобахш таом бўлиб, унда инсон аъзоларида тез қонга ва лимфа суюқликларига сўриладиган монохорид бор. Унинг оқсили ҳам жуда нозик бўлиб, азойи баданимиздаги миллиардча ҳужайралар учун энг яхши озуқадир. Сумалакда С ва Е дармондорилари кўп бўлиб,  Е дармондориси эркакларни наслсизлик касали ва аёлларни бевақт ҳомила ташлаш офатидан асрайди. Сумалак гипертония касаллигига ҳам яхши даво бўлиб, у қон таркибини яхшилайди. Томирлар торайган бўлса, қонни суюлтиради. Яна сумалак ошқозон ва ичак ички йўлини тозалайди, унинг фаолиятини кучайтиради. Кишининг иссиғи ортиб кетса тенглайди. Уйқусизликдан фориғ этади, асабларни тинчлантиради.  


Наврўз байрамида тайёрланадиган сумалак фақат тансиқ таом бўлиб қолмай, унда инсоннинг барча яхши орзу-умидлари, ниятлари мужассамлашгандир. Наврўзнинг "шоҳона таоми"-сумалак тайёрлаш, сумалакхўрликка бағишланган "Сумалак сайли"га марҳабо! 

Э. САФАРОВ тайёрлади. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ