kathaq@mail.ru

Илғор инновацион технологиялар - ҳаётга

Маълумки, юртимизда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиш, уни иқтисодиётнинг муҳим бўлаги сифатида ривожлантириш, фермер ва деҳқонлар малакасини ошириш, улар етиштирган маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Туманда, айниқса, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг имкониятлари жуда кенг. Туманимизнинг географик жойлашуви, иқлими, унумдор ерлари ва энг асосийси меҳнаткаш одамлари билан қишлоқ хўжалигида бугунгидан юқори натижаларга эришишимиз мумкин. Фақат бугун бизга ушбу соҳада инновацион ёндашув, фан ва техниканинг илғор ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар талаб этилмоқда. 


Ана шу мақсадда туман ҳокимлигида туманда фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари раислари, соҳага тааллуқли корхона ва ташкилот ходимлари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Голландия билан боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олиш ва уни қайта ишлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга бағишланган семинар-­тренинг ўтказилди. Семинарда Голландиянинг "Amino­core"компаниясининг бош директори Стефан Ховинг ва "Croptivate"компаниясининг вакили Франк Франсис иштирок этдилар. Бундан ташқари ушбу фирманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ҳам қатнашдилар.


Голландия нафақат хушманзара гуллар ва хушманзара каналлар, юқори маҳсулдор сигирлар, балки юқори технологиялар ва ақлли муҳандислик ғоялари кенг жорий қилинган мамлакат ҳамдир.


Ҳудудининг кичкиналигига қарамай, қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялардан фойдаланиш нидерландияликларнинг энг илғор жиҳатидир. Голландияда ҳар гектар ердан Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда икки баробар кўп ҳосил олинаркан.


- Бирга ишлаш учун имкониятлар катта эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Туманингиз фермерлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистондаги ўзгаришлар Голландия компанияларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бугун биз туманингизда деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик соҳаларида кенг имкониятларни кўряпмиз, - дейди Голландиянинг "Aminocore" компанияси бош директори Стефан Ховинг. - Мамлакатингизда ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида   инвесторлар учун яратилаётган қулай шароит ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эгамиз. Бу бизни жуда қувонтирди.


Қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширишнинг инновацион усулларига бағишлаб ўтказилган семинарда маърузачилар томонидан қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда илғор тажрибалар, инновацион ёндашувлар ҳақида маълумотлар берилди. Голландия олимлари томонидан яратилган ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилган Soil ROOTS, Humical, Leaf Forte каби биостимуляторлар, уларни синаш натижалари муҳокама қилинди. Уларнинг ушбу фирма томонидан айнан юртимиз шароити чуқур ўрганилиб, далаларимизда экилаётган ўсимликларимиз, дарахтларимиз учун мослаштириб яратилгани унинг самарали таъсир қилишини кафолатлайди. 


Айниқса, юртимизда кўплаб учраётган муаммолар, масалан, қурғоқчилик, совуқ уриши, ер шўрланиши, ҳаво етишмаслиги, дўл, шамол ва бошқа омиллар ўсимликларга стресс таъсир қилиши натижасида ўсимликларнинг кучсизланган иммун тизимини яхшилайди ҳамда ноқулай иқлим шароитларида ўсимликларнинг чидамлилигини, зараркунандаларга ва касалликларга қаршиликни, тупроқ ва унинг унумдорлигини, яшил тўқима ва меваларнинг эластиклигини оширади. Натижада эса ҳосилдорлик ва ҳосилнинг сифати бир неча баробарга ошиши ушбу препаратларнинг тўғри дастур асосида фойдаланилганда кафолатланади. Семинарда намуна сифатида Каттақўр­ғон туманидаги «Рўзимурод Мавлонов» фермер хўжалигида 7 гектар пахта майдонига ушбу биостимулятордан фойдаланиш натижасида олинган мўл ҳосилдорлик, пахта чаноғидаги чигитлар сонидаги ўзгаришлар мисол қилиб келтириб ўтилди.

  Анжуманда кўтарилган мавзулар кўплаб баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой бўлди. Айниқса, фермер хўжалиги ва тадбиркорлар томонидан амалий иш жараёнида учраётган муаммолар кўтарилди, экспорт учун маҳсулот етиштириш юзасидан саволлар берилди. Кўтарилган таклиф ва саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар берилди.


  Шунингдек, семинар давомида томчилатиб суғориш технологияларининг афзалликлари ва ундан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ҳам сўз юритилди. Украина давлатидан ташриф буюрган олим Дмитрий Дмитрянко иштирокчиларга томчилатиб суғориш технологиясининг пайдо бўлиши тарихи, уни жорий этиш афзаликлари ва фойдаси, шунингдек суғориладиган деҳқончиликни ушбу технологияга ўтказишнинг долзарблиги ҳақида сўзлаб берди. Технологияни қўллаш афзалликлари аниқ фермер хўжалиги мисолида ёритилди, турли экинларга ишлов беришда технологияни қўллаш бўйича иқтисодий ҳисоб-китоблар кўрсатиб берилди. 


- Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари жуда кўп, - дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси Мардон Мавлонов. - Бу усул орқали ёқилғи ва техника харажатлари кескин қисқаради, ўғит кам ишлатилади. Энг муҳими, ернинг мелиоратив ҳолати бузилмайди. Сизот сувлари сатҳи кўтарилмайди ва тупроқнинг шўрланиш даражаси камаяди.


Ҳа, барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам фан ва техниканинг илғор ютуқлари тадбиқ этилаётгани натижасида юқори ҳосил ва баракали даромад олиш имкониятлари яратилмоқда.
Ғафур ҚАРШИЕВ, ўз мухбиримиз.
Хато топдингизми?

Сичқонча ёрдамида хато қисмини танланг ва CTRL+ENTER тугмачаларини босинг.

Кўрсатилган ойнада муаммони тавсифланг ва маъмуриятга хабарнома юборинг.

Бошқа хабарлар

O‘zbekistonda aholini ro‘yxatga olish 2025−2026 yillarga mo‘ljallanmoqda
Долзарб мавзу / Jamiyat

O‘zbekistonda aholini ro‘yxatga olish 2025−2026 yillarga ..

2025−2026 yillarda O‘zbekistonda aholini ro‘yxatga olish ishlari o‘tkazilishi...

Қўл бериб сўрашиш одоби
Долзарб мавзу / Jamiyat / Madaniyat

Қўл бериб сўрашиш одоби ..

Узатилган қўл, албатта, муаллақ қолмаслиги керак, бу инсонни ерга уриш билан баробар...

Изоҳ қолдириш

image

Календарь

«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
image

Сайтимизнинг янги кўриниши сизга ёқдими?