Излаган имкон топар, деганларидек, тумандаги Полвонтепа маҳалласида яшовчи Достон Очилов ҳам ўз оила аъзолари билан ердан самарали фойдаланиш ҳадисини олганлардан. У ўтган йили томорқасида ўз маблағи ҳисобига 20 сотихли иссиқхона қуриб, унда помидор кўчатлари парваришини йўлга қўйди. Натижа эса кўнгилдагидан ҳам юқори бўлди.
- Ўтган йили бошланишига тажрибали деҳқонларнинг маслаҳати билан помидор кўчатларини парвариш қилиш сир-асрорларини ўрганиб олдик, - дейди Достон ака. - Бу йил эса февраль ойининг бошида 20 сотих ер майдонидаги иссиқхонага помидор кўчатлари ўтқаздик. Ҳозирга келиб пишиб етилган помидор ҳосилини сотишни бошладик. Биргина шу помидорнинг ўзидан 30 тонна ҳосил йиғиб олиб, 150 миллион сўмга сотишни режалаштирмоқдамиз. Олинадиган фойда ҳисобига рўзғоримизни тебратамиз, орзу-ўйларимиз рўёби шу меҳнатимиз орқасидан бўлади. Иссиқхона туфайли оила аъзоларимнинг ҳаммаси доимий меҳнат билан машғул. Келгусида яна 30 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилишни ният қилиб қўйдим.
Туманимизда Достон Очилов каби инсонларнинг томорқа майдонидан самарали фойдаланиб, мўмайгина даромад орттираётгани мақтовга лойиқ. Юртдошларимиз эришаётган ютуқларнинг барчаси эса аввало, ҳар бир оиланинг ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилиши-ю бир мақсад сари интилишидан ҳосил бўлмоқда.
Жахонгир САФАРОВ.