
Асли касби шифокор бўлган Зайниддин Норманни кўпчилик танийди. Зайниддин Норман тиббиёт соҳасида беморлар дардига шифо топиб, элда ҳурмат қозониш билан бирга, илмий тадқиқот ишларида ҳам фаолият юритиб, "Тиббиёт фанлари номзоди" деган шарафли номга сазовор бўлган.
Ҳам илмий, ҳам бадиий соҳада ижод қилиш камдан-кам инсонларга насиб этади. Зайниддин Норман серқирра истеъдод соҳиби. У шоир сифатида ҳам халқ орасида танилди ва эътибор топди. Унинг ёзган шеърларида замонамизнинг фаол кишилари ҳаёти, табиатнинг бетакрор манзаралари, Ватанга бўлган муҳаббат туйғулари ўзининг гўзал бадиий ифодасини топади.
Яқинда Дубай шаҳрида Фан, таълим, технология ва санъат йўналишларида 1- Олимпиада ўтказилиб, унда 60 та давлатдан 479 нафар киши онлайн иштирок этди. Улар орасида Зайниддин Норман ҳам бор эди ва у ўз иқтидори билан чемпионликни қўлга киритди. Асарлар фан ва таълимнинг 36 та, санъатнинг 6 та тури бўйича намойиш этилди.
Баҳолавчи ҳакамлар орасида 27 нафар Нобел мукофоти совриндорлари ҳам бор эди.
Мамлакатлар бўйича ўринлар умумжамоа ҳисобида:
1-ўрин-Хитой, 2-ўрин-АҚШ, 3-ўрин-Ҳиндистон, 4-ўрин-БАА, 5-ўрин-Австралия,... 14-ўрин-Ўзбекистон.
Олимпиада ташкилотчилари номидан Зайниддин Норманга: "Сизнинг 2024-йил 15-30-август кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Фан, таълим, технология ва санъат бўйича 1-Олимпиада ўйинларидаги ишончли ғалабангиз билан чин қалбимиздан табриклаймиз ва бундан кейинги илмий фаолиятингизда янада улкан зафарлар тилаймиз! Сиз Олимпиада чемпионисиз, мамлакатингиз ва Университетингиз фахтисиз!" дея мамнуният билан битилган табрик сўзлари кимни ҳаяжонга солмайди, дейсиз!
Биз Зайниддин Норман каби, илм-фан тараққиётига, бадиий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, мамлакатимиз номини дунёга таратаётган олимларимиз ва ижодкорларимиз билан чексиз фахрланамиз!
Ҳасан АЛМАТ



