
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши ҳисобланади. Кейинги беш йилда соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача икки бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи маротаба тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Давлат раҳбари унда соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдириб ўтди.
Корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаб олиш. Бунда, корхоналарни йиллик айланмаси бўйича қуйидаги тоифаларга ажратилади: - 1 миллиард сўмгача бўлгани - микро бизнес;- 10 миллиард сўмгача бўлгани - кичик бизнес; - 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.
2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади. Ёки улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади. Пул айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди.
2023 йил 1 январдан: - кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;- мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;- соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;- давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).
1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилади.Бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Президент "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор" фахрий унвонини таъсис этишни таклиф қилди.
Бундай қулайлик ва имкониятлар натижасида янги тадбиркорлик субъектлари кўпайиб, олдиндан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирмоқда. Мамлакатимизда кейинги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб уч баравар ошди. Кўп ишбилармонлар ўз бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли корхоналарга айланди ва ички ва ташқи бозорда ўз брендига эга тадбиркорлар синфи шаклланди.
Каттақўрғон туманида ҳам саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, маиший хизмат, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилди. Туманда жорий йилнинг биринчи ярмида 312,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. "Кумуш тола" хусусий корхонасига Хитой ва Кореядан 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида замонавий жиҳозлар келтирилиб ўрнатилди. Бу эса корхонада ишловчилар сонини 120 нафардан 200 нафарга етказиш имконини берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида"ги фармойишига кўра "Кумуш тола"хусусий корхонаси раҳбари Марям Ниёзова ҳам тақдирланди.
Туманда 624 та якка тартибдаги тадбиркорлик, 335 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Шунингдек, 71 нафар тажрибали ҳунармандга 327 нафар шогирд бириктирилди ва 667 нафар ишсиз фуқарога янги касб-ҳунар ўргатилди. "Ҳар бир оила-тадбиркор" дастури доирасида ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракати билан тадбиркорликка қўл урган мингдан зиёд фуқарога 28 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди ва 133 та тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилиб, 400 та янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда туманда "Каттақўрғон электро техника заводи", "Qo'rg'on Plit Story Max", "Building blocks pyramid", "Sherbek mustahkam betonlari", "Eco capeer", "Ulug'bek Universal Qurilish", "Kattakurgan shifer", "Andoqsoy charm", "Зарина файзли келажаги", "Anvarjon biznes invest" МЧЖ, "Фирдавс қандолат инвест", "Mak Gold Baraka", "Ozod Gold non", "Batton Bulka", "Sitora Traeding", "Fayz Bashirbek Yuksalish", "Otajon shirinliklari" OK, "Shams agro universal", "Рустам пластекс" ХК каби МЧЖлар, завод ва корхоналар фаолият олиб бормоқда.
Тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича туманнинг Янги ҳаёт массиви ҳудудида қурилаётган умумий қиймати 340 миллион АҚШ долларига тенг цемент заводида биринчи ярим йилда режа бўйича 24,7 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиши ўрнига 60,6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, режа 245 фоизга бажарилди. Йилига 3 миллион тонна юқори маркали цемент ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу завод маҳсулотининг катта қисми экспортга йўналтирилади. Айни пайтда қурилиши жадал олиб борилаётган ушбу заводга 600 нафардан зиёд ишчи, муҳандис ва кўплаб замонавий техникалар жалб этилган. Шунингдек, туманимизда БААнинг "Масдар" компанияси томонидан умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг қуёш электр станцияси бунёд этилмоқда. Станция 2023 йилда ишга туширилади. Иккала лойиҳа бўйича юзлаб янги иш ўринлари очилиши, янги уй-жойлар, маиший-маданий объектлар, йўллар қурилиши кўзда тутилган. Бу инвестициялар туманимиз иқтисодини кескин юксалтиради ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 3-4 август кунлари Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудлари раҳбарларининг форумида туманимиздан "Каттақўрғон электро техника заводи" МЧЖ раҳбари Анвар Норбоев, "Янги авлод" хусусий мактаби раҳбари Абдували Иргашев ва "Зарина Файз Келажаги" МЧЖ раҳбари Ойбек Тўхтаевларни иштирок этганликлари юртимизда чинакамига мулкдорлар синфи бўлмиш тадбиркорлар кўпаяётганлигини ва улар халқаро даражадаги анжуманларда ўз ўринларига эга бўлаётганликларини намоён қилмоқда.
Мамлакатимизда, жумладан, Каттақўрғон туманида ҳам ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Чунки тадбиркор ўз ғоясини амалга ошириш орқали даромад олади, иш ўрни яратади, аҳолининг истеъмол маҳсулотларига бўлган талабини қондиради ва давлат ғазнасига ҳам ҳисса қўшади. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон тадбиркори-келажак бунёдкоридир.
Эшпўлат САФАРОВ.



