
Кейинги йилларда мамлакатимизда одамлар дардига қулоқ тутиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, ўрганиш ва таҳлил этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Юртимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.
Бу борада ФҲДЁ бўлимлари олдига ҳам қатор топшириқлар қўйилди. Бунга кўра, Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилишини ҳисобга олиб, уларга оила муқаддас даргоҳ эканлиги, оилавий ажримларга олиб келадиган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, янги ҳаёт кўникмаларини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий кўрикдан ўтишнинг афзалликлари тўғрисида кенг қамровли тушунтиришлар олиб борилмоқда. Ўтказилаётган учрашувларда ўзаро низога бориб, жанжаллашиб қолган оилаларни яраштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, бўлимимиз ходимлари иштирокида мунтазам равишда туманимиздаги "Ёшлар дафтари"да турувчи ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларни қийнаётган ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммоларни бартараф этиш борасида амалий ёрдам бериб келмоқдамиз. Жумладан, тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларни ишга жойлаштирилиши, уларни банкдан кредит ажратиш орқали тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунарга ўқитиш, очиқ ер майдонлари ажратилиши йўлга қўйилган.
Шунингдек, ФҲДЁ бўлимимизда "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларимиздан никоҳни қайд қилиш даврида тўланадиган йиғимларга чегирмалар жорий қилганмиз. Худди шу каби туғилганлик гувоҳномаларини олишда ҳам имтиёзлар амал қилади. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий ёрдамга муҳтож ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тўлақонли ҳаётга қайтишлари учун керак бўлган барча шароитларни яратиш бош мақсадимиз бўлиб қолаверади.
Гуландом ИБРОҲИМОВА,
Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлими бошлиғи.
Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлими бошлиғи.



