
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра ҳозирда туманимиздаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари иш олиб бормоқда.
Барчамиз биламизки, Ўзбекистоннинг қарийб 60% аҳолисини ёшлар ташкил этади. Шуни эътиборга олган ҳолда юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг туб моҳияти - ҳеч бир ёш эътибордан четда қолмаслигига қаратилган. Маҳалладаги ёшларнинг оғирини енгил қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга масъул ҳисобланган ёшлар етакчиси том маънода маҳалладаги ёшларнинг энг яқин суянчиғи, ишончли ҳамкори, самимий маслаҳатгўйи, чин дўстига айланмоғи керак.
Тумандаги Чароғон маҳалласида иш олиб бораётган ёшлар етакчиси Жонибек Ҳикматов ҳам ишни маҳалла ёшлари билан танишишдан бошлади.
- 3846 нафар аҳолига эга маҳалламизнинг 1204 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади, - деди биз билан суҳбатда Ж.Ҳикматов. - Ўрганишлар натижасида маҳалламиз ёшларидан 18 нафарига алоҳида эътибор қаратдик. Улар "Ёшлар дафтари"га киритилиб, мавжуд муаммоларини бартараф этиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари ишлаб чиқдик. Натижада Гулбаҳор Рустамовага тикув машинаси, Бобур Маҳмудовга эса пайвандлаш аппарати олиб бериб, доимий иш билан таъминланишига эришдик. 2 та ишсиз юрган қизларимиз касб-ҳунар мактабида тикувчилик сирларини ўрганишмоқда. Фотима Муртозаеванинг компьютерга қизиқишини ҳисобга олиб уни IT ўқув марказига ўқишга юбордик. Бир неча ёшларимизни уста-шогирд анъаналарига кўра касб ўрганишларини ташкил қилганмиз. Банкнинг имтиёзли кредити ҳисобига 1 та мотокультиватор олиб бериш ҳисобига ишсиз юрган ёшларимиздан бири энди доимий даромад манбаига эга бўлди.
Бундан ташқари, ёшлар етакчисининг сайъи-ҳаракати билан маҳалладаги 1 нафар ёш талабанинг тўлов-контракт суммаси тўлаб берилди. Шунингдек, 1 нафар муқобил ҳарбий хизматга чақирилган йигитнинг тўлов суммаси ҳомийлар кўмагида тўланишига эришилди.
Маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини кўнгилли ва мазмунли ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада доимий равишда турли кўнгилочар тадбирлар, ижодий учрашувлар, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилиб, унда ёшларнинг фаол иштирок этишига катта эътибор қаратилмоқда. Маҳалла ёшларидан ташкил топган жамоалар "Заковат" интеллектуал ўйинининг сектор босқичида 2-ўрин, "Қувноқлар ва зукколар" баҳсида эса 3-ўринни эгаллашди. Маҳалла ёшлари орасида бу каби танловларнинг туман ва вилоят босқичи қатнашчилари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Маҳалла ёшлари орасида жиноятчиликка йўл қўйилмаётгани ҳам мақтовга лойиқдир. Бу борада ҳам ёшлар етакчисининг маҳалладаги нуроний отахонлар билан яқиндан туриб режали иш олиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Ҳозирда тарбияси оғир ҳисобланган 3 нафар ёшларнинг ҳар бирига кекса ва тажрибали отахонлар бириктирилиб, уларнинг мавжуд муаммоларини бартарф этиш бўйича иш олиб борилмоқда.
- Шу кунларда янги қуриб битказилган бинода иш бошлаймиз, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Ослонов. - Бу эса маҳалла аҳолиси билан, шу билан бир қаторда ёшлар билан ишлашда имкониятларимизни янада оширади. Жонибекжон билан кўп яхши ишларни режалаштириб қўйганмиз. У билимли ва тажрибали йигит. Шу сабабли тобора маҳалламиз ёшларининг ҳақиқий етакчисига айланиб бормоқда. Бу эса қувонарлидир.
Тўғри, маҳаллада ёшлар билан қилинган ишлардан кўра ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Камчиликлар ҳам йўқ, дея олмаймиз. Ўйлаймизки, ёшлар етакчиси бўлишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган Жонибек Ҳикматов бу камчиликларни бартараф этиш ва маҳалла етакчилари орасида энг илғорларидан бўлишга ўзида куч ва билим ҳамда кучли иштиёқ топа олади.
Ғафур ҚАРШИЕВ.



