kathaq@mail.ru

МЕҲНАТ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН НИЗОЛАР


Ишга тиклаш ҳақидаги низо бўйича ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида бевосита судга берилади. МКнинг 270-моддасида белгиланган муддатлар прокурор, касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органлари томонидан бериладиган даъволарга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.Судья даъво қилиш муддати ўтказиб юборилган деган асос билан даъво аризани қабул қилмасликка ҳақли эмас. Суд даъво муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топса, бу муддатни тиклайди. Агар суд ишдаги ҳужжатларни ҳар томонлама текшириб, судга мурожаат қилиш муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини аниқласа, даъвони рад этади. ФПК 10-моддаси ҳамда ФКнинг 153-моддасининг 2-қисми мазмунига кўра, фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши туфайли даъвогарнинг судга мурожаат этиш муддатини ўтказиб юборганлиги масаласи суд томонидан фақат низодаги тарафнинг берган аризасига мувофиқ қўлланилади.
Даъвогарлар ишга тиклаш ҳақидаги талаб бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги, меҳнат шартномасини бекор қилишни асослилигини исботловчи далилларни тақдим этиш эса, қонун билан жавобгарга юклатилганлиги сабабли (МК 111-моддасининг иккинчи қисми), ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаларини ФПК 189-моддаси биринчи қисмининг 6-банди ва 195-моддаси биринчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асослар бўйича қайтаришга йўл қўйилмайди.
Меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин: 1) тарафларнинг келишувига кўра. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин; 2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан; 3) муддатнинг тугаши билан;4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра; 5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек, қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.
Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин.
Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.
Қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдиради: 1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги; 2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғ­лиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши; 3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги. Аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади; 4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги. Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати: ички меҳнат тартиби қоидалари; корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шарт­номаси; айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади. Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади; 5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги; 6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги. Мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб уч ой мобайнида бекор қилишга йўл қўйилади. Ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳамда бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган вақти, узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлари бу муддатга киритилмайди; 7) ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.
Судларга ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бартараф қилишга йўналтирилган чораларни кўриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратади, меҳнат қонунларининг бузилиши бўйича аниқланган фактлар юзасидан хусусий ажримлар чиқариб, муносабат билдирилади.


В.АСҚАРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси.
Хато топдингизми?

Сичқонча ёрдамида хато қисмини танланг ва CTRL+ENTER тугмачаларини босинг.

Кўрсатилган ойнада муаммони тавсифланг ва маъмуриятга хабарнома юборинг.

Бошқа хабарлар

Каттақўрғон туман фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг фермерларга
Долзарб мавзу / Jamiyat

Каттақўрғон туман фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг ..

ҒАЛЛАНГИЗГА ҚЎШИМЧА ЎҒИТ БЕРИНГ ҲАМДА АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИ ЎЗ ВАҚТИДА ҚЎЛЛАБ, ҒАЛЛАДАН...

XALQ DEPUTATLARI KATTAQO‘RG‘ON TUMANI KENGASHINING QARORI
Siyosat / Jamiyat

XALQ DEPUTATLARI KATTAQO‘RG‘ON TUMANI KENGASHINING QARORI ..

XALQ DEPUTATLARI KATTAQO‘RG‘ON TUMANI KENGASHINING Q A R O R I Kattaqo‘rg‘on tumanining...

Изоҳ қолдириш

Оммабоп янгиликлар

image

Мақолалар архиви

Январь 2026 (3)
Декабрь 2025 (8)
Ноябрь 2025 (5)
Октябрь 2025 (1)
Сентябрь 2025 (11)
Август 2025 (9)

Календарь

«    Февраль 2026    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
232425262728 
image

Сайтимизнинг янги кўриниши сизга ёқдими?