
Умр деб аталувчи шонли ва машаққатли йўлнинг 40 йилини ортга ташлаб, қалбларда ҳаяжон билан Каттақўрғон тумани Мундиён маҳалласида жойлашган меҳрибон 17-умумтаълим мактаби бағрида учрашдик. Мазкур мактабнинг 1982 йилги 60 нафар олтин қанот битирувчилари - синфдошлар билан учрашиш нақадар ҳаяжонли, қувончли.
Эй дўст, анча йўлни юриб қўйдик биз,
Яхши-ю ёмонни кўриб қўйдик биз.
Келиб бу дунёга не қилдинг деса,
Одамдек одамлик тўнин кийдик биз.
Умримиз оқар сув каби ўтиб бораверар экан,лекин мактаб бағрида қувноқ ўтказган қувончли дамларимиз, қадрдон дўстлар ва меҳрибон устозлар сиймоси, шўхлигу беғубор ёшлигимиз ҳамиша инсон қалбидан ўчмайди. Дийдорлашиш баҳонасида ана шу унутилмас онларни бот-бот ёдга олдик. Шундай дамларда орамизда йўқ, ҳаётдан бевақт ўтган устозларимиз, синфдош дўстларимиз хотирасини ёд этдик.
Айтишадики, ҳаёт, вақт олдинга интилаверади, интилаверади. Учрашувнинг сўнгги айрилиқ, айрилиқнинг сўнггида эса яна дийдор бор.
Мана шу ширин дамларни қалбимизда абадий муҳрланиб қолишини Аллоҳдан сўраган ҳолда, барча синфдошларга тинчлик, омонлик, оилавий бахт тилаб, 50-60 йиллик учрашувларда ҳам ҳаммамизга бекаму кўст, мана шундай дўстлар даврасида учрашиш насиб этаверсин.
Саҳобиддин РУСТАМОВ.



