
Халқимиз қадим-қадимдан нонни улуғлаб келишган. Шу боис буғдой экиш ва ундан мўл ғалла ҳосили олиш ҳам шарафли иш ҳисобланган. Ғалла ризқ-рўзимиз, тўкинчилик,шод-хуррамлик манбаидир. Ғаллакорлик улуғ ва олижаноб соҳа. Юртбошимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишининг шу соҳа муаммоларини ҳал этиш ва уни янада тараққий эттириш,ғаллакорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масалаларига бағишлангани ҳам бежиз эмас.
"...Иккинчи жаҳон урушидан олдин ва ундан кейинги, шунингдек, тўрт йилдан узоқроқ чўзилган қирғин-барот йилларида, Ватанимиз тарихида мудҳиш йиллар бўлиб қолган даврда кимнинг уйида иккита қора нон бўлса у бахтиёр эди , - дея хотирлайди ўша нонсиз кечган кунларни меҳнат фахрийси, 85 ёшга қадам қўйган Ғайвулла бобо Рўзиев,- Бошоқ териш, қуруқ мева ва кўкатлар билан, камдан-кам хонадонда мавжуд бўлган сигир-бузоқ шарофати билан рўзғор тебратиш, фарзандларни, наслни сақлаб қолиш чин инсоний фазилатларга эга кишиларнинг ҳаёт мазмунига айланган эди. Ўша кунларда ҳам халқимизда одамийлик, дўстлик, меҳр-оқибат, шафқат улуғланган эди.
Президентимиз ташаббуси билан ғалланинг харид нархлари кескин оширилгани, ғаллакорга катта имтиёзлар,енгилликлар берилгани айни муддао бўлди. Энди мамлакатимизда тўкинчилик манбаи бўлган-дон янада сероб, заҳираси катта бўлишига шубҳа йўқ. Ғаллакорларимиз жаҳон ва ўз тажрибаларига таяниб, мўл ҳосил яратиш борасидаги фидокорона меҳнатларини аямайдилар деб ўйлаймиз.
Шу ўринда мен деҳқоннинг меҳнатини қадрлаш, ғаллачиликнинг улуғ соҳа экани, нон қадри ҳақида фарзандларимизда чуқурроқ тушунча, тасаввур ҳосил қилишнинг нақадар муҳим эканини эслатиб ўтмоқчиман. Гўдак қалбига бу нарса она алласи билан сингиб борса, болаларга даставвал уй-хонадонида, кейинчалик боғча ва мактабда тушунча ҳосил қилинади, онгига нон ҳақидаги ҳикматлар етказилади. Кейин урф-одатларимиз, анъаналаримиз, тўй-маъракаларимизда бу тарбия давом эттирилади.
Ана шу жараёнда газета ва журналлар, телевидение, китобларнинг аҳамияти бениҳоядир. Уларда мадҳ этилган нон ҳақидаги ҳикматлар, донолар бисотидан олинган ғоя ва фикрлар самараси ўлароқ инсон қалбида нонга ҳурмат, эътибор, меҳр уйғонади. Шу ўринда журналистлар, олимлар, соҳа мутахассислари ўртасида нон, ғалла, ғаллачилик хусусидаги ижодий ишларнинг танловини ўтказиш ҳамда ғолибларни муносиб тақдирлаш зарур деб ўйлаймиз. Чунки, нонни шунчаки қуруқ мақтов, шиор, буйруқ, ҳисоботлар билан улуғлаш бесамар ҳаракатдир. Мазмунли, таъсирчан мақола, шеър, ҳикоя ёки қўшиқ ва бошқа жанрдаги ижодий ишларгина инсон қалбида гўзал фазилатлар, саъй-ҳаракатлар пайдо қилиши, уйғотиши мумкин. "Каттақўрғон: кеча ва бугун" таҳририяти, қишлоқ хўжалик бўлими, кластерлар раҳбарлари, деҳқон ва фермерлар уюшмаси, саховатли фермерлар ҳамкорликда ана шу савобли тадбирни амалга оширадилар деб ишонамиз.
Муҳаммадали ЭРГАШЕВ,
журналист.



