
Асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни республиканинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 16 октябрь куни "Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. "Ўзбекистон асаларичилари" уюшмаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Шундан сўнг бутун Республикамизда бўлгани каби туманимизда ҳам асаларичилик фермерлари ташкил этилди, шунингдек, оилаларда ҳам асалари боқишга эътибор қаратилди. Дунёнинг барча қитъасида бўлгани каби юртимизда ҳам асаларичилик соҳасига бўлган эътибор ва қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Президент қароридан руҳланиб асалари боқишни янада кенгайтирган юртдошларимиздан бири Вайрот маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодир Мусаевдир. Бу оила аъзолари 15 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб, ҳозирда 30 қути асалари парваришламоқда.
- Асаларичиликни халқимиз етти хазинанинг бири деб атайди. Бу бежиз эмас, -дейди Баҳодир Мусаев. - Чунки, асаларидан халқимиз қадимдан қимматбаҳо маҳсулотлар бўлмиш асал, прополис, мум, асалари сути ва бошқа неъматларни олишган. Шунингдек, асаларининг қишлоқ хўжалиги экинларини, мевали боғларни чанглатишда ҳам хизмати катта. Қолаверса, асалари парваришлаш ва шифобахш асал олиш оилага қўшимча мўмай даромад манбаи.
Ҳа, касби шифокор бўлган Баҳодир Мусаев учун ишдан бўш вақтларида асалари парваришлаб, фойдали меҳнат қилиш оиласига қўшимча даромад олиш имкониятини бермоқда. Шунингдек, минг бир дардга даво асални хуш кўриб истеъмол қилмайдиган одам бўлмаса керак.
Жаҳонгир САФАРОВ.



