
— Дарҳақиқат, сўнгги кунларда дунё бўйлаб ушбу мутациянинг тарқалиш географияси шиддат билан кенгайиб бормоқда, — дейди Н.АТАБЕКОВ. — Шуни инобатга олсак, янги штаммнинг юртимизга кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас. Бироқ бу ҳолатдан фойдаланиб, ижтимоий тармоқлар орқали турли ёлғон ва асоссиз ахборот тарқатиш, аҳоли орасида ортиқча ваҳима кўтариш, ўйлайманки, ҳеч бир мезонга тўғри келмайди.
Ўзбекистон вируснинг кўтарилиш хавфига тайёр, дейишга асосларимиз етарли. Негаки, давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳамда Республика махсус комиссиясининг бевосита кузатувида юртимизда коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида амалга оширилган ишлар бунга мисол бўла олади.
Бироқ ортиқча хотиржамликка берилиш ҳам ярамайди. Сабаби “омикрон” бошқа штаммларга қараганда анчагина юқумли ва қисқа муддатда аҳолининг катта қисмини зарарлаши мумкин.



