Бутун дунёда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган ва шу билан биргаликда дунёдаги давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Касаллик турли ёшдаги аҳоли орасида, айниқса, навқирон 25-40 ёшлилар ўртасида кўплаб қайд этилиши ташвишли ҳолатдир.ОИВ инфекцияси - одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли касаллик ҳисобланиб, вирус бемор одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. Инфекция дастлаб яширин тарзда кечиши, бу давр бир неча ойдан 5-10 йилгача ва ундан ҳам ортиқроқ давом этиши мумкин. Касалликнинг яширин даврида вирусни юқтириб олган шахслар кўринишидан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Касалликнинг шу даври анча хавфли ҳисобланиб, инфекцияни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириб юришлари мумкин. Вирус организмда кўпайиб аста-секин иммун тизимни мутлақо издан чиқаради ва натижада ОИТС ривожланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) - одамнинг иммун тизимини иммунитет танқислиги вируси шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган хасталикнинг сўнгги босқичидир.
Касалликнинг асосан уч хил: ОИВ инфекцияси бор шахслар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда - жинсий; гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган (етарлича дезинфекция қилинмаган) жарроҳлик, доялик, стоматологик, сартарошлик ва бошқа асбоблар орқали тиббий муолажалар олганда, шприц ва игналардан умумий фойдаланилганда парентерал; инфекцияга чалинган ҳомиладор онадан болага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали - вертикаль йўл билан юқиши исботланган.
Қонга вирус тушгандан сўнг дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этади. Бу ҳолат ҳаттоки 8-10 ва ундан кўп йилларгача давом этиши мумкин. Шундан сўнг дастлабки клиник белгилар: сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал; одамнинг қисқа вақт ичида кескин озиб кетиши; ҳароратнинг узоқ вақт сабабсиз кўтарилиши ва ич кетиши (диарея); оғиз бўшлиғи ҳамда турли аъзоларнинг яллиғланиш белгилари; хавфли ўсмаларнинг ривожланиши намоён бўла бошлайди. Беморлар ОИВнинг бевосита таъсиридан эмас, балки юқоридаги қўшимча касалликларнинг асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмадилар.
Бугунги кунда ОИВ билан касалланган шахсни вирусдан бутунлай холи қилувчи дори воситаси мавжуд эмас. Бу борада дунё тиббиёти бир оз ожизлик қилиб турибди. Бунга сабаб вируснинг ўта ўзгарувчанлигидир. Дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу инфекцияга қарши вакцина ва дори воситасини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Яқин йилларда бу касалликдан бутунлай холи қилувчи дори воситалари яратилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ОИВ инфекциясини юқтирган одамнинг умрини соғлом одамнинг умридек чўзиш мумкин. Бунинг учун вирусга қарши даволаш усули - ретровирусга қарши терапия мавжуд. ОИВ ретровируслар оиласига мансуб вирус бўлгани учун унга қарши дори воситаларини ретровирусга қарши препаратлар деб, унга қарши даволаш усулини эса ретровирусга қарши терапия (РВКТ) деб юритилади. РВҚТ вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор организмида кўпайиб боришига йўл қўймайди, яъни унинг таъсирида қонда вируслар сони камайиб, иммунитет кучаяди, вирусга қарши курашувчи иммун ҳужайраларнинг сони ортиб, беморнинг аҳволи яхшиланиб боради, ОИВ инфекцияли шахснинг соғлом ҳаёт кечириши, хаёт сифатини яхшилайди ва умрини узайтиришга имкон яратади.
Мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўзида у ёки бу сабаблар туфайли ОИВ инфекцияси юққанлигига шубҳали ҳолатларни сезган тақдирда ихтиёрий равишда текширувдан ўтишлари мумкин. Бу тиббий кўрик ва таҳлиллар текширувдан ўтаётган шахснинг хоҳишига кўра, махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Хулоса килиб айтганда, ОИВ инфекцияси ҳақида тушунчага эга бўлиш, ОИВга ўз вақтида текшириш ва ОИВ аниқланганда ўз вақтида даво тадбирларини бошлаш ўзингиз ва яқинларингизни ушбу инфекциядан ҳимоя қилиш учун зарурдир. Соғлиғингизни сақлаш ўз қўлингиздадир.
У.НАЗАРОВ,
вилоят ОИТС маркази врачи.
З.САМАРОВ,
Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси врач-инфекционисти.
вилоят ОИТС маркази врачи.
З.САМАРОВ,
Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси врач-инфекционисти.



