Тунов куни болаликдан бирга ўсган дўстим қўнғироқ қилиб, фарзанди бетоб бўлиб қолгани, имкон бўлса, қарз бериб туришимни илтимос қилди. Карантин даври бўлгани учун сўралган маблағни пластик картаси орқали ўтказиб бермоқчи бўлдим. Аммо ҳар қанча уринсам ҳам пул ташлай олмадим. Кейин билсам, «Uzcard» пластик картасидан «Humo» картасига тўғридан-тўғри пул ўтказиб бўлмас экан...Эътибор берсак, сўнгги вақтларда аҳоли ўртасида «Humo» тўлов воситаси, унинг қулайлиги юзасидан турли-туман хабарлар кўпайгандан, кўпаймоқда. Мисол учун, баъзилар мен каби ушбу тўлов тизимидан фойдаланиш қулай эмаслиги ҳақида гапирса, айримлар ўзи фаолият юритаётган муассаса ходимларини бу тизим карталарига мажбуран ўтказилаётганини гапирмоқда.
«Humo» тўлов тизимини ташкил этишдан мақсад нима эди?
— Аввало шуни айтиш лозимки, бу тўлов тизими ички бозорда мавжуд ва фаолият юритиб келган тизимга ўхшаш яна битта хизматни ишга тушириш мақсадида ташкил этилмаган, — дейди Банклараро миллий процессинг маркази директори Шуҳрат Қурбонов. — Биламизки, ҳозирда юртимиздаги аксарият маҳаллий банкларда процессинг марказлари VISA ва MasterCard тизимида эмиссия қилинган карталар учун ишлайди, холос. Олдимизда турган асосий мақсад банклар ўз процессинг марказларида «Humo»ни ҳам ишлатиш имконига эга бўлсин. Шу боис «Humo» тўлов тизимига ҳар қандай банк учун АПИ уланиш имкони берилади. Агар техник носозлик юз берса, бу локал муаммо сифатида қолади ва биз учун бегона бўлмаган ҳолат – бутун тизим ишдан чиқмайди. Шунингдек, ҳозирда чет давлатларда харидор банк картасини терминал ичига суқмасдан, контактсиз тўлов ёки умуман телефон орқали тўловларни амалга оширади. Бизда эса, аксарият терминаллар ҳалигача фақат бир хил – сўмда ишлайдиган карталар қабул қилиши мумкин. Шу боис «Humo» ёрдамида мамлакатимизда ҳам контактсиз тўловлар жорий қилиш орқали қулай ва арзон тўлов тизимини ташкил қилишни режа қилганмиз.
Нега «Uzcard» пластик картасидан «Humo» картасига пул ўтказиб бўлмайди?
Бугун «Humo» пластик картаси фойдаланувчилари билан гаплашсангиз, тўлов тизимининг ноқулайлигидан арзу дод қилишади. Хусусан, «Uzcard» тўлов картасидан «Humo» картасига пул ўтказиб бўлмаслиги ёки аксинча ҳолатлар одамларга муаммо келтириб чиқармоқда.
— Икки хил тизимда ишлайдиган карталардан бир-бирига пул ўтказишда муаммолар борлиги рост, бироқ бу гаплар тўла асосга эга эмас, — дейди Шуҳрат Қурбонов. — Мисол учун, бугун Payme тўлов тизимидан фойдаланган ҳолда «Humo» тўлов картасидан «Uzcard»га пул ўтказиш хизмати мавжуд. Шунингдек, фуқаро қўл телефони орқали ўзи мижоз бўлган банкнинг мобил иловаси ёрдамида ҳам картадан картага пул ўтказиши мумкин. Айни кунларда «Uzcard»дан «Humo» тўлов картасига пул ўтказиш ва бу амалиётни Click хизмати орқали амалга ошириш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Тизимдаги носозликларга нима сабаб бўлди?
Яна бир гап. Шу кунларда кексаларнинг пенсия пуллари ёппасига «Humo» пластик картасига ўтказилаётгани, баъзи ҳудудларда бунга мажбурланаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тинмаяпти.
Банклараро Миллий процессинг маркази (БМПМ) томонидан берилган маълумотларга кўра, марказ пластик карталарни муомалага чиқариш, банкоматлар, терминаллар ўрнатиш билан шуғулланмайди. Қай турдаги картани чиқариш ва уни кимга беришга оид қарорлар эса банк фаолияти доирасида қабул қилинади. БМПМ карталарни фақат банк томонидан берилган буюртмадаги миқдорга асосланиб чиқаради. Бундан кўринадики, қайсидир банк тўлов тизимининг хусусиятлари ва унинг имкониятларини ҳисобга олмаган ҳолда карталар чиқаришга қарор қилса, бунинг учун ўша банк жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак.
Шунингдек, жорий йил 7 ва 8 май кунлари, соат 11:00 дан 13:00 оралиғида POS терминаллари орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар кузатилди. Бунга эса пул маблағларини пенсия карталарига ўтказиш операцияларининг ўсиши, банк кассалари ва банкоматлари орқали пул маблағларини нақдлаштириш хизматларига талабнинг юқорилиги сабаб бўлган. Бу ҳолатлар кескин ва қисқа муддатли носозликларга, яъни натижасиз банк операциялари сонининг ўсишига олиб келди.
Пенсия пуллари тўлиқлигича етказиб берилади
— ЖССТ маълумотларига кўра, қоғоз буюмларда коронавирус инфекцияси 4-5 кунгача сақланиб қолади, — дейди «Халқ банки» Бошқаруви Раиси Фарҳод Саломов. — Айниқса, бу инфекция кекса ёшдаги одамларга тез юқиши ва уларда касаллик оғир кечиши мутахассислар томонидан кўп бора айтилди. Шу боис республика махсус комиссияси қарорига кўра, пенсия ва нафақа пуллари вақтинчалик зарурий чора сифатида пластик карталарга ўтказилаётган эди. Қисқа муддатда 619 мингта, яъни 377 мингдан зиёд «Humo» ва 242 мингдан ортиқ «Uzcard» пластик карталари очилиб, пенсия ва нафақа олувчи фуқароларга тезкорлик билан етказилмоқда. «Humo» тўлов тизими билан боғлиқ юзага келган ноқулайликлар учун «Халқ банки» барча пенсионерлардан узр сўрайди ва пенсия пулларингизни тўлиқлигича етказишни таъминлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда аҳоли, айниқса, пенсионерларнинг мурожаатлари ҳисобга олиниб, иш ҳақи, нафақа ва пенсиялар, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, нақд пулда тарқатилиши белгиланди.
Пластик карталар Online тизимига ўтаётганда ҳам муаммолар бўлган
Мамлакатимизда тўловларни пластик карталар орқали амалга ошириш тизими йўлга қўйилган илк йилларда аҳоли Offline режимида ишлайдиган DUET пластик карталардан фойдаланар эди. Айтиш керакки, ушбу пластик карталарнинг имкониятлари чегараланган бўлиб, картага тушган маблағни юклаш банкоматлар орқали амалга оширилар, мабодо қурилма ишламай қолса, мижоз қайта-қайта сарсон бўларди. Қолаверса, DUET пластик картадан пул ўтказиш, онлайн тўловларни амалга ошириш имкони йўқ эди. Кейинчалик тўлов карталари Online тизимга ўтказилди. Эсласак, ўша кезларда ҳам ўзгаришлар аҳолига унчалик ёқмаган. Бироқ кейинчалик ушбу тўлов карталарининг аввалгисидан анчайин қулай эканлигини тушуниб етдик ва бугун бу бизга анчайин асқатмоқда.
Айтмоқчимизки, бироз вақт ўтгач, «Humo» тўлов тизимининг афзал эканини ҳам тушуниб етамиз. Чунки «Humo» халқаро тўлов тизимларига хос принципларга асосланган бўлиб, хусусан, PIN кодни киритмасдан тўловларни амалга ошириш имконининг мавжудлиги, контактсиз тўлов, мижозни идентификация қилмасдан карта ҳисобини масофадан бошқариш имконининг берилмаслиги каби қулайликлар барчамиз ўрганган тажрибадан мутлақо фарқ қилади. Фақат бу тизимнинг тўлиқ ишга тушиши учун маълум муддат талаб этилади.
Саъдулло ТУРСУНОВ
«Mahalla»
«Mahalla»



