Немис фашист газандалари билан бўлган, узоқ давом этган уруш суронлари Польшадан ўтиб, душман уясида давом этарди. Ўз ерида фашистлар ҳар бир қарич ер учун тиш-тирноғи билан қаршилик қиларди. Айниқса, Одер дарёсини кечиб ўтишдаги жанглар аёвсиз кечди. Собиқ иттифоқ армияси жангчилари душманга қақшатғич зарба берарди. Ниҳоят Рейхстаг устига ғалаба байроғи қадалиб, фашистлар Германияси таслим этилди. Бу Иккинчи жаҳон урушига қўйилган нуқта эди.Рауф Саноқулов ана шу жангу жадалларда иштирок этиб, ғалабага эришиб ўзи туғилиб ўсган Муртак қишлоғига кўкси орден-медалларга тўлган ҳолда кириб келди. Шу йили у Каттақўрғон шаҳриридаги ўқ,итувчилар тайёрлаш техникумини тугатгач, қишлокда бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ берди. Билимини ошириш учун интилган ўқитувчи А.Навоий номли Самарқанд Давлат университетининг филология факультетига сиртдан ўқишга кирди. Шу йили уни тумандаги 24 - (ҳозирги 53) мактабга таклиф этишди. Рауф Санақулов мактабда илмий ишлар буйича директор ўринбосари булиб ишлади. У мактабда тартиб интизом ўрнатиш, уқиш ва ўқитиш ишларини юксак поғонага кўтаришга ҳаракат қилди. Ёш ва малакали ўқитувчиларни танлаш, уларни билимини янада оширишга катта эътибор қаратди. Шу билан бирга ёшларга она тили ва адабиётдан дарс бериб, уларни келажакда етук ва билимли инсонлар бўлиб вояга етишларида фидокорона меҳнат қилди.
Ҳозирги доруломон кунларда уруш ва халк таълими фахрийси Р.Санақулов фарзандлари, 30 нафардан ошиқ невара-чеваралари бағрида турмуш ўртоғи Муқимтош момо билан қарилик гаштини суриб келмоқда.
- Уруш хотираларини эсласам қалбим ўртанади, - дейди Р.Санакулов, - қулоғимга тўпларнинг гумбур-гумбур овози эшитилгандай бўлиб, кўз ўнгимда шиддатли жангларда ёв билан мардларча курашиб ҳалок бўлган қуролдошларим гавдаланади. Мана биргина ўзим туғилиб вояга етган Муртак қишлогимиздан урушга 30 нафардан зиёд 18-19 ёшли йигитлар кетган эди. Урушга кетган ака-ука Шоди ва Расул Мусаевлар, Отабек Нарзиев, Абдураззоқ Санақулов, Ҳамдам Набиевлар жанг майдонларидан қайтишмади. Жалил Юсупов, Райим Ахмедов, Абдулло Холиқов, Қилич Икромов, Мажид Санақуловлар эса жангларда турли жароҳат олиб қайтишди. Даҳшатли уруш нафақат фронтдаги жангчиларга, балки уруш ортида қолган халқимизга ҳам осон бўлмаган. Илоҳим бундай урушлар бошқа бўлмасин. Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин.
Ҳаётидан розилик ҳисси яққол билиниб турган уруш ва меҳнат фахрийси, табаррук инсон Рауф бобо Саноқуловни Ғалабанинг 75 йиллиги билан самимий табриклаб қоламиз.
Файзулла ҳожи МУҲАММАДИЕВ.



