Ҳаммамизга маълумки, муҳтарам Президентимизнинг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида ҳар доимги маъруза ва нутқларида билдираётган таклифлари диққатга сазовордир.Халқаро экспертлар билан биргаликда олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, аҳолини муносиб турар жой билан таъминлаш мақсадида охирги уч йилда 104 мингта уй-жойлар қурилган. Жумладан, қишлоқларда 63 мингта ва шаҳарларда 41 мингта хонадонга мўлжалланган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилган. Шунга қарамай, ҳозирги кунда ўсиб бораётган аҳолининг талабини тўлиқ қондириш учун бу уй-жойлар етмайди десак, нотўғри бўлмайди. Буни жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда уй-жой масалалари билан боғлиқ мурожаатларнинг ҳаддан ортиқ кўп келиб тушаётганидан ҳам кўришимиз мумкин.
Кўпчилик аҳоли мурожаатларида қурилган уй-жойларнинг сифати талабга жавоб бермаслигидан, қурилган айрим мавзелар муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланмаганлигидан норозилиги баён этилган.Бу каби камчиликларнинг сабаби шундаки, арзон уйларнинг барқарор молиявий манбаси мавжуд бўлмай,асосан бюджет маблағларига боғланиб қолганлиги сабабли тизимда рақобат тўла шаклланмаган ва хусусий сектор иштироки етарли эмас эди. Шу боис Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли фармони қабул қилинди.Фармонда уй-жой қуриш бўйича бирмунча тажриба орттирган хусусий корхоналарни бу жараёнга жалб қилиш, мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга давлат томонидан керакли шарт-шароитларни яратиш асосий мақсад қилиб белгиланди. Шу сабабли жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилиши йўлга қўйилиб, уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилиши белгиланди. Яъни, давлат аҳолига ипотека кредитларини мақбул шароитларда бериш орқали уй-жойга талабни қўллаб-қувватлайди.
Янги тартиб бўйича давлат буюртмачи ҳисобланиб, лойиҳани ўзи тайёрлаб, уйни ўзи қурмайди. Балки, бу иш тўлиқ хусусий пудратчилар томонидан амалга оширилади. Кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун ер участкалари қишлоқ жойларда тендер савдоларида ютиб чиққан тадбиркорлик субъектларига беғараз ажратиб берилади.
Аҳолининг уй-жойга муҳтож қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жойлар мутлақо янги тартибда улар талабидан келиб чиққан ҳолда массив шаклида қурилади. Авваллари қишлоқ жойларида қурилаётган кўп қаватли арзон уйлар тарқоқ жойлашганлиги сабабли ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва уларни сақлаш харажатлари ҳамда инфратузилма объектларини (йўл, ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси) ўтказиш ишларига кўп миқдорда маблағ талаб этилган. Оқибатда қурилган уйларга узоқ муддат ўз харидорлари топилмасдан қоларди. Эндиликда эса, уй-жойлар вилоят ва туман (шаҳар) марказларига туташ ҳамда инфратузилма объектлари мавжуд ҳудудларда камида 200 та хонадондан иборат бўлган кўп қаватли уй-жой шаклида қурилади. Бу эса аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириб, инфратузилма харажатини камайтириш ва ерлардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Худди шунингдек, қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қурувчи тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган малака талабларидан, танлов савдоларини ўтказишда “қиймат — миқдор” мезонларидан фойдаланилади.Яъни, халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда қуриладиган уй-жойларнинг 1 квадрат метр нархидан келиб чиқиб танловлар ўтказилиши, соғлом рақобат муҳити шаклланишига, уйлар арзонлашишига олиб келади.
Баҳодир ҚАРШИЕВ,
вилоят ҳокимлиги Юридик хизмати
бош юрисконсульти.
вилоят ҳокимлиги Юридик хизмати
бош юрисконсульти.



