Президентимизнинг 2020 йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2020 йилнинг 1 майидан бошлаб барча ишловчи пенсионерлар (Давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи шахслардан ташқари)га пенсиялар тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали тўланиши белгиланди.Мазкур Фармон ҳамда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус Комиссиясининг 2020 йил 13 апрелдаги 18-сон қўшма йиғилиш қарорига мувофиқ ушбу санадан эътиборан республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар барча фуқароларнинг пенсия ва нафақалари тўлиқлигича банк карталарига ўтказиш орқали амалга оширилади.
Бунда, фуқароларга банк карталари АТ “Халқ банки” ёки бошқа тижорат банклари филиаллари орқали очилади ҳамда етказилади.
Жорий йил май ойида барча ишловчи пенсионерларга пенсия тўловлари апрель ва май ойлари учун тўловлар бир йўла тўланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги 866-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2010 йил 30 декабрда рўйҳатга олинган 2175-сонли Низомига мувофиқ, компенсациялар пенсия (нафақа) олиш жойида тўланиши белгиланган.
Шу муносабат билан, 2020 йил 1 май санасидан бошлаб корхона ва ташкилотлар томонидан ишловчи пенсионерларга пенсия, уй-жой коммунал тўловлари ҳамда ун ва нон компенсацияси учун Пенсия жамғармасига талабнома тақдим этилмаслигини маълум қиламиз.
Корхона ва ташкилотлар томонидан қуйидаги тўловлар учун талабнома тақдим этилиши мумкин:
- бола туғилганда бериладиган бир марталик (суюнчи) нафақа;
- вафоти муносабати билан дафн нафақаси;
- 16 ёшгача ногирон болаларнинг ота-оналарига қўшимча дам олиш кунлари ҳақининг тўланиши учун;
- пенсия ёшига етмаган, бироқ уй-жой коммунал тўловлари бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлганларга компенсация.
Шухрат ҚАМАРОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Cамарқанд шаҳар бўлими бошлиғи
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Cамарқанд шаҳар бўлими бошлиғи



