Оғзига келганни демоқ нодоннинг иши...

0 372

Ижтимоий тармоқларда “Каттақўрғон тумани Навбаҳор маҳалласида бир “отахон” 30 йилдан буён светсиз, газсиз ёлғиз ўзи лойсувоқ уйда яшаб келаяпти ва туманда ҳеч ким ундан хабар олмаган” деган мазмундаги видео лавҳа тарқалди.

Агар бу сохта “блогер” кўзини каттароқ очиб қараганда эди, бу кишининг яъни, Аҳмад Юсуповнинг Каттақўрғон туман Навбаҳор  маҳалласида эмас, балки Каттақўрғон шаҳар Оқ олтин маҳалласида яшашини биларди. Бу шахснинг ҳаёт тарзини батафсил ўрганганида эди, унинг қандай инсон эканини билиб оларди. Чунки, уч  марта уйланган бу кимсанинг худбинлиги, танбаллиги, спиртли ичимликка муккасидан кетганлиги, муштумзўрлиги туфайли, ҳатто оила аъзолари ҳам ундан безор бўлиб қочиб кетган. У рўзғор учун бир сўм пул топиб келиш ўрнига, аёлининг қўшниларнинг кирини ювиб, тўғри келган оғир юмушларини бажариб, болаларимни боқаман деб қийналиб топган пулини ҳам тортиб олиб, ичиб юборган. Хотини ва болаларининг ризқини қирқиб, тортиб олган пулларига  ҳар куни тўйгунича ичиб келиб, хотини ва фарзандларини аёвсиз калтаклаган. Ҳатто, ўз вақтида маҳалладан берилган ёрдам пулини ҳам рўзғорга сарфламасдан, охирги тийинигача ичиб тугатган. Уйини таъмирлаш  учун келтириб берилган қурилиш материалларини ҳам сотиб, “ичган”. У на қариндош-уруғнинг, на қўни-қўшнининг, на маҳалла-кўйнинг панду насиҳатига қулоқ тутади. Ароқхўрлик, муштумзўрлик қилиб юраверади. Ичиб олгандан кейин, унга яхшиликни тилаган одамларни ҳам ҳақорат қилиб, безорини чиқарган.

Бундай, онда-сонда учраб турадиган, ўзини-ўзи хор қилган  кимсаларни ёқлаб, дунёга жар солаётган сохта блогерлар ҳам афсуски учраб туриши ачинарли. Умри давомида на оиласига ва на жамиятга нафи теккан, бирор жойда тайинли ишламаган, томорқасига ҳам бир кетмон урмаган одамнинг асл башарасини кўришни ўзига эп кўрмаган блогер ҳақиқатга тик боққанида эди, подадан олдин чанг чиқармасди, бундай ёлғон маълумот билан аҳолини чалғитмасди.

Олдига қўйганни емак ҳайвоннинг иши,
Оғзига келганни демак нодоннинг иши.

Ҳазрат Навоийнинг ушбу ҳикматини бу нодон блогер ўқиб ва уқиб, ўзига хулоса чиқариб олса яхши  бўларди.

Эй, блогер қиёфасидаги нодон кимса!

Агар озгина инсофинг бўлса сен шу Навбаҳор маҳалласида бўлаётган хайрли ишларни, маҳалла аҳлининг бирлиги, бунёдкорлигини келиб ўз кўзинг билан кўр! Ёши 60 дан ошган бўлса-да, аёл боши билан маҳалла фуқаролар йиғини раислигини фидойилик билан бажариб келаётган опанинг ёнида бир кун юриб кўр! Мард, фидойи бўлсанг, виждонли, имонли бўлсанг тан ол – уч йил олдин Ўзбекистон қандай эди, энди қандай, уч йил олдин Каттақўрғон қандай эди – бугун қандай? Ижобий ишларни кўриш учун сал ақл-фаросати бор одамдан кўп нарса талаб қилинмайди. Фақат ҳақиқатга тик боқса бўлди. Халқ адолат топаяпти, халқ уйғонди, халқ ўз қўли билан ўз бахтини яратаяпти. Ҳар йили туманда юзлаб километр  йўл асфальтланмоқда, ундан кўпи таъмирланмоқда, неча юзлаб уйлар қурилмоқда, қанчадан-қанча йирик, ўрта, кичик бизнес лойиҳалари амалга оширилиб, уларда минглаб янги, доимий, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилмоқда.

Яқинда минглаб одам Бургансойга бориб бир кунда 40 гектар майдонда 12 мингдан ортиқ бодом кўчати экди. Туманнинг Қўшҳовуз ҳамда Энамяхши даштликларида ҳар бири 20 гектарлик лалми ер майдонларида ер остидан сув чиқарилиб, ток экилди ва камбағал оилаларга 50 сотихдан бўлиб берилгани қандай савобли иш. Аҳоли томорқаси ҳамда деҳқон хўжаликлари учун Фарғона водийсидан келтириб тарқатилган 120 минг туп энг сара мевалар кўчати-чи? Яна барча ишлаш нияти бўлган оилалар учун тупроқ шароити мос келадиган ҳудудларда ҳокимлик томонидан ер ҳайдалиб, пуштаси олиниб, дала бошига Польшадан келтирилган серҳосил ва бозорда қиммат қулупнай кўчатлари ҳосилидан пулини тўлаш шарти билан берилаётгани-чи? Қани ўша худбин лавҳа “қаҳрамони”, бир тийин харажатсиз ерга эгалик қилиб, озгина меҳнат қилсин, тўрт ойда даромадини олади. Шундай бўлса-да бу кишига кўрпа-тўшак берилиб, уйи тозаланиб, тартибга келтирилиб, дезинфекция  қилиб  берилди.

Биз муаммоларимиз ҳали кўплигини ҳам биламиз ва уларни четдан биров келиб, ечиб бермайди. Ўзимиз ақлу заковатимиз, кучимиз, ниятимиз ҳамда меҳнатимиз билан ҳал қиламиз. Бизда туманни қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли, комплекс ривожлантириш консепциясига асосланган режаларимиз бор. Агар ким қизиқиш билдирса, фаолиятимиз тўғрисида имкон қадар тўлиқ ахборот беришга тайёрмиз.


Оммавий ахборот воситаларининг барча йўналишида фаолият кўрсатаётган инсонлар, шу жумладан блогерлар билан ҳам ҳамкорликка тайёрмиз, зеро матбуот фаолиятимиз кўзгуси. Холис назар ва баҳо бўлса, кифоя. Эзгулик йўлидаги барча таклиф ҳамда ғояларни бажонидил қабул қиламиз, худди шунингдек ҳаққоний танқидни ҳам. Агар камчиликни аниқлашдан  мақсад уни тузатиш бўлса, аввал ўзимизга айтинг. Бажармасак ёки эътибор қаратмасак унда ҳақли равишда омманинг олдида “дўппосланг”, шунга лойиқ бўламиз. Бизнинг барча манзилларимиз – шахсий телефон, телеграмм, мессенжер ва ҳоказо ҳамма жойда эълон қилинган. Конструктив ҳамкорликка тайёрмиз.


Коронавирус балоси инсониятни ташвишга солган ушбу синов даврида майда негатив, арзон “сенсация”лардан кўра, бирликка, ҳамжиҳатликка, сабру қаноатга чорловчи, уйда ўтирган одамларнинг кайфиятини кўтарадиган лавҳа, мақолаларга эҳтиёж катта.


Барча қалам аҳлига чуқур ҳурмат билан Каттақўрғон туман ҳокими.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ