Муқаддас неъматга ношукурлик қилманг!

0 187

Инсон учун энг улуғ неъмат - бу ҳаёт неъматидир.  Ҳар бир инсон унга берилган бу ҳаёт неъматини давом эттириш учун ўзидаги бор имкониятни ишга солиши лозим бўлади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси хоҳ у ёш, хоҳ қари,  эркак ёки аёл бўлсин, жамиятнинг бошқа аъзолари ҳақ-ҳуқуқларини, биринчи навбатда уларнинг ҳаётларини ҳурмат қилишлари керак. Ислом дини кишиларга озор етказиш, уларни камситиш ёки уларнинг қонини ноҳақ тўкишни ман қилади. Бу энг улкан гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Инсон қонини ноҳақ тўкканлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азобу уқубатга гирифтор бўлади. Инсон фарзанди ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч қачон Аллоҳ таола томонидан берилган бу улуғ ҳаёт неъматига, яъни Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилиши мумкин эмас. Ҳар қандай ечилмайдиган масалани ҳам ечими топилади, унга фақат сабр қилиш ва йўл ахтариши керак бўлади. Шуни ҳар бир инсон билиши керакки, ўз жонига ўзи қасд қилишлик ҳам энг катта гуноҳлардан ҳисобланади. Бошқалар жонига суюқасд қилишликка йўл бўлмаганидан кейин, албатта, ўз жонига қасд қилишлик ҳам энг катта кечирилмас гуноҳдир. 
 
 Ислом дини барча мусулмонларни ўз ҳаётларини сақлашга, эҳтиёт қилишга буюради ва ўзини ҳалокатга ташлашдан қайтаради. Аллоҳ таола ўз каломи шарифида "Ўзларингизни ўзларингиз ҳалокатга ташламангизлар" (Бақара сураси, 196-оят) деб марҳамат қилади. Ўзининг жонига қасд қилганлар тўғрисида ислом шаъриатининг ўз фикрлари бор: ўзини ўзи ўлдириш энг улкан гуноҳ, энг оғир жиноят ҳисобланади. Жон меники, хохлаганимни қиламан, дейишлик Аллоҳ таола берган ҳаёт неъматига ношукурлик бўлади. 
 
 Минг афсуски, ҳозирги кунда оилавий келишмовчиликлар оқибатида ёшлар орасида, кўпгина хотин-қизлар орасида шунга ўхшаш кўнгилсиз воқеалар содир бўляпти. Ёшларимиз орасида ҳаётдан совиш, ўқишдан совиш, оилага эътиборсизлик ҳам кам эмас. Албатта, ҳар бир ота-она фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўймасдан, эътиборли бўлиб, бундай нохушликка сабаб бўлаётган ҳар бир ишдан огоҳ бўлиши лозим бўлади.  
 
 Асри саодатда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. масжидларига ўзини ўзи ўлдирган кишининг мурдасини олиб келганда, унга зажр учун жаноза намозини ўқишдан бош тортдилар. Аллоҳ таола бундай марҳамат қилади: "(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албата, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир" (Тагобун сураси, 11-оят). Демак, инсон фарзанди ҳар бир нарсани Аллоҳ таоладан деб билиши керак. Ҳақ таола ҳаммамизни ўз йўлидан адаштирмасин. Она-ватанимиз тинч-осойишта бўлсин. Халқимиз оилалари тинч, соғ-саломат бўлсин. Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, осойишталигига кўз тегмасин!


Бекназар ШАМУРОДОВ,
тумандаги " Ризвон бобо" масжиди ноиб имом хатиби.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ