Ичкиликбозлик ва... жазо

0 31

Ичкиликнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида кўп гапирилмоқда ва ёзилмоқда. Аммо… керакли тошнинг оғири йўқ, деган нақл бор. Чунки ичкилик оқибатида руй бераётган ҳодисалар оилаларга бахтсизлик ва кулфат олиб кирмоқда. Албатта, бу йўқотишлар нафақат битта оилага, балки жамиятга ҳам катта зарар келтиради...

Лекин, минг афсуски, орамизда ичкилик балосига мубтало бўлган, базм-давраларда, тўй-гаштакларда ёки тасодифий учрашувларда қўлларидаги шароб тўла қадаҳни бир-бирларининг соғлиғи учун кўтаришиб, ёнғин ичига кириб салқинламоқчи бўлган кимсаларга ўхшайдиганлар ҳали ҳам топилади.


Мана бир мисол: Тумандаги Нисбат маҳалласи Халфа қишлоғида яшовчи Д.Ж. ва Ғ.П.лар Пайшанба шаҳарчасидаги хусусий ошхоналардан бирида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда уйларига қайтиш вақтида Жумабой қишлоғида яшовчи фуқаро Муниса Юлдашевани уйига келиб, шу ерда унга ҳеч бир сабабсиз турли уятли сўзларни айтиб, осойишталигини бузишади. Уй эгасининг уларни тинчлантиришга бўлган уринишлари, уйига кетишини сўрашлари жавобсиз қолади.


Шу орқали муқаддам жамоат жойида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганлиги сабабли жарима жазосига тортилган Д.Ж. ва биринчи марта бу жиноятга қўл урган Ғ.П.лар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси ва 187-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилишган.


Каттақўрғон туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида суд ҳуқуқбузарлар Д.Ж. ва Ғ.П.ларни айбли деб топиб, уларнинг ҳар бирига 5 (беш) суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.


Юқоридагилардан керакли хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.


Спиртли ичимликларни хурмачадан тошгунча ичиш тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам ҳеч кимга фойда келтирмаган. Мастлик инсонни жаҳолатга элтиб, ҳатто инсонийлик қиёфасини йўқотиши мумкин. Бунга юқоридаги воқеа яна бир мисол бўла олади.


 Биз эса жимжимадор қадаҳларга қуйилаётган "шайтон суви"ни "соғлик учун" кўтараётганлар унинг мудҳиш оқибатлари тўғрисида чуқурроқ ўйлаб кўришларини истардик.

Санжар Солиев,
Каттақўрғон туман 
маъмурий суди раиси. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ