Коррупционернинг “шукроналик” тўйи (фельетон)

0 234

Кимнинг тўйи қандоқ бўлишини “Таклифнома”сидан билса бўлади. Ишхонамга ташлаб кетилган бир “Таклифнома”ни санъат асари дегим келди. Ғоят ялтироқ қоғоздан нур таралиб турганга ўхшайди. Демак, тўйи шунга яраша бўлади! 

Тўй соҳиби Бойтўра Бойбобоев (исм-фамилиясини ўзгартириб ёзмасак бўлмади, эртага кўз-кўзга тушиши бор...) “Шукроналик тўйи”га таклиф этибди. Манзилига қарадим, шаҳримиздаги энг ҳашаматли тўйхонада бўлар экан! 
Катта амалдор ва қўша-қўша ресторани, бензин шахобчалари бўлган бу бойвачча ўтган йили коррупцияда айбланиб, узоқ муддатга қамалиб кетгани, ноқонуний ресторан-у бензин шахобчалари мусодара қилингани ҳақида ваҳимали гаплар эшитгандик. Унинг нуроний ота-онаси, бола-чақаларига ачингандим. Бугун “Таклифнома”сини кўриб ҳайрон бўлдим. Бир йилда “қутулиб” келибдими ё оила аъзолари бирор тўйига унинг номидан таклиф қилишдими?
Саволимга дабдабали тўйга борганда жавоб топдим. 
Тўйхона остонасида бизга яхши таниш Бойтўра Бойбобоев турнақатор бўлиб киришаётган аксарият меҳмонлар қўлидан зарбоф тўнлар, нақшинкор гиламлар-у қимматбаҳо совғаларни эҳтиром ила қабул қилиб оларди. Ҳар бир меҳмон совғасини, кимлардир даста-даста “тўёна”сини топширар экан, “Муборак бўлсин!”, “Хизматлар яхши бўлдими?” дея олқишлар, тўй соҳиби виқор билан “Қуллуқ, қуллуқ” деб қўярди... 
Серсовға, сертўёна меҳмонлар орасида камина ғарибгина эканлигимдан хижолат тортдим. Бойтўра билан қандоқ сўрашишга ҳам каловланиб турган эдим, ўзи менга кўзи тушиши ҳамоно қучоғини катта очганча ўша эски “ашула”сини бошлаб юборса, денг. “Э-ҳа, мухбир – тошотар оғайнимизга саломлар!” 
Қизиқ, у қамоқдан келган одамга асло ўхшамас, гўё фазогирлар қатори ўзга сайёрани кашф этиб осмондан тушгандек бахтиёр эди! Тўйга ташриф буюрганларнинг кайфияти ҳам шунга монанддек... 
Яқин орада бунақа дабдабали тўйни кўрмаган эдим. Ўртакашдан тотиб табрик учун сўз олганлар уни шу қадар кўкларга кўтариб мақтар, олқишлар эдики, нақ замонамиз қаҳрамонига чиқариб қўйишарди. 
Ана сизга “замона зайли”... 
Биз қишлоқда бошқача тарбия олиб улғайганмиз. Ҳамманинг кўзи кўзига тушиб яшайдиган қишлоқда ўғри ёки порахўр дея номи чиққанлар яшай олмайди. Ёмонотлиқ, юзиқаро бўлдими, яхшиси, бошқа ёққа кўчиб кетади. Чунки, уни кўрганлар унга нафрат билан қарайди, одам сонига қўшмай қўяди. Болалар эса, қишлоқни бошига кўтариб “қамоқдан чиққан бандит!” деб жар солишади. Ҳатто, турмуш ўртоғига “порахўрнинг хотини”, фарзандларига “ўғрининг боласи” деб таъна қиладиганлар кам бўлмайди... 
Унинг узоқларга кўчиб кетишдан ўзга чораси қолмайди. Тавбасига таянган банда бу номаъқулчиликни бошқа қилмайдиган бўлади. Қўним топган жойида ҳам юзи қора бўлишини, оиласига, бола-чақасига иснод келтиришни истамайди.
Қишлоқликларнинг ўғри, порахўрларга нисбатан бунақа муносабатлари кимларгадир эриш туюлар, уларни маданиятсизликда айблашар, бироқ, эътибор билан қарасангиз – асл жамоатчилик назорати шу эмасми! Қаранг, қандоқ самарали назорат! Ўғрини – ўғри, порахўрни – порахўр бўлганига пушаймон қилдиради! Шу тариқа ҳамма ҳарёқдан тарбиялайди!
Демак, коррупцияга қарши курашни кучайтиришда беғубор қишлоқликларнинг ана шу “тажриба”сидан андоза олиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Ҳар куни, ҳар қадамда коррупционерларни кўз очирмасак, биз ҳам бу борада ғолиб қишлоқликларга тенглашармидик!..
Қанийди уларнинг суратларини кулгили карикатуралар қилиб, маҳалла-кўйларига, ишхоналарига илиб қўя олсак! Токи, қишлоқда ўғри, порахўрлар бош кўтара олмагани каби бу коррупция ботқоғига ботганлар ҳам без бўлиб юра олмаса…
Бадабанг тўйда бир ҳолда ўтирар эканман, “мухбир – тошотарлигим” тутиб кетарди. Қанийди, тўйнинг ўртасида пешонасига тош ота олсам, яъни, микрафонни шартта қўлимга олсам-у... у ёғини айтишга тилим, ёзишга қўлим бормайди... 
Бу кетишда унақалар қилмишига пушмон қиладими? Билъакс, ўзини қаҳрамондек ҳис этиб, баттар бўлади-ку... Бир кун яна имкон туғилгани ҳамоно ҳеч нарса кўрмагандек харом-хариш ишларини давом эттираверади.
Демак, бунга ўзимиз айбдор. Порахўр мақтаниб қилаётган “Шукроналик тўйи”га бориш – жиноятига шерик бўлиш билан баробар-ку. 
Бу фикрларимизни ўқиганлар, “хато қилган бўлса, жазосини олди, шу етади”, деб хомтама бўлишади. Хўш, жазосини олганига яраша тавба-тазарру қилдими? Бошқа шундай жиноятга қўл урмаслигига ишонасизми?
Коррупцияга қарши курашишда оқкўнгил ва доно халқимиз ғоят самарали кураш усулини яратиб қўйган. Яъни, юқорида қайд этганимдек, қишлоқ аҳлининг “ўғри, порахўр!” деб туриши, улардан юз ўгириши – энг самарали кураш усулидир. Ундан андоза олиб коррупция ботқоғига ботган порахўрлар ҳақида биз ҳам телекўрсатувларимиз, радиоэшиттиришларимиз, газеталаримиз орқали муттасил бонг уриб туришимиз мақсадга мувофиқдир.
Соддадил қишлоқликлар “ана, ўғри, порахўр!” деганларига ўхшатиб биз ҳам шунақаларни кўрганда “коррупционер!” дея изза қилсак, балки кўзи очилар. Токи, бундай манфур кимсалар маҳаллаларимизда бош кўтариб юра олмаса, оиласи олдида ҳам юзи шувит бўлиб, қадди букилса, тўғри йўлга кирармикин?..
Хўш, Сиз бунга нима дейсиз?

Тўлқин ЭШБЕК




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ