Каттақўрғон тумани: Ўзгариш ва янгиланишлардан одамлар мамнун

0 928

Каттақўрғон тумани ҳудудидан оқиб ўтадиган Қорадарё ва Оқдарё бўйларидаги экин майдонларида пахта, ғалла ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Бу ҳудуддаги миришкор деҳқону соҳибкорларнинг ғайрат-шижоати ҳамиша эътироф этиб келинади.

Туман далаларига баҳор чоғида ташриф буюрсангиз, дарахтлари оппоқ гулларга бурканган бўлади. Ёзу кузда улар шиғил меваларини офтобда тоблаб жилоланади. Каттақўрғонлик бобо-деҳқонлар кўкламу ёзу кузда ҳам, ҳатто қиш фаслида ҳам ором билишмайди. Бир қарасангиз улар кетмонини елкасига ташлаб, даласига шошилаётган, ғўзасига ишлов бераётган, ғалласини саранжомлаётган, пахтасини териб олаётган, ерини келгуси йил ҳосили учун тайёрлаётган бўлади.


Пишиқчилик вақтида эса деҳқону соҳибкорни атрофда бемалол ястаниб ётган мевазорларига мамнун боқаётган, ҳосилни йиғиштириб олаётган ҳолда учратасиз.


 Хуллас, Каттақўрғон далаларида ҳар фаслнинг ўз саховати, одамларининг эса ажиб хислатлари бор.


Туман меҳнаткашларининг мустақиллик даврида амалга оширган ишлари, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда эришган ютуқлари ҳақида кўплаб фикрлар билдириш мумкин. Бироқ кўплаб қишлоқларда, ҳатто, туман марказида эътиборни тортадиган замонавий иншоотлар, дам олиш масканлари, спорт майдонлари ва бошқа муассасалар саноқли эди. Йўллар ҳам таъмирталаб бўлиб қолганди. Бугун эса, бир пайтлардаги эски, пастқам иморатлар ўрнини замонавий ва шинам бинолар эгалламоқда. Янги замон талабларига мос мактаблар, тиббиёт, мактабгача таълим муассасалари, маҳалла марказлари, турли хизмат шохобчалари қад ростламоқда. Айниқса, туман марказидаги равон, кенг йўл, ундаги тунги чароғонлик, ранг-баранг нурлар кишига завқ беради.


Мустақиликнинг дастлабки йилларида, ҳатто икки мингинчи йиллар бошларида ҳам бу ерда қўшма корхоналар барпо этиш, иқтисодиётга хориж сармоясини жалб этиш борасида бирор бир иш қилинмаганди. Бугун эса саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Ҳаттоки, хусусий корхоналар ўз маҳсулотларини экспорт қила бошлади.


Туман аҳолисининг асосий машғулоти энди қишлоқ хўжалигининг бир неча соҳаларигина эмас. Бу ҳудудда тадбиркорликка кенг йўл очилгани боис ҳунармандчилик жадал ривожланди, энг муҳими, аҳоли ўз турмуш фаровонлигини ўз кучи, ақл-заковоти билан яратиш мумкинлигига амалда гувоҳ бўлмоқда.


Пилла, ғалла, пахта, мева-сабзавот етиштириш борасида туман меҳнаткашлари катта тажрибага эга. Бу соҳалардаги белгиланган режалар доимий ортиғи билан бажарилиб келинаяпти. Паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик соҳаларида ҳам бир қатор ютуқларга эришилаяпти. Қишлоқларда иссиқхоналар кўпайтирилиб, қишда ҳам эл дастурхонига турли сабзавот, кўкат ва бошқа ноз-неъматлар етказиб берилмоқда.


Жумладан, ўтган йили туманда 1886,3 тонна балиқ етиштирилди. Айни пайтда 82 та балиқчилик фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларга 436 гектар ер майдони ажратилган. Ана шу майдоннинг 332 гектарида ҳавзалар яратилган. Бу ҳавзаларда 4002 тонна балиқ боқиш режалаштирилган.


2019 йилда балиқчилик бўйича 9 та лойиҳа амалга оширилди. Туман ҳокимининг қарори билан бу ишлар учун 41 гектар ер ажратилди. Лойиҳалар тадбиркорлар ва банк кредити ҳисобидан ишга туширилди. Эндиликда фермерлар бир неча балиқ турини ҳавзаларда парваришлаш ишини йўлга қўйишган.


Туманда 18 гектар ер майдони замонавий иссиқхоналар барпо этишга бел боғлаган тадбиркорлар ихтиёрига берилди. Ишлаб чиқилган 7 миллион 329 минг долларлик 5 та лойиҳа ана шу майдонларда жойлаштирилди. Эндиликда эса бу иссиқхоналарда ҳар йили ўртача 2000 тонна маҳсулот етиштирилади. Уларда 110 та янги иш ўрни яратилишини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.


Зайнаб БЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, тумандаги

20-умумтаълим мактаби директори:

- Маълумки, ўқитувчининг энг асосий вазифаси таълим сифатини яхшилашдан иборат. Бунинг учун эса педагогнинг ўзи билимли, маънавияти юксак, давр талабини яхши англаган, ташаббускор бўлиши керак. Давр бугун ўқитувчидан тинимсиз изланишни, билим даражасини доимий равишда ошириб боришни тақозо қилмоқда. Соҳада ўқитувчилар учун барча имкониятлар яратилиб берилган бир пайтда бу жуда муҳимдир.
2018 йилда мактабимиз учун давлат дастури асосида 120 ўринли янги замонавий бино қуриладиган бўлди. Бунинг учун 1 миллиард 450 миллион сўм маблағ ажратилди. Бинонинг пойдевори қўйилаётган бир пайтда туманимиз ҳокими Аъзамхон Баҳромов мактабимизга келиб, қурилиш ишлари билан танишди. Биз ҳокимга мактаб фаолияти, янги бино ўқувчиларимиз учун бироз торлик қилиши ҳақида гапириб бердик. Вазиятни тўғри англаган ҳоким мактаб учун қуриладиган ушбу бинони имкон қадар кенгайтиришга, бунинг учун зарур бўлган қўшимча харажатлар маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қопланишини айтди. Ҳокимимизнинг бундай ташаббусини вилоят ҳокими ҳам қўллаб-қувватлади. Натижада маҳаллий бюджетдан мактаб қурилишига яна 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шу тариқа янги замонавий, ҳамма шароитларга эга бўлган 340 ўринли икки қаватли бино қад ростлади.

Айни пайтда мактабимизда 655 нафар ўқувчига 45 нафар малакали ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Аҳамиятли жиҳати, мактабимизда барча фанлар бўйича малакали ўқитувчиларнинг етарли эканлигидир.


Ҳамма талабларга жавоб берадиган 12х24 ҳажмдаги спорт залига эгамиз. У Болалар спорти жамғармаси маблағи ҳисобидан қуриб берилган эди. Шунингдек, мактабда бир неча йўналишда тўгараклар ишлаб турибди. Ота-оналар таклифлари асосида ташкил этилган миллий кураш тўгараги ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Сабаби, ўқувчиларимиз спортнинг бу тури бўйича мусобақаларда муваффақият қозонмоқда. Улар яқинда кураш бўйича вилоятда биринчиликни эгаллашди. Ҳозир республика босқичида иштирок этиш учун жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.


Яратилган шароитлар, мавжуд имкониятлар ўқувчиларимизнинг пухта билим олиши, уларнинг туман, вилоят миқёсидаги бир қатор тадбирларда, жумладан, фан олимпиадаларида ғолиблар сафидан ўрин эгаллашларига хизмат қилмоқда. 2018-2019-ўқув йилида билим даргоҳимизни битирган ўқувчиларимизнинг 6 нафари республикамиз олий ўқув юртлари талабаларига айланди.


Марям НИЁЗОВА,

"Кумуш тола" хусусий корхонаси директори, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги 

ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

- Ота-боболаримиз ипак қуртини бежиз етти хазинанинг бири, дейишмаган. Пиллачиликсиз тўқимачилик саноати ривожини тасаввур этиш қийин. Ипак мато тўқимачилиги қадимий соҳа. Асосийси, Ўзбекистон ипагига иштиёқманд хорижлик харидорлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда.

 Корхонамиз томонидан бу йилги пилла ҳисобидан ҳозиргача 350 минг АҚШ доллари миқдоридаги 14 тонна ипак момиғи ва 680 минг АҚШ долларига тенг 17,9 тонна ипак толаси Хитой ва Эрон давлатларига экспорт қилинди.


 Жорий йилда тумандаги 4626 хонадонда пилла етиштирилди. Жами 338,7 тонна пилла хирмони яратилди. Ана шу хомашёни тўлалигича ўз корхонамизда қайта ишлаш ниятидамиз. Бу эса шубҳасиз, экспорт салоҳиятимизнинг янада ошиши, ишчи-хизматчиларимиз турмуш тарзининг фаровонлашувига хизмат қилади.


Жорий йил бошида туманда 369 гектар тутзор мавжуд эди. Йил давомида яна 572 минг туп тут кўчати экилди. Келгуси йилда эса яна 100 гектар тутзор барпо этишни режалаштирганмиз. Бундай ҳаракатлар соҳани ривожлантириш борасида муҳим ўрин тутади, албатта.


Корхонамизда 100 дан зиёд ишчи замонавий дастгоҳларда меҳнат қилади. Пилла мавсумида олинган хомашёни илгари бошқа республикаларга жўнатардик. Бугун эса уни тўлиқ ўзимизда қайта ишлаяпмиз. Бунинг учун етарли имкониятга эгамиз.


Яқинда корхонамиз негизида сиғими 100 тоннали замонавий совутгичли омборхона қурилди. Унинг умумий қиймати 780 миллион сўмни ташкил этди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши учун зарур бўлган маблағни тўлиғича ўз ҳисобимиздан сарфладик. Шу ҳисобдан 3 та доимий иш ўрни очилди.


Олимжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

туман тиббиёт бирлашмаси

 бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди:

- Туман аҳолисига 330 ўринли марказий шифохона, бир иш кунида 450 бемор қабул қилиш қувватига эга бўлган кўп тармоқли марказий поликлиника, 3 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 9 та қишлоқ врачлик пункти тиббий хизмат кўрсатади. Тиббиёт бирлашмаси тизимидаги даволаш профилактика муассасаларига мурожаат ва қатновлар электрон база орқали амалга оширилади.

Каттаминг ва Мойбулоқ қишлоқ оилавий поликлиникаларини капитал таъмирлаш учун ҳар бирига 600 миллион сўмдан маблағ ажратилганди. Лекин туман ҳокимлиги ёрдами билан ҳар бир муассаса учун яна 100 миллион сўмдан қўшимча маблағ берилди. Натижада бу оилавий поликлиникалар таъмирланибгина қолмай, тўлиқ янги жиҳозлар билан таъминланди.


Сув ҳовузи ва Каттаминг қишлоқ оилавий поликлиникалари, Қирғиз, Қорадарё, Янгиқўрғонча қишлоқ врачлик пунктларида сув муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётганди. Яқинда ана шу тиббиёт муассасаларида сув билан таъминловчи қудуқлар қазилиб, мавжуд муаммолар ҳал этилди.


Мойбулоқ қишлоқ врачлик пунктида ҳам шундай муаммога чек қўйилди. Бу ерда 160 метр чуқурликдан тоза ичимлик суви чиқарилди.


Сув ҳовузи қишлоқ врачлик пунктига қарашли Қоракўлча ПАПида 70 миллион сўмлик, Зарафшон ҚВПсида 350 милион сўмлик жорий таъмирлаш ишлари якунланди. Чўянчи ҚВПда 24 миллион сўмлик замонавий иссиқлик тизими қайтадан таъмирланди, Ойжон ҚВПсида 40 миллион сўмлик том қисми ёпилиб, 24 миллион сўмлик замонавий иссиқлик тизими қайта таъмирланди.


Ўн йиллардан буён тиббиёт бирлашмасининг болалар ва терапия бўлимларини қуриш давлат дастурига киритилмай, "отангга бор, онангга бор" қабилида иш тутилаётган эди. Туман ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан бу бўлимлар учун Кадан қўрғони ҳудудида 80 ва 40 ўринли янги бинолар барпо этилди. Бунинг учун 4,5 миллиард сўмлик иш бажарилди. Бўлимлар 2 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминланди.


Туғуруқ комплекси, шошилинч тиббий ёрдам ва бўлимдаги жарроҳлик столлари ҳам янгиланди.


Тоштурди АЛҚАРОВ,

туман мактабгача таълим 

бўлимининг мудири:

- Туманимиз қишлоқларида 2018 йилгача 44 та болалар боғчаси мавжуд эди. Бугун эса бундай таълим муассасалари сони 58 тага етди. Айни пайтда давлат-хусусий шерикчилик ҳамда оилавий нодавлат таълим муассасалари ташкил этиш борасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 апрелдаги "Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2018 йил 30 июлдаги "Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қишлоқларимиздаги мактабгача таълим муассасаларининг янада кўпайишига, мавжудларида эса кичкинтойлар учун шарт-шароитларни янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Жорий йил бошида "Миттижон" номли 50 ўринлик хусусий ва яна бир 50 ўринли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги МТТ ишга туширилди.


Нодавлат (хусусий) мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш истагида бўлган тадбиркор Икром Усмонов томонидан ўтган йилнинг охирида "Мирзо Улуғбек" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 50 ўринли боғча қурилиши, қиймати 1 миллиард сўм бўлган МТТ биносида бунёдкорлик ишлари қисқа муддатда ниҳоясига етказилди. Яқинда "Миттижон" деб номланган ушбу болажонлар масканининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда туманимиз ҳокими Аъзамхон Баҳромов, иштирок этиб, мактабгача таълим муассасаларини бунёд этиш изчил давом этишини айтди.


Дарҳақиқат, бундай ишларни давом эттириш ҳаёт талаби, мамлакатимиз сиёсатининг бугунги талаби. Каттақўрғон туманида бошқа соҳаларда ҳам қилинадиган ишлар оз эмас. Энг муҳими одамлар тумандаги бугунги ўзгариш ва янгиланишлардан мамнун, эртанги кундан умидлари янада катта.

Абдурасул САТТОРОВ,

Жаҳонгир САФАРОВ.

("Ўзбекистон овози" газетасининг 100-сонидан олинди).




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ