Конституция — истиқлолимиз посбони

0 84

Шу кунларда барчамиз тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма етти йиллигини нишонлаш тараддудидамиз. Қалбимизда фахр-ифтихор, ғурур ҳамда байрам шукуҳи жўш урмоқда. 

1992 йилнинг 8 декабрь санасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Уни ишлаб чиқишда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлик қилган бўлса, муҳокамаси ва такомиллаштирилишида бутун халқимиз иштирок этди.

Қомусда умумэътироф этилган халқаро нормалар, ривожланган хорижий давлатларнинг ҳуқуқий тажрибаси ҳамда ўзбек давлат тарихчилиги анъаналари, кўп асрлик миллий урф-одатларимиз, буюк аждодларимизнинг тарихий билими ва инсонпарварлик ғоялари чуқур сингдирилди.


Жумладан, Конституциямизнинг 2-моддасида Ўзбекистоннинг инсонпарварлик, демократик, ҳуқуқий давлат шаклидаги сифатлари, халқимизнинг иродаси, манфаатлари, руҳияти, ижтимоий онги, маънавияти акс эттирилган. Ундан жой олган, «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдир» каби сатрлар маънавиятимизнинг ажралмас ва узвий шартлари бўлиб, миллий тараққиётимизнинг нурли йўлини белгилаб берди. Унда инсон шаъни, қадр-қиммати, манфаати олий қадрият сифатида ҳуқуқий асосга эга бўлди.
Ўтган давр мобайнида халқимиз ҳам сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг миллий давлатчилигимизда тутган ўрни нақадар мустаҳкам эканлигига, у халқаро талабларга ҳар томонлама мос келишига ишонч ҳосил қилди. Хусусан, юртимизда ўтказилаётган барча турдаги сайлов тадбирлари фикримизнинг ёрқин далилидир. Уларда фуқаролар ўзларининг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан эркин фойдаланиб, ватанимиз, халқимиз ҳаётидаги муҳим воқеанинг фаол иштирокчиси сифатида тараққиёт йўлимизни янада мустаҳкамлашга, Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишга, шу мақсад йўлида халқни бирлаштиришга қодир, деб билган муносиб номзодларга овоз беришмоқда.
Бош Қомусимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш асалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра ҳар ким эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Бугун давлатимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлини баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани – буларнинг барчаси Конституциямизнинг асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, тамойил ва нормаларнинг рўёси, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Бу эса ўз навбатида биздан янада масъулиятли, Қомусимизда акс этган юксак ғояларимизга содиқ бўлишни тақозо қилади. Шу боис, уни чуқур ўрганиш, ҳаётимизнинг дастуруламалига айлантириш ва шу аснода ҳуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқариш барчамизнинг бурчимиздир.


А. Орзиқулов.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ