Гижжа – саломатлик кушандаси

0 26

Гижжа инсоннинг энг ашаддий душмани ҳисобланади. Унинг ҳозирги кунда 200дан ортиқ турлари мавжуд. Гижжаларнинг аксарият турлари одамнинг ошқозон ичак йўлида паразитлик қилади. Ошқозон ичак йўлида паразитлик қилувчи гижжаларнинг узунлиги турига қараб 6 мм.дан 4-6 метр, ҳаттоки ундан узун бўлиши мумкин.

Гижжаларнинг баъзи турлари эса одамнинг жигари, ўт халтаси, ўпка, мия ва мушак тўқималарида паразитлик қилиб яшайди, улар йиллар давомида катталашиб, аъзо ва тўқималарнинг фаолиятларини бузилишига олиб келиши мумкин.
Гижжалар организм учун зарур бўлган витамин, оқсил, углеводларни ҳамда кальций, йод каби бошқа керакли элементларни ўзлаштиради. Шунинг учун гижжа касаллигига чалинган одам қувватсиз, рангпар бўлиб қолади. Организмни ўсиши ва ривожланиши учун зарур озиқ модда ва элементларнинг етишмаслиги оқибатида болалар жисмоний ўсишдан орқада қоладилар.
Ақлий ривожланиш сусаяди. Билимларни ўзлаштиришни эслаб қолиши қийинлашади. Организмнинг курашувчанлиги (иммунитети) пасайиб, турли хил юқумли касалликларга мойиллиги ошади. Суяклар мўртлашиб, умуртқа поғонаси қийшайиши каби ҳолатларга, шунингдек терида оқ доғлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Агар бола овқатланишдан қатъий назар озиб кетса, ранглари оқариб нимжон бўлиб қолса, асабийлашадиган бўлса, инжиқланса, ухлаганда тишларини ғижирлатса ва оғзидан кўп сўлак оқса, қорин оғриса, кўнгли айниса зудлик билан врачга мурожаат этиши зарур.
Касалликдан соғайиш учун, албатта, қайси гижжа касаллигини юқтирганлигини аниқлаш ҳамда даволанишни тўғри ташкил этиш жуда муҳимдир. 1 кишида бир вақтнинг ўзида бир неча гижжа касаллиги бўлиши мумкин.
Гижжа касаллигига чалинмаслик учун, ҳожатдан сўнг, овқатланишдан олдин ва юмушлардан кейин қўлларни совунлаб ювинг, мева ва сабзавотларни яхшилаб ювиб истеъмол қилинг, фақат қайнатилган сувни истеъмол қилишга одатланинг, болаларнинг бир-бирларининг ички кийимларидан фойдаланмасликка ўргатинг, уларда қўлни, ўйинчоқларни ва бошқа нарсаларни оғзига солиш, тирноқларни тишлаш каби ярамас одатларни шаклланишига йўл қўйманг, тирноқларни доимо олиб юринг. Ушбу қоидалар риоя қилсангиз соғлом бўласиз.

Камола ҲАСАНОВА,

 врач-паразитолог




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ