«Пахтада режа бежарилмаса-да, фермерлар фойда билан чиқишди» — Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари сарҳисоби

0 31

Самарқанд вилоят матбуот уйида қишлоқ хўжалиги соҳасида 2019 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Абдумажид Нурқуловнинг қисқача ҳисоботи тингланди, дея хабар берди Kun.uz мухбири Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ.


«Гарчи йил ёғингарчиликларга бой бўлган бўлса-да, вилоятда қишлоқ хўжалигида қувонарли натижаларга эришдик», деб гап бошлади вилоят ҳокими ўринбосари.


Маълум қилинишича, вилоятда 429 минг гектар ҳайдалиб суғорилиб экиладиган майдонлар бўлиб, уларнинг 247 минг гектари суғориладиган, 187 минг гектари лалми ер майдонлари ҳисобланади.
Айни пайтда вилоятда ер майдонларда экинлар жойлаштириш пастдан юқорига қараб, яъни фермер хўжаликларининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб амалга оширилаётганига урғу берилди.
Вилоятдаги экин майдонларининг 32 фоизига пахта, 42 фоизига ғалла, қолган қисмига ем-хашак, мойли ўсимликлар ва дуккаклилар экиб келинмоқда.
Вилоят ҳокими ўринбосари экстенсив ҳосил олиш ўрнига интенсив йўлга ўтилаётгани ҳам қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан бири эканлигини урғулади.
Чунончи, 47 минг гектар интенсив боғлар барпо этилгани ва улардан 15 минг гектарида томчилатиб суғориш йўлга қўйилгани, илк бор пахтачиликда ҳам 20 минг гектарда ғўза интенсив усулда парваришлангани ва 4800 гектар майдонда томчилатиб суғориш йўлга қўйилгани ва бундай майдонларда ҳосилдорлик гектаридан 35 центнерни ташкил этгани, технологияни такомиллаштириш билан бундай экин майдонларида ҳосилдорликни 50-60 центнерга етказиш истиқболи мавжудлиги қайд этилди.
Пахтачиликда эришилган натижалар ҳақида гапирар экан, А.Нурқулов гарчи апрель ойи серёғин келиши оқибатида, чигит экиш кечикиб, белгиланган режа 90 фоизга уддаланган бўлса-да, фермерлар 103 миллиард сўм фойда қилишганини таъкидлади. Пахтачиликда галдаги вазифа қўл теримини камайтириб, пахта териш машиналари хизматидан кенгроқ фойдаланиш экани айтилди. Пахтачиликда кластер тизимига ўтишни янада мукаммаллаштириш лозимлигига урғу қаратилди.
Вилоятда шу йил 103 минг гектарда 372 минг тонна бошоқли дон етиштирилган, бу хирмоннинг 35 минг тоннасини уруғлик дон ташкил этади. Ҳосилдорлик ўртача 60 центнерни ташкил этган. Ғалла илк бор сеялкалар ёрдамида экилгани ҳам бунда муҳим омил бўлган.
Пиллачиликда вилоятда 2900 тонналик марра эгалланган. Уни қайта ишлаш натижасида 8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ўтган йилги кўрсаткич 1,5 миллион доллар бўлганининг ўзиёқ соҳада ўсиш юз берганини кўрсатиб турибди. Пиллачиликда 7та қайта ишлаш корхоналари кластер тизимида фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда пилла 60 фоиз маҳаллий уруғлардан етиштирилган бўлса, келгуси йилда 100 фоиз ўзимизда етиштирилган уруғлардан фойдаланилади.
Тутзорларни кенгайтириш юзасидан ҳам катта режалар белгиланган. Дарё, каналларнинг муҳофаза зоналарида 100 гектар шоҳтут ва 100 гектар балхи тут экилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг учун 10 миллион дона тут кўчатлари ўтқазилади.
Сабзавотчилик соҳасида 1 миллион 100 минг тонна сабзавотлар етиштириш мўлжалланмоқда. Кечки ҳосиллар ҳали далаларда турибди. Айни пайтда вилоятда етиштирилаётган сабзавотларнинг бор-йўғи 11,5 фоизи қайта ишланмоқда. 2020 йилда 367 минг тонна сабзавотни қайта ишлашга мўлжалланган лойиҳаларни ишга тушириш режаси бор.
Умуман, келгуси йилда 400 миллион доллар хорижий инвестициялардан 70 фоизини қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтириш режалаштирилган.
Сабзавот, гўшт-сут, парранда гўшти ва тухум вилоят аҳолиси эҳтиёжидан бир неча карра кўпроқ етиштирилмоқда. Етиштирилаётган сутнинг 21,5 фоизи қайта ишланмоқда. Вилоятда йилига 1 миллиард дона тухум етиштирилмоқда.
45 минг бош қуён рўйхатга олинган. Ургут туманида зотдор қуёнларни етиштириш мақсадида Италиядан 1000 бош қуён келтириш юзасидан музокаралар давом этмоқда.
Айни пайтда вилоятда балиқ ва асал етиштиришда оқсаш кузатилмоқда. Ҳозир 11 минг гектар сунъий ҳавзаларда балиқ етиштирилмоқда. Вазиятни ўнглаш учун 2020 йилда 106 гектар кўлларда интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Бу усул гектарида 100-150 тонна маҳсулот олиш имконини беради.
«Самарқанд вилоятида 1 млн 538 минг бош чорва ҳисобга олинган. Бироқ уларда насл сифати яхшимас. Галдаги вазифа чорва моллари наслини яхшилаш», — дейди А.Нурқулов.
2020-2021 йилларда 817 минг бош сигирнинг наслини яхшилаш вазифаси қўйилган. Фермерлар 100 фоиз наслдор чорва боқишга ўтади. Асосан аҳоли қўлидаги сигирларнинг 480-500 минг бошини ҳам наслдор зотларга айлантириш устида иш бошланган. Бунинг учун 5700 бош зотдор моллар келтирилмоқда.
Вилоятда 438та сунъий қочириш пунктлари мавжуд бўлиб, уларда 110 нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда.
Вилоятда 38 минг гектар боғлар бор. Уларнинг 11 минг гектари аҳоли, 27 минг гектари фермер хўжаликлари тасарруфида. Самарасиз боғлар 17 минг гектарни ташкил этади. Уларни бузиб, интенсив боғларга айлантириш устида иш кетмоқда.
Матбуот анжуманида вилоят ҳокими ўринбосари қишлоқ хўжалигида ютуқларга эришишнинг асосий омили сув билан боғлиқлигини таъкидлаб ўтди. Вилоят далаларига келаётган сувнинг 98 фоизи Тожикистон тоғларидаги музликлардан келади. Қолган сувлар маҳаллий жилғалар ва ер ости сувлари ҳисобига шакллантирилади. Апрель-май ва октябрь-ноябрь ойларида айниқса сувга бўлган талаб ошади.
2018 йилда қурғоқчилик кузатилгани сабабли ер ости сувлари сатҳи 10 метргача пасайиб кетгани ҳам қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан узлуксиз таъминлаб туриш мақсадида вилоятдаги 6та сув омборида 1 миллиард кубометр сув ғамланади. Айни пайтда парпо этилаётган Булунғур сув омбори ҳам 36 минг гектар далаларнинг сув таъминотини яхшилашга хизмат қилади.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ