Каттақўрғон туман ҳокимининг тумандаги тадбиркорлар ва ишбилармонларга МУРОЖААТИ

0 61

Қадрли дўстлар!

Бугун биз шиддат билан ўзгариб бораётган замонда келгуси йил учун амалий режалар тузар эканмиз, тараққиётимизнинг устувор йўналишларини аниқ-равшан белгилаб олишимиз зарур.


Саноат, қишлоқ хўжалиги, капитал қурилиш, транспорт-коммуникация, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Айниқса, оғир мавсумда меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалиги ходимлари фаолиятини алоҳида таъкидлаш зарур.


Ҳар бир ҳудудни жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича устувор вазифалар ҳамда бу жараёнда хусусий тадбиркорликнинг тутган ўрни ва аҳамияти беқиёс.


Ҳурматли тадбиркорлар!


2020 йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишида барча манбалар ҳисобидан қарийб 1,4 триллион сўмлик 33 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.


2019 йилга келиб халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги инвестициялар ҳажми 3,8 миллион долларни ташкил этди. 2020 йилда 
27 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш учун тармоқ жадваллари шакллантирилди. 

Бугунги кунда туманимизда чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 224 миллион долларлик 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Келгуси йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштириш миқдори жорий йилга нисбатан қарийб 3 баробар оширилиб, 160 миллион долларга етказилади. 


Жаҳон тажрибасига мувофиқ, фаол инвестиция сиёсатини юритиш иқтисодиётнинг барқарор ўсишига эришишга замин бўлади. Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади. Шу боис, охирги икки йилда амалга оширилгани каби, иқтисодиётимиз ривожининг муҳим шарти бўлган фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттирамиз. Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун туманимизнинг инвестиция салоҳиятини тўла намоён этиш чораларини кўрамиз. Бу борада туманимиз учун бириктирилган элчихоналар билан кенг ҳамкорлик ривожлантирилади. Халқаро молия ташкилотлари билан узвий алоқалар йўлга қўйилади. Туманимиз иқтисодиётига сармоя киритиш истагида бўлган инвесторлар учун ҳудудлар ва тармоқлар бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тақдим этилиши таъминланади.


Келгуси йили экспорт ҳажмини 30 фоизга ошириб, 20 миллион долларга етказишни мақсад қилиб қўймоқдамиз. Тадбиркорлар учун янги бозор топишда, экспорт маҳсулотлари турини кенгайтиришда барча шароитлар яратилиб берилади. 


Инвесторлар ва экспортёрларга валюта операцияларини бемалол амалга оширишлари учун туманимиздаги банклар фаолиятини ривожлантириш, мавжудларидан ташқари бошқа ихтисослаштириган тижорат банклари филиалларини ташкил этиш чоралари кўрилади. Туманимиздаги тижорат банкларида ахборот технологиялари асосида банк хизматини таклиф этишни ривожлантиришга кўмаклашилади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш ўринли, тадбиркорларни қийнаётган муҳим масалалардан бири бўлган кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали) ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади.


2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг туб моҳиятидан келиб чиқиб, ялпи ҳудудий маҳсулотда “яширин” иқтисодиётнинг улуши юқорилигини ҳисобга олиб, инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш ишлари амалга оширилади. 


Туманда маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми маҳаллий истеъмол бозоридаги реал эҳтиёжни қопламаслигини инобатга олиб, маҳсулотлар импорти таркибини ўрганган ҳолда, рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини боса оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни ер, кадастр, коммуникация, молиявий хизмат соҳаларида коррупция ва бюрократик тўсиқларга дуч келишини олдини олиш мақсадида туман раҳбарияти томонидан қатъий назорат ўрнатилади. Соҳага замонавий илғор технологияларни жорий этиш, жумладан, энергия тежамкор ускуналардан, шунингдек, энергиянинг қайта тикланувчи муқобил турларидан фойдаланиш кўллаб-қувватланади ва қонуний рағбатлантирилиши кафолатланади.


Юқори иш ўринлари сонини яратиш имкониятига эга тикув-трикотаж корхоналарини ишга тушириш учун шароитлар яратилади.


Бозор конюктурасини ўрганиб, бизнеснинг етакчи тармоқларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга кўмаклашилади.


Шунингдек, молия бозорлари, жумладан, фонд бозорида хусусий тадбиркорлар иштирокни ошириш мақсадида ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида брокерлик хизматларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларига кенг шароитлар яратиб берилади. Бу асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолади.


Транспорт-логистика имкониятимиз ривожланмаганлиги учун маҳсулотларни экспорт қилишда кўплаб қийинчиликлар пайдо бўлмоқда. Мазкур соҳани туманимизда ривожлантириш орқали янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий ишбилармонларимизга амалий ёрдам берилади. 


Аҳолига ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида йўловчи ва юк ташиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар ривожланиши учун шароитлар яратилиши таъминланади. Янги йўналишлар ташкил этиш учун кўмаклашилади.


Муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш орқали тадбиркорларга ва инвесторларга қулай муҳит яратиш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишларимиз изчил давом эттирилади.


Келгуси йилда ҳам йўлларимизни капитал таъмирлаш, жумладан, асфальтлаш ишлари давом эттирилади. Бу жараёнда хусусий маҳаллий корхоналаримиз, жумладан, янгидан ташкил этиладиган корхоналаримиз иш олиб боришлари учун барча зарурий шароитлар яратилиб берилади.


Келгуси йилда арзон уй-жойлар қурилишларида маҳаллий корхоналаримиз иштирок этиши ҳамда қурилиш ашёлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар қўллаб-қувватланиши таъминланади. Замонавий энергия тежамкор курилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида мавжуд бўлган имкониятлардан маҳаллий тадбиркорларимиз кенг фойдаланиши, хусусан, янгидан ташкил этиладиган қурилиш корхоналари учун шароитлар яратилади ва бу борадаги ишларда қонуний амалий ёрдамлар кўрсатилади. 


Туманда давом этаётган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларини, шунингдек, бу каби субъектлар туманимизда мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, қолаверса, аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида янги хусусий лойиҳалаштириш ташкилотлари ташкил этилиши қўллаб-қувватланади. 


Атроф-муҳит экологияси учун муҳим бўлган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, аҳолига маиший ва экологик хизматларни кўрсатадиган хусусий корхоналарни ташкил этиш учун қонуний шароитлар яратилиб берилади. Ҳар бир маҳаллада хусусий ҳаммомлар, маиший хизмат кўрсатиш уйлари, алоқа хизмати ташкил этиш қўллаб-қувватланади. 


Кейинги йилда кластер усулида пахта етиштиришни тўла-тўкис 100 фоизга етказиш учун барча имкониятлар ишга солинади. Шунингдек, ғаллачилик ва мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш ишлари охирига етказилади. Бу тизим туманимиз учун янгилигини инобатга олиб ер ажратиш, субсидиялар олиниши, кредитлашда тадбиркорлик субъектларига биринчи галда кўмаклашиш таъминланади. Бу соҳага илм-фан ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.


Қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорвачилик бўйича янги тармоқларни ривожлантиришни рағбатлантирилиши, шунингдек, ердан самарали фойдаланиб келаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер майдонларини ажратиш масаласи ўтган йилларда бўлгани каби келгуси йилда ҳам устуворлик асосида кўриб чиқилиши таъминланади.


Иссиқхона хўжалигини ривожлантириш, маҳаллий усулда шакллантирилган хўжаликларни замонавий усулларда қайта ташкил қилиш, янги қувватларни жорий этиш учун тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш биз учун устувор вазифа касб этади. 


Мавжуд маҳаллий боғ ва токзорларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, тадбиркорлик субъектлари томонидан замонавий типда реконструкция қилиш, замонавий агротехник тадбирларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш таъминланади. Янги интенсив боғлар ва токзорлар, замонавий кўчатчилик ва уруғчилик хўжаликлари ташкил этиш учун шароитлар яратилиб берилади. 


Чорвачилик хўжаликларида парваришлаб келинаётган маҳаллий чорва молларини босқичма-босқич маҳсулдор зотли чорва молларига алмаштиришда, хусусан, хориждан зотли чорва молларини харид қилишда кўмаклашилади. Бу йўналиш аҳоли хонадонларидаги чорва молларига ҳам тадбиқ этилиши йўлга қўйилади. Хусусий ветеринария хизматларини ташкил этиш учун шароитлар яратилиб берилади.


Фермер хўжаликларининг йиллик чорва озуқасига бўлган эҳтиёжини маҳаллий имкониятлар ҳисобидан қопланилишини таъминлаш мақсадида янги ерларни ўзлаштириш орқали экин майдонларини кенгайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни тадбиқ этиш эвазига чорвачилик, балиқчилик, паррандачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кескин кўпайтиришга эришиш учун барча имкониятларимиз сафарбар этилади.

 
Аграр соҳада сувни тежаш технологияларидан кенг фойдаланадиган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, техника ва технологиялар сотиб олиш, кредитлаш, субсидиялар олиш ишларида кўмаклашиш таъминланади.


Соҳага замонавий меҳнат унумдорлиги юқори бўлган техникалар хариди учун ишбилармон фермер ва тадбиркорларимизга кўмаклашилади.


Туманимизда етакчи соҳага айланиб бораётган пиллачиликда ҳам эришилган ютуқларни эътироф этган ҳолда, унинг кластер усулида ривожланиши, экспортбоп, импорт ўрнини босувчи, қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш кўлами кенгайтирилади. Соҳага замонавий илғор технологияларни киритишда зарурий чор-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланади. 


Туман салоҳиятидан келиб чиқиб, аграр соҳага саноатни тадбиқ этиш, хусусан, деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш истагида бўлган маҳаллий ва хорижий тадбиркорларимизга мазкур йўналишда зарурий амалий ёрдамларни кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Унумдорлиги юқори замонавий технологиялардан фойдаланиш рағбатлантирилади. Бу борада хорижий ишлаб чиқарувчилар билан алоқалар ўрнатилишига кўмаклашилади.


Чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, пиллачилик, иссиқхона хўжалиги учун давлатимиз томонидан бериладиган имтиёз ва преференциялардан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз тўлиқ фойдаланишлари учун кўмаклашиш таъминланади.


Аграр соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар билим ва кўникмаларини, замонавий технологияларни қўллай олиш имкониятларини ошириш масадида ўқитиш ва қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш жадаллаштирилади. 


Ривожланган давлатларда таълим соҳасига инвестиция киритишга катта эътибор қаратилади. Шу боис, келгуси йилда давлат-хусусий шерекчилигида таълим муассасаларини ташкил қилиш ва уларга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган салмоқли ишларимиз ривожлантирилади. Ўтган йилдаги каби хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, хонадонларда оилавий мактабгача таълим ташкилотларини янгидан ташкил этишга эътибор қаратилади. Хусусий мактабгача таълим ташкилотлари билан бирга хусусий мактаблар, қайта тайёрлаш ва касбга ўқитиш марказлари, спорт ва санъат таълим муассасалари фаолияти тадбиркорлар томонидан ташкил этилиши ҳар томонлама қўллаб қувватланади. 


Туманимизда тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш мақсадида хусусий тиббий муассасалар фаолиятини кенгайтириш ва бу орқали тиббиёт туризми ривожланишини янги босқичга кўтаришда тадбиркорлик субъектлари билан кенг ҳамкорлик қилишга тайёрлигимизни билдирамиз.


Ижтимоий муассасаларга озиқ-овқат таъминоти соҳасини яхшилаш мақсадида “оутсорсинг” тизими орқали хусусий хизмат кўрсатиш корхоналари ташкил этиш учун зарурий шароитлар яратилиб берилади. 


Тиббиёт туризми, зиёрат туризми ва экотуризмни ривожлантириш нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий соҳалар ривожига ҳам катта туртки бўлишини инобатга олиб, бу борада тадбиркорлик субъектларини фаоллашишга ва мазкур соҳаларга кенг инвестицияларини жалб этишга чорлаймиз. Замонавий туристик объектлар, жумладан, меҳмонхона, хостел, мотеллар, санитар-гегиеник бинолар қурилиши учун шароитлар яратилиб берилади. Уларга ҳужжатлар расмийлаштириш ишларида, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланилишида кўмаклашилади. Туман ҳудудидан М-37 автомагистралининг 14 км қисми ўтган бўлиб, ушбу йўл бўйида замонавий туристик пунктлар ташкил этилиши қўллаб-қувватланади.


Фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларини ўрганиб, муаммосига ечим топиш, бўш турган объектларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, импорт қилинган асбоб-ускуналарни ишламай туришига сабаб бўлувчи салбий омилларни бартараф этиш орқали ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш келгуси йилда бош устувор мақсадимиз ҳисобланади. Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади. Туманимизда ер ажратиш билан боғлиқ қонун бузилишларига йўл қўйилмаслиги таъминланади. 


Иқтисодиётдаги ижобий натижалар эса ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш имконини яратади.


Келгуси йилларда ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини молиявий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорликка жалб этиш устувор вазифамиз бўлиб қолади.


Туманимиз иқтисодиётининг ривожига жиддий туртки бўладиган етакчи тармоқлар ривожига биринчи галда эътибор берилади.


Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва ёшларни, шунингдек, бандлиги таъминланмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли тоифаларини қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.


Тадбиркорлик соҳасига хотин-қизлар ва ёшларни жалб қилишни қўллаб-қувватлаш янада кучайтирилади. Хотин қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси, “Ёшлар иттифоқи” билан ҳамкорликда туманда “Хотин қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” маркази, шунингдек, тадбиркорликка асосланган ёшлар меҳнат гузарлари фаолияти йўлга қўйилиши ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида биринчи навбатда янги спорт майдончалари, кутубхоналар ташкил этиш қўллаб-қувватланади.


“Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш” фонди, “Бандликка кўмаклашиш” ва “Ёшлар – келажагимиз” давлат жамғармалари, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш” жамғармаси томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар истиқболли лойиҳалар учун сарфланиши таъминланади ва назоратга олинади. Шунингдек, бу борада ташаббускор фуқаролар ва тадбиркорларни турли тўсиқларга дуч келишини олдини олиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланади. Зарурий шароитлар яратилиши кафолатланади.


Аҳолини тадбиркорлик соҳасига жалб этиш кўламини кенгайтириш мақсадида биринчи галда давлат хизматлари кўрсатиш тизими учун қулай шароитлар яратиб берилиши таъминланади. Хусусан, жорий йил якунига қадар Давлат хизматлари марказининг барча қулайликларга эга замонавий биноси фойдаланишга топширилади. Мазкур бинода Президентимизнинг махсус фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳам жойлаштирилади. Қабулхона ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик асосидаги “Тадбиркорлар кенгаши” фаолияти ривожлантирилади. Бу соҳага нафақат давлат, балки жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партияларнинг ҳам роли ва иштирокини ошириш таъминланади.


Аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида ҳуқуқий ва иқтисодий саводхонлигини ошириш, бизнес режа тузиш каби ишларда Савдо-саноат палатасининг туман Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази фаолияти ривожлантирилади ва тадбиркорларга хизмат кўрсатиши учун зарурий шароитлар яратилади. 


Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кўмаклашувчи ташкилотлар ва давлат органларининг туман ташкилотларида ижро интизоми ва ишчи-ходимларида муомала маданиятини ривожлантириш, касбий маҳоратларини ошириб бориши билан боғлиқ жараён тўлиқ назоратга олинади. 


Бош вазир қабулхонаси билан узвий алоқа ўрнатилиб, соҳада учрайдиган коррупция, ҳуқуқий саводсизлик, қонуний нормаларга беписанд муносабатда бўлиш, бюрократик ёндашувлар каби ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш ишлари изчиллик билан амалга оширилиши таъминланади.


Тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш учун билдириладиган таклиф ва мулоҳазаларни мувофиқлаштириб, қонунчиликка ўзгартириш киритиш юзасидан таклифларни мунтазам равишда Парламентга, Президент администрациясига, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борилиши, шунингдек, республика даражасида ҳал этиладиган масалаларни ўз вақтида тегишли вазирлик ва идораларга етказиб берилишини таъминлаш учун қонунчиликда белгиланган барча чоралар кўрилади.


Ҳар ҳафтада камида бир марта Бош вазир қабулхонаси ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан мунтазам равишда сайёр учрашувлар ва қабуллар ташкил этилади. 


Шунингдек, маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тадбиркорликни ривожлантиришга оид рукнлар ташкил этилиб, мунтазам равишда соҳага оид ахборотлар янгиланиб борилиши таъминланади. Замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда онлайн тарзда тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан мулоқотлар йўлга қўйилади. 


Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва иқтисодий билимларини ошириш, шунингдек, илғор замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятларини яратиш мақсадида тренинг ва мастер класслар ташкил этиш йўлга қўйилиб, ижроси таъминланади. Халқаро кўргазма ва тақдимотларда маҳаллий тадбиркорларимиз кенг иштирок этиши таъминланади.


Давлат ва жамоат органларининг тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, соҳани ривожлантириш учун аниқ мақсадларга қаратилган ва натижадорлиги таъминланадиган ҳамкорлиги тўлиқ назоратга олинади. Тадбиркорлик фаолияти эркинликларини таъминлаш мақсадида, бу фаолиятга ноқонуний аралашувлар, мақсадсиз текширувлар, коррупция каби салбий ҳуқуқий оқибатларга олиб келувчи фаолиятлар профилактикаси қескин кучайтирилиши таъминланади. Бундан кейин давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан амалга оширилиши таъминланади.


Ҳар бир тадбиркорнинг қонуний мулки дахлсизлиги ҳуқуқий мустаҳкамланганлигидан келиб чиқиб, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафотланади.


Ҳар бир идоранинг кун тартибида устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилиш кафолатланади.


Тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилиши, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай чек қўйилади.


Бундан буён тадбиркорлар томонидан жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, қонуний манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишлари кафолатланади. 


Ҳар ҳафта ҳокимлик соатларида масъул ташкилотлар томонидан тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида вужудга келган камчиликлар ва уларни бартараф этиш учун амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилиб бориш, ҳар чоракда камида бир маротаба туман маҳаллий Кенгашида давлат, жамоат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш амалиёти йўлга қўйилиши таъминланади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Унитмангки, ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Сизларга лойиҳани ишлаб чиқишдан то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.


Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли туманда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади. Шу сабабли, бу шарафли ишларда фаоллашишга, барча куч-ғайратингизни сафарбар этишга, бир сўз билан айтганда, ватанпарварлик туйғулари билан ёниб яшашга чорлаймиз! 


Туманимиз ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш неъмати барчамизга насиб этсин. Эзгу режаларимизни амалга оширишда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!


Аъзамхон БАХРАМОВ,
Каттақўрғон тумани ҳокими. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ