Мактаб – муқаддас, қутлуғ маскан

0 74

Бу мўъжаз даргоҳда мамлакатнинг эртанги таянчи ва суянчи, келажаги вояга етади, илм олиб, камолотга эришади. Деярли ҳарф танимаган, ҳали бирор марта қўлига китоб, қалам олмаган жажжи кичкинтой ана шу масканда илк бор устоз аталмиш шарафли касб соҳибининг илм қуёшидан қалби нурафшон бўла бошлайди. Ана шундай омиллар сабабки, мактаб муқаддас, қутлуғ маскандир.

Биз, педагоглар ўзимиз фаолият кўрсатаётган 56-умумтаълим мактабига ҳар куни кириб келар эканмиз, ана шундай туйғуни кўнглимиздан ўтказиб, масъулиятни шууримизда бир зум унутмай, баркамол авлод таълим-тарбияси учун ошиқамиз. Юрт равнақи, эл-юрт қувончи йўлида мактабдаги фаолиятимиз орқали ўзимизнинг ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз. Бугун ушбу таълим муассасамизда таҳсил олаётган 629 нафар ўқувчининг ҳар бирига алоҳида меҳр бериб, келажаги учун қайғурамиз. Айниқса, ҳамкасбларимиз Дилноза Шукурова, Ҳулкар Файзиева, Нилуфар Ортиқова, Умида Бозорова, Ҳадича Баҳриева, Нилуфар  Шодмонова, Озода Исмоилова, Маҳлиё Мухаммадиева, Гулҳаё Қиличева каби фидойи ва жонкуяр устозларнинг меҳнатини алоҳида тилга олиш жоиз. Дарс машғулотларини қизиқарли ва самарали ўтказиш, замонавий педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш, ҳар бир ўқувчини дарс машғулотига жалб этишда бу педагогларимиз тиним билмай ўз устида ишлайди, изланади. Шундан бўлса керак, эришаётган ижобий натижаларимиз ҳам талайгина. Жумладан, жорий йил мактабимизни битирган 37 нафар ўқувчимиздан 12 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга киргани фикримизни тасдиқлайди. Бугун улар билан биргаликда жами 28 нафар ўқувчимиз юртимизнинг турли олийгоҳларида таҳсил олмоқда. Бу, албатта, шу ўқувчиларга илм берган камтар ўқитувчи учун шараф, фахрдир. Ахир меҳнатнинг асл меваси ҳам шу, аслида.
Эришаётган ютуқларимиз бугина эмас. Мактабимиз 2018-2019 ўқув йили бошида туман мактаблари ўртасидаги рейтингда 7-ўринда қайд этилганди. Бугунги кунга келиб эса мактабимиз республика миқиёсидаги рейтингда 51 ва вилоят бўйича эса 1-ўринга кўтарилишга эришди. Бу муваффақиятга эришишимизда ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси Малоҳат Шомуродованинг алоҳида хизматлари бор. У "Йил ўқитувчиси - 2019" республика кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли III ўринни эгаллади ҳамда унинг иш фаолияти вилоят миқиёсида оммалаштирилди. Бундан ташқари, ўқувчиларимиз ҳам билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларининг вилоят ва республика босқичларида қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Спортчи ўқувчиларимизнинг ҳам муваффақиятини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Юқорида тилга олганимиздек, буларнинг барчасида мактаб педагог жамоасининг меҳнати, ота-оналар, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларнинг самарасидир.


Бахтиёр БОЗОРОВ,
56-умумтаълим мактаби директори.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ