Мактабга комиссия келди... бу у ердаги муаммоларга ечим дегани эмас

0 114

Мактабга комиссия - текширувчи келди. Аслида келган киши ҳам етакчи педагог, илғор муаллимлардан бири. У бирин-кетин синфхоналарга кириб, ўқувчидан ҳам, ўқитувчидан ҳам, мактаб маъмуриятидан ҳам ўзича камчиликлар топди. Ён дафтарига бир нарсаларни қораладию кетди...

Шу куннинг ўзиданоқ директорни чақириб, ҳали у, ҳали бу масалада бошини қотира бошлади. Қисқа қилиб, ўзимизнинг чапани тилда айтганда "тентак" қилди. Асаблари тобора таранглашган раҳбар мактабга қайтиб камчилик аниқланган ўқитувчини тергай кетди. Унинг кайфияти, дарс машғулотини ўтишга бўлган бор шижоатини синдирди. Мана сизга текширувнинг оқибати...
Бу бир мисол тариқасида келтирилган, кўпчилигимиз учун таниш ҳолат, тўғрими? Келинг, бундай бошоғриқлар бўлмаслиги учун айрим ҳолатларни ўзгартирамиз. Эътибор беринг.
Халқ таълими бўлимидан мактабдаги таълим-тарбия жараёнларини назорат қилиш, сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида етакчи педагоглардан иборат гуруҳ ташкил қилиниб, жўнатилди. Айтайлик, "текширувчи" маълум фандан сабоқ берилаётган аудиторияга кириб келди. Машғулотни жим кузатди. Ўқитувчининг нўноқлигини, ўқувчиларнинг тушунмасдан, дарсда зерикаётганлигини, педагогнинг дарсга етарлича тайёргарлик кўрмай келганини аниқлади. У рухсат олиб, дарсни ўзи ўтиб беришга киришди, бор тажрибасини намоён этди. Ўқувчилар устоздан устознинг фарқини ажрата олди, фанга қизиқиши ортди. Дарс машғулотларини ҳаминқадар ўтиб келаётган ўқитувчи ич-ичидан изза бўлди. Хўш, ушбу ҳолат унинг навбатдаги дарсларига ўзининг ижобий натижасини берадими, йўқми? Менимча, албатта, ижобий натижа беради.
Айтмоқчиманки, педагогнинг ўз ҳамкасбидан камчиликни топиб, унинг "рангини чиқармасдан" тергаганидан кўра тажриба алмашса, ўз билими доирасида фан ўқитувчисига ёрдам берса нур устига аъло нур бўларди. Менимча, ортиқча қоғозбозлик, бюрократик ёндашувни бир четга суриб, бир-биримизга ёрдам қўлини чўзсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Ш.Эшбоев.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ