Эр-хотиннинг уруши мол-мулк талашувига етиб бормоқда

0 79

Таҳлилларга таяниб шуни айтиш мумкинки, кейинги вақтларда эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликларнинг аксарияти мол-мулк билан боғлиқ можаролар сабабли келиб чиқмоқда. Ваҳоланки, бунинг замирида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги етишмаётгани акс этмоқда.

Қонунчилик талабларига кўра эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари агар никоҳ шартномасида бошқача ҳолда кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга. Башарти никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Умумий мол-мулкни бўлиш томонларнинг ўзаро келишувига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, умумий мол-мулк эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши ҳам мумкин. Низоли ҳолатларда улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.

Умид Гадайниёзов,
фуқаролик ишлари бўйича 
Каттақўрғон туманлараро 
судининг судья ёрдамчиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ