Сайловгача партиялар ухлайдими?

0 373

Шу йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистонда Парламент сайловлари кампаниясига старт берилди. Унга кўра, 2019 йилнинг 22 декабрь санаси Ўзбекистонда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари куни деб эълон қилинди. Айни пайтда узоқ сукутдан сўнг сиёсий партиялар фаолияти яна жонланмоқда. Бу борада ЎзХДП туман кенгаши раиси Акбар Пардаев билан суҳбатлашдик.

- Акбар ака, Партиянинг тумандаги раҳбарисиз. Хўш, Халқ демократик партияси туман кенгаши шу кунга қадар қандай йўлларни босиб ўтди ва қайси томонга кетяпти?
- Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясига 1991 йил 1 ноябрдаги партиянинг Таъсис қурултойида асос солинди. Ўз олдига Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва ҳимояга эҳтиёжманд фуқаролари манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилишни мақсад қилиб олган ХДП ўтган давр ичида сиёсий куч сифатида яққол намоён бўлди. Мос равишда партиянинг туман ташкилотлари иши ҳам сезиларли даражада ўсди.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқ демократик партияси туман кенгаши ушбу сайловларга ўз сафида 1800 га яқин  аъзолари билан бормоқда. Партия аъзоларини бевосита бирлаштирадиган 41 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатяпти.
 - Партия раҳбарларининг маблағ етишмовчилиги борасида фикрларини кўп эшитамиз. Нима деб ўйлайсиз, сиёсий партиялар учун маблағ масаласи қай даражада муҳим?
- Ҳар бир сиёсий партия ўз олдига белгилаб олган ғоя асосида жамиятда кўзланган мақсад сари интиладиган сиёсий куч. Шундай экан бунда албатта молиявий таъминот муҳим роль ўйнайди. Лекин, очиқ тан олиш керакки, бугун бизга ажратилаётган маблағ миқдори режалаштирилган ишларимизни тўлақонли амалга ошириш учун етарли эмас. Шунинг учун ҳам олдимизга бирон-бир ишни режа қилиб қўйишдан олдин унинг молиявий таъминоти тўғрисида бош қотиришга мажбурмиз. Бу камчилик эса фаолиятимиз таъсирчанлигига ҳам салбий таъсир қилади, албатта. Лекин бу масаланинг ечимини ўзимиз ҳал қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Партия фаолиятини ривожлантириш ва сиёсий куч сифатида жамиятда ўзини шакллантириш учун ўзининг тарафдорлари сонини ошириши керак. Исталган партиянинг аъзолари ва ҳомийлари кўп бўлган тақдирдагина маблағ масаласи ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади.
- Сиёсий партиялар фақат сайлов жараёнлари бошлангач бирданига фаоллашиб қолди. Нега партияларимиз фаоллигини бунгача бўлган даврда кўрмаймиз?
- Сайлов эълон қилингач партияларнинг ўз-ўзидан фаоллашиши табиий. Чунки партиялар сайлов кампанияси жараёнлари бошлангач, тарғиботлар учун бюджетдан маблағ ажратилган вақтда кўпроқ фаоллашади. Ўша маблағлар ҳисобига партиялар бутун фаолияти давомида амалга оширмаган ишлари, тарғиботларини амалга ошириб қолишга интилади. Сайлов жараёнлари ўтгач партиялар ҳозир танқид қилинаётган ёпиқ иш жараёнига ўтишади.
- Сиз партияга раҳбарлик қила бошлаганингиздан буён ХДП депутатлари томонидан туман Кенгаши муҳокамасига қандай долзарб масалалар киритилди?
- Партиямиздан сайланган депутатларимиз томонидан ўтган чақириқлардан бери 3 та ташаббус илгари сурилиб, бу ташаббусларнинг биттаси Кенгаш томонидан қўллаб-қувватланди.
- Навбатдаги сайловлардан қандай натижа кутилаяпти?
- Бу йилги сайловларда энг кўп овоз олиш учун ҳаракат қиламиз. Бунинг учун эса энг муносиб номзодларни танлаш бўйича иш олиб бормоқдамиз.

Ғ.Қаршиев суҳбатлашди. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ