“Тушовланган” тиббиёт. Ёхуд Каттақўрғон тиббиёт бирлашмасидаги носоғлом муҳитга қачон барҳам берилади?

0 453

Бирон жойимиз оғриб озгина безовта бўлсак дарҳол шифокорнинг маслаҳатига шошамиз. Шу боисдан ҳам халқимиз тиббиёт ходимларини, саломатлик посбонлари, дея эъзозлайди. Инсон саломатлигини асрашдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган соҳа ходимлари ҳақида гап кетар экан, аввало тиббиёт муассасаларидаги шарт-шароит ва муҳит бевосита ўзининг ижобий ёки салбий таъсирини ўтказади. Бир неча ойлардан буён ўз ҳолига ташлаб қўйилган Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги вазият аҳолининг ҳам соҳа ходимларининг ҳам ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли туманда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш даражаси яхшиланди. Марказий поликлиниканинг янги бинога кўчирилиши, бир нечта бўлим биноларининг янгидан қурилиб ишга туширилиши аҳоли учун қулайликлар яратди. Оналар ва болалар, аҳолининг репродуктив саломатлигини янада яхшилаш, тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлиги юксалди. Патронаж тиббиёт ҳамширалари хизмат сифати, акушер-гинеколог ва болалар шифокорлари малакаси оширилди. Қишлоқ аҳолисини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш яхшиланди. Албатта буларнинг барчасини замирида мамлакатимиз тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси мужассам.
Аммо сўнги пайтларда туман тиббиёт бирлашмаси тизимида юзага келган носоғлом муҳит амалга оширилаётган барча эзгу ишларга соя солмоқда. Кейинги олти ойликлар давомида соҳада бошқарув тизимидаги ишга қўнимсизлик, ўзбўларчилик кайфияти вазиятни янада таранглаштирмоқда. Бирлашма фаолияти билан яқиндан танишсангиз, тизимда қандайдир узвий боғликлик, ҳамжиҳатлик йўқлигига амин бўласиз. Ҳар ким ўзича иш олиб бораётганга ўхшайди. Шифохонага бирор иш билан боргудай бўлсангиз кимга мурожаат қилишни билмайсиз. Муаммони ҳал этишдан ҳамма ўзини олиб қочади. 
Юзага келган вазиятга ойдинлик киритиш, соҳа истиқболига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш ишларимиз кўплаб муаммоларни ечимини кўрсатди. Айни пайтда бирлашмага раҳбарлик қилиб келаётган Олим Хўжамбердиев томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар жамоа ўртасида тез-тез ўзаро ички низоларни келтириб чиқараётгани ҳам айни ҳақиқат. Аксарият ҳолларда бирлашма бошлиғи ўз фикрида қолиб бошқаларнинг ғашига тегмоқда.
 - Тўғриси, “еб кетди, ичиб кетди” деган гап-сўзлардан ҳамма чарчаб кетди, - дейди кўп йиллардан буён соҳада фидоийлик билан меҳнат қилиб келаётган (шахсини сир тутишни илтимос қилган) таниқли шифокорлардан бири. – Шифохона дўхтирлари давлатни пулини ўзлаштириб юборишибди, деган миш-мишлар жонимизга тегди. Ўз ишимиз қолиб мана олти ойдан ошаяпти ҳамки бош шифокор О.Хўжамбердиевнинг йўл қўйган хатолари сабаб ҳали тергов идораларига, ҳали судга қатнаймиз. Ахир инсонни асаби темирдан эмаску! Буёқда беморларни даволайликми ёки раҳбар томонидин содир этилган қонунбузилишларга изоҳ берайликми?! Албатта ҳар ким ўз қилмиши учун жавоб беради. Аммо тиббиёт ривожига “тушов” бўлаётган муаммоларга ечим топиш на соғликни сақлаш бошқармаси, на вазирликни ташвишга солмаётгани кишини таажжубга солади. Эшитишимизча туман ҳокимлигидаги мутасаддилар юзага келган вазиятни бартараф этиш юзасидан бир неча маротаба вилоят соғликни сақлаш бошқармасига мурожаат қилган. Афсуски, натижа йўқ. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, шу кайфият билан сиздан шифо излаб келган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб бўладими?!
Аксарият ходимлар билан суҳбатлашар эканмиз, тизимда юзага келган носоғлом вазиятдан норизо. Бунга холис баҳо берадиган, керак бўлганда зарур чора-тадбирлар кўрадиган соғликни сақлаш вазирлиги эса, томошабин!
Хўш, тизимда ўзи нима гаплар, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан соҳада улкан ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда Каттақўрғон тиббиёт бирлашмасида қандай вазият юзага келган дерсиз? 
Самарқанд вилоят прокуратурасининг Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятини ўрганиш жараёнида аниқланган қонунбузилишлар бўйича 25 август 2019 йилда соғликни сақлаш бошқармаси раҳбариятига киритган тақдимномасига асосланадиган бўлсак, бу гапда ҳам жон борга ўхшайди. Чунки, тақдимномада кўрсатилишича туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи О.Хўжамбердиев томонидан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, ўзлаштириш ёки растарата йўли билан давлат бюджети маблағлари талон-тарож қилингани айтилади. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасини моддий рағбатлантириш комиссиясининг қарори билан биргина 2018 йил давомида 187 нафар тиббиёт ходимларига 194 ҳолатда жами 104 миллион 502 минг сўм маблағларини асоссиз равишда ходимларнинг пластик карточкаларига ўтказиб, бюджет маблағлари талон-тарожлигига йўл қўйган. Бундан ташқари аҳолига кўрсатиладиган сервис хизматлари таркибида беморларга гигиена воситалари ва кийим-кечаклар харид қилиб сотиш кўрсатилмаган бўлсада, пуллик хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан 58 миллион 280,2 минг сўм пул маблағлари гигиена воситалари ва кийим-кечаклар хариди учун мақсадсиз харажат қилиниб, бу товарлар нархининг устига 0,9 фоиз устама билан беморларга мажбурий сотилган. Вилоят прокуратураси томонидан вилоят соғликни сақлаш бошқармасига киритилган тақдимномада бунга ўхшаш мисолларни кўплаб учратишимиз мумкин. Лекин афсуски, соғликни сақлаш бошқармаси ёки вазирлик бу борада нима чора-тадбирлар кўрган бизга қоронғу. Содир этилган ишлар кўлами қанчалик аянчли бўлмасин соҳа мутасаддилари вазиятга томошабин бўлиб қолмоқда. Ўрганиш натижаларидан бизга маълум бўлишича охирги сўзни тергов материалларини синчиклаб ўрганаётган суд айтади. Суд якуний сўзни айтмагунга қадар аҳвол ўнгланиши даргумон.
Шу ўринда бирлашмада юзага келган яна бир бош-бошдоқликларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Барча тиббиёт муассасалари қатори туман тиббиёт бирлашмасига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сонли қарори билан тасдиқланган давлат бюджети параметрларида дори-дармон, реактивлар, диагностикум, боғлов материаллари ҳаражатларига ҳар йили миллионлаб сўм маблағ ажратилади. Қолаверса, бу маблағ миқдори йилдан йилга ортиб бормоқда. Лекин, бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли исталган даволаш муассасасига мурожаат қилсангиз, бўлим шифокорлари ҳеч иккиланмай, сизнинг қўлингизга оддий момиқ пахта-ю шпирицдан тортиб, бутун даволаш муддати давомида керак бўладиган турли дори-дармонлар номи ёзилган каттагина рўйхатни тутқазишади ва уларни олиб келсангиз муолажани бошлашларини айтишади. Шифокорлар томонидан кўрсатиладиган хизматларга-ку алоҳида ҳақ тўлайсиз, албатта. Шунда шифохонанинг у ер, бу ерида “шифохонада кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг барчаси бепул”, деб ёзиб қўйилган ёзувларни кўриб, бу ёзувлар нимага осиб қўйилибди экан, деб ҳайрон бўласиз.
Бундай ҳолатни туман марказий поликлиникасида ҳам кўришимиз мумкин. Қабулга келган ҳар бир беъмор албатта, кўрикдан ўтгани учун маълум миқдорда пул тўлови қилиши шарт. Тўлов миқдорини эса шифокор ёки унинг ёрдамчиси белгилайди. Мижозлардан олинаётган нақд пул учун эса ҳеч бир шифокор тўлов паттаси ёзиб беришни ҳаёлига ҳам келтирмайди. Назаримда кун давомида йиғилган бу пуллар ҳеч жойга топширилмай, шу жойнинг ўзида бўлиб олиниб, ўзлаштириб юбориладими ёки ..., бунисини билмадик..Оддий қоғозга ёзилган 3-4 қатор битта кичиккина маълумотноманинг нархи қанчалигини биласизми? Бошқа жойни билмадиму, лекин бундай маълумотнома туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида нақд 5 минг сўм туради. Туғилганлик гувоҳномаси олиш учун фарзанд туғилганлиги қайд этилган икки қатор маълумотномани туғруқ бўлими ходимлари шу нархда “сотишади”. Қани, уларнинг айтган пулини бермай кўринг-чи! Биз қоғозни сотиб олаяпмиз компьютерда ёзиш учун вақт сарфлаяпмиз, деб ғавғо кўтаришади.Мени доимо нега туман Марказий шифохонаси ёнидаги дорихоналар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда, деган савол қийнаб келарди. Шифохонанинг ёнгинасидаги дорихоналарда бўлиб, бунинг сабабини тушунгандай бўлдим. Деярли ўнга яқин дорихоналарга чумолидай кириб чиқаётган одамларни кузата туриб, уларнинг ҳар бири бир қучоқ дори-дармон харид қилишиб, шифохона томон шошаётганини кўрасиз. Қараб турсангиз кечаси-ю кундуз уларнинг кети узилмайди. Назаримда, туман марказий шифохонасидаги мутасаддилар учун бу ҳолат аллақачон оддий ҳолга айланганга ўхшайди. Марказий шифохонага ишингиз тушиб қолгудай бўлса, ичкаридагиларку майли, лекин бу ерга кираверишдан тортиб то чиқиб кетгунингизга қадар йўлингизда ўнлаб тиланчиларни учратишингиз мумкин. Чамамда, бу тиланчилар шифохонани мутлақ ўзиники қилиб олишган. Чунки ҳеч ким уларнинг “мушугини пишт демайди”. Натижада, кир-чир кийиниб, бола кўтариб олган бу тиланчилар бемалол шифохона ва поликлиника бинолари ичкарисида сайр қилиб, пул йиғиб юришади. Айтайверсак тиббиёт бирлашмаси фаолияти тўғрисидаги турлича фикрларимиз тугамайдиганга ўхшайди. Нима бўлганда ҳам бугун тизимда тартиб ўрнатиш вақти келган. Бунинг учун суд қарорини кутиб ўтириш адолатдан бўлмайди.


Ғофур ҚАРШИЕВ,
“Каттақўрғон ҳақиқати” мухбири.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ