“Дилмурод файизли даласи” зафар маррасида

0 138

Айни кунларда юртимиз далаларида миллий бойлигимиз – пахта йиғим терими авжида. 254 та каттақўрғонлик фермерларининг 10 974 гектар ер майдонларида қийғос очилган пахтани йиғиб-териб олишга астойдил бел боғланган. Туманнинг 30 178 тонналик улкан пахта хирмони кун сайин юксалмоқда.

Баҳорнинг серёғин кунларию саратоннинг жазирама иссиғида фидокорона меҳнат қилиб мўл ҳосил етиштирган фермерлар бугун қилинган меҳнатлари самарасини кўрмоқда. Ана шундай илғор фермерлардан бири “Буюк Турон” ММТП ҳудудидаги “Дилмурод файизли даласи” фермер хўжалиги бугун зафар маррасига етиб келиб, давлатга пахта етказиб бериш мажбуриятини туманда биринчилардан бўлиб уддалади.

Дилшод Маматов бошчилик қилаётган хўжалик аъзолари шу кунгача пахта қабул қилиш масканига 79,2 тонна пахта топшириб, 2019 йил пахта ҳосили учун белгиланган шартномавий режасини 106,7 фоизга бажарди ва ҳар гектар пахта майдонидан ўртача 28,3 центнердан ҳосил олишга эришди.
- 82 гектар ер майдонида деҳқончилик қиламиз, - дейди хўжалик раиси Дилшод Маматов. - Шундан 28 гектарига пахта экканмиз. Эрта баҳордаги табиат инжиқликларига қарамай хўжалигимиз ишчиларининг фидокорона меҳнати эвазига пахтадан мўл ҳосил етиштиришга эришдик. Хўжалигимизнинг бугунги муваффақиятида Муҳиддин Қурбонов, Акбар Қобилов, Камола Раббимова, Дилдора Номозова каби кўплаб аъзоларимизнинг фидокорона меҳнатини алоҳида айтиш жоиз. Ҳали далаларимизда ҳосил мўл. Чаноқлардаги қолган ҳосилни ҳам нес-нобуд қилмай териб олиб, ҳосилдорликни 40 центнерга етказамиз.
Хўжаликнинг дала шийпонида бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов туманда биринчи бўлиб пахта ҳосили учун белгиланган шартномавий режани бажарган “Дилмурод файзли даласи” фермер хўжалиги аъзоларини ушбу муваффақият билан табриклаб, уларни рангли телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Теримда фаол иштирок этаётган теримчилар билан дилдан суҳбат қуриб, уларга туманда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.
Шунингдек, тадбирда вилоятда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш борасида фаолият олиб бораётган “ОMAD STAR” масъулияти чекланган жамияти эса фермер хўжалигига 1 комплект замонавий культиваторни совға сифатида тақдим этди. Шунингдек, “Kattakurgan cluster”МЧЖ хўжаликнинг шу кунгача топширган пахта хом ашёси учун тўланадиган 316,8 млн.сўм пулни бугуннинг ўзида унинг ҳисоб рақамига ўтказиб берадиган бўлди.


Ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ