Муқаддас гўшанинг синоатлари

0 439

Оила ҳақида  гапирар эканмиз, авваламбор, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини айтиб ўтишимиз керак. Инсоният тарихида оила пайдо бўлгандан буён жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги оилага бўлган муносабат билан белгиланади.

Оилага шарқона эҳтиром ва эъзоз биз учун ибратли меъросдир. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза тўйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Оила-инсон туғилиб, вояга етадиган муқаддас макон, фарзандларнинг униб ўсадиган бўстони саналади.


Таниқли ёзувчи Абдирауф Фитрат ўзининг "Оила" китобида оила қуриш бўсағасида турган ёшлар тўрт нарсага: мол, насаб, ҳусн ва имону-эътиқодга эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлайди. Бу ўринда, "мол" - рўзғор тебратиш учун етарли маблағнинг бўлиши, "насаб" - наслий касалликларнинг бўлмаслиги ва ижтимоий мавқъе, савиядаги тенгликка таяниш, "ҳусн" - эр-хотиннинг ўзаро мослиги, "имон" - маънавий пок ва ахлоқли бўлишни англатади. Оила қуришни ният қилган ёшлар шу тўрт масалада мос тушиши ва шундагина уларнинг турмуши бахтли, насли  пок бўлишини уқтиради. Оила ва никоҳ муносабатларини қадимги герк файласуфи Афлотун: "Соғлом ва ҳаётга мосланувчан фарзандларни 20 дан 40 ёшгача бўлган аёллар дунёга келтириши ва улардан туғиладиган фарзандлар босиқ, соғлом, ақлли бўлиб етишишлари мумкин", - деб фикр юритган.


Ҳозирги кунда ҳам соғлом ва мустаҳкам оилани барпо этиш, оила қадр-қиймати, муқаддаслигини сақлаш, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги юқоридаги фикрлар ўз кучини йўқотгани йўқ. Айниқса, оиласида киз болаларини тарбиялаб, камолга етказаётган ота-оналар файласуфнинг бу фикрига амал қилишларини, кизлари ҳам жисмонан, ҳам маънан оилага тайёр бўлганларидан кейингина уларни турмушга узатишларини истаймиз. Ана шунда туманимиз учун муаммо келтириб чиқараётган оилавий ажримлар сони ҳам камайиб, тўлиқ, бахтли оилалар сони кўпайишига эришар эдик.


Шунингдек, кейинги вақтда мамлакатимизда оилага катта эътибор берилаётганлигининг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Биз ўз маънавий ҳаётимиз ва келажагимизни қураётганда беқиёс миллий қадриятимиз бўлган оилани асосий таянч деб биламиз. Чунки ўзлигимизга қайтиш, миллий урф-одатларимизни эъзозлаш, одамийлик, ҳалоллик, олийжаноблик, меҳр-оқибат, ор-номусни сақлаш сингари асл инсоний фазилатлар айнан оила муҳитида шаклланади.


Бугунги кунда оила остонасига қадам қўяётган ёшларимиз ҳам ота-боболаримиздан қолган, миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган, бугунги кун талабларига ҳам жавоб бера оладиган эзгу анъаналарга содиқ бўлсалар, миллий ўзлигимизни қайта тикланишига ҳисса қўшсалар, бу билан доимо ғурурланиб, айни вақтда шу эътиқодларига масъул бўлиб яшасалар, ҳеч қачон кам бўлмайдилар.


Туманимизда  барчага ўрнак бўладиган ибратли оилалар жуда кўп. Лекин, афсуски, орамизда оиланинг қўш устуни бўлиши керак бўлган, ота-она деган номга номуносиб бўлган, келажак эгаси бўлган фарзандларига тарбия бериш ўрнига, уларга ғамхўрлик қилишни "ортиқча даҳмаза" деб билган оилалар ҳам учраб турибди. Улар арзимас сабабларни рўкач қилиб ажралиш ниятида юрибдилар. Бундай ота-оналарга оиланинг жамият гултожиси эканлиги, тараққиёт  бешиги эканлиги ҳақида тушунча бериш қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалладошларнинг, жамоатчиликнинг, қўйингки барчамизнинг бурчимиздир. Эҳтимол, шунда бахтли оилалар сафи кўпайиб, фарзандлар тирик етим бўлиб қолмасмиди?


Туманда "Оила маркази" ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар саъйи ҳаракатлари ҳамда оилага бўлган эътиборлари туфайли бизга барча шароитлар яратиб берилган. Ҳозирги кунда марказимиз "Замонавий намунали оила модели"ни яратиш устида иш олиб бормоқда. Албатта, бу жуда кўп куч, имконият, эътибор ва сабр талаб қиладиган, шу билан биргаликда жуда катта савобга эриштирадиган машаққатли меҳнатдир. 


Ана шу савобли ишларни амалга оширишимизда туманимиздаги барча оилаларимиз ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонамиз.

Туримтош АЛИМОВА,
     "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлинмаси раҳбари.





Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ