Улуғбек 11 марта «қора курси»га ўтирди

0 85

Қинғир йўллар билан пул топиб, кимларнингдир ризқ-рўзини ўғирлаб, талон-тарож қилиб, алдов йўли билан қўлга киритгач, уни оиласига, бола-чақасига едирадиган кимсани бу жамиятда ким деб аташ мумкин?! Жавоб беришга иккиланиб қолдингиз-а? Негаки, айни пайтда ён-атрофимизда бу каби инсонлар кўпайиб қолган-да. Баъзиларини биз "устаси фаранг" ёхуд "ишбилармон" деб атаб қўяётганимизни ўзимиз ҳам сезмай қоляпмиз. Улуғбек Мансуровни эса худди ўша "ишбилармонларнинг" энг уддабурони, олғири дейиш мумкин...

Гап шундаки, у адашиб қилган қинғир иши туфайли бир ёки икки марта судланибгина қолмаган. Ўн йилдирки, унинг ҳар йили фирибгарлиги, таъмагирлиги, ўғирлиги ёки бошқа жиноий ҳатти-ҳаракати оқибатида суднинг қора курсисига ўтирганига гувоҳ бўлиш мумкин.
У. Мансуров бу борадаги "фаолиятини" 2006 йилнинг февраль ойидан бошлаган ва қилган айбига яраша уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олган. Шундан сўнг 2008 йилда бир марта, 2009 йилда уч марта, 2010 йилда бир марта, 2011 йилда икки марта кўрсатган "ҳунарлари" боис жиноят ишлари бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. 2013 ва 2016 йиллар ҳам унинг ҳаёт "зарварақларидан" ўчмас из қолдирган. Шубҳа қилганингиздек, у бундай "муваффақиятларга" юқорида тилга олган "ҳунарлари" ортидан эришган. Энг қизиқ томони "минг битта" жиноят содир қилса-да унга нисбатан ахлоқ тузатиш ёки озодликдан чеклашдан бўлак жазо чораси қўлланилмаган. Бу эса унга ўта енгил кўринган чоғи "ишида" фаол давом этган...
У жиноий хатти-ҳаракатларини асосан Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Жомбой ва Тайлоқ туманларида амалга оширган бўлса, бу галгисини Каттақўрғон туманида рўёбга чиқариб қўя қолди. Табиатан "очиқ кўнгил", нотаниш кишилар билан тезда тил топишиш, ишончига кира олиш қобилиятига эга бўлган Улуғбек бу ерда ҳам анча-мунча танишлар орттирганди. Аммо у таниш ким бўлишидан қатъи назар, чув туширгиси келганда ўзини тийиб туролмасди. Алдаб пул оларди, ялиниб-ялиниб қарз олгач, аксарият ҳолларда қайтариб бермасди, ишини осон битириб беришга ваъда бериб пул оларди, хуллас ўзини доим хожатбарор инсондек тутарди.
У каттақўрғонлик Роҳила Муратова билан дўстлари орқали  2016 йилда тасодифан танишиб қолганди. Доим кимнидир қармоғига илинтириб, пулини "шилиш" пайида юрадиган Улуғбекка асл касби ҳисобчи бўлган Роҳила Маратова ҳам тайёр ўлжадек туюлди. Имконни қўлдан бой бермасдан аста-секин унинг ишончига кира бошлади. Анча вақт ўтиб, Улуғбек аввалдан таниш бўлган дўстларини воситачи қилган ҳолда Роҳила Маратовадан оилавий аҳволи ўта оғир бўлиб қолганини баҳона қилиб, 3000 АҚШ доллари қарз олади. Бу қарзни Улуғбекдан ундириш учун Р. Маратова икки йилча югурди, унинг ҳоли-жонига қўймади. Шундан кейин Улуғбек Р. Маратованинг хонадонига бориб, қарз олганлиги ва уни албатта қайтариши тўғрисида тилхат ҳам ёзиб келди. Орадан бир йил ўтса ҳамки пулдан дарак йўқ. Роҳила Маратова Улуғбекни "маҳкам тутди". Чорасиз қолган найрангбоз навбатдаги ҳийлани ўйлаб топди: Роҳила Маратовани қизи Гўзал Маратовани олган ўша қарзи эвазига ички ишлар органларига ишга жойлаштириб қўйишга ишонтирди. Бундай бўлмагач Р. Маратова чўнтаги пуч ёнғоққа тўлдириб кетилганини тушунди ва ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилди.
 Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида Улуғбек Мансуровнинг қилмишлари тўла-тўкис ўз исботини топди. Унга нисбатан 26 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Нима дейсиз, У.Мансуров тайинланган бу жазодан тўғри хулоса чиқардимикан? Ёки навбатдаги "ўлжасини" авраб, ундан 26 миллион сўмни ундирган ҳолда жазодан озод бўлиш илинжидамикан?


Абдураҳмон Абдуллаев, 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 
15-бошқарма катта прокурори.

Ихтиёр Равшанов, 
Каттақўрғон туман 
прокуратураси терговчиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ