Менда ҳаммаси зўр! Келажакка ишонч билан яшаган маъқул

0 74

Эътибор берганмисиз, некбин (оптимист) одам бошқаларга нисбатан ҳаётда кўпроқ ютуқларга эришади.


Ишдаги муваффақият, оиладаги фаровонлик, гўзал қиёфа, хуллас, ер юзидаги омаднинг барчаси уларники гўё. Сиртдан қараганда, улар ҳаёт қийинчиликларига камдан-кам юз тутадигандек. Аслида, улар қийинчиликларни табассум билан қарши ола билганликлари учун ҳам бизга шундай туюлади. Бир сўз билан айтганда, яшашдан завқ оладилар. Шунинг учун ҳам улар омадли.


Некбин бўлиш – юзни ажинлардан, қалбни эса ғуссалардан халос этади. Тўғри айтишади, “Оптимизм – бу қалб ҳолати. Қалб эса алдашни билмайди, китоб саҳифалари ва қолиплар ортига беркинмайди. У фақат ҳис этади». Ушбу фикр 110 йил умр кўрган прагалик машҳур пианиночи Элис Херц-Зоммерга тегишли. Элис ҳаётининг сири у ўта мураккаб умр кечирганига қарамасдан, ўзининг гўзаллиги ва саломатлигини сақлаб қолганида.


У Прагада туғилиб ўсди, Холокостда барча оила аъзоларини йўқотди. Терезиенштадт лагерида ёлғиз қолди. Ўзининг иқтидори ҳамда келажакка ишониши билан тақдирига битилган барча бахтсизлик ва ҳасратларни енгиб, узоқ, гўзал умр кўрди. Бунинг сирини у 2014 йил ўлимидан бирмунча вақт илгари шундай изоҳлади: «Ҳаёт гўзалми, йўқми? Бу фақат ўзимга боғлиқ, ҳаётга эмас. Мен яхшиликка интиламан. Чунки умидсизлик ва қаҳр-ғазабга эътибор бериш учун менда вақт ҳам, хоҳиш ҳам йўқ».


Элис Херц-Зоммернинг қисмати умумэътироф этилган - оптимистларнинг саломатлиги мустаҳкам ва умри узун бўлади, деган фикрни тасдиқлайди. Ўз-ўзидан савол туғилади: некбин ва умидсиз ўртасидаги фарқ нимада? Яшаш учун ким бўлиш аслида фойдалироқ – келажакка интилишми ёки тушкунлик?


Олиб борилган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, некбинлар одатга кўра руҳий зўриқишга осон чап бера олади, жиддий хасталиклардан кейин тезда тикланади ва сурункали касалликларга мослашади. 900 нафар кекса киши орасида олиб борилган тадқиқотга кўра, ҳаётга умид билан қараш даражаси қанча юқори бўлса, инсонлар орасида яқин 10 йил ичида ўлим ҳолатининг рўй бериши қисқарар экан. Олимларнинг фикрича, некбинликнинг инсон саломатлигига ижобий таъсирини чекишни ташлашга тенглаштириш мумкин.


Шимон Перес таъбири билан айтганда «Оптимист (некбин) ҳам, пессимист (руҳи тушган) ҳам дунёга устун бўлмайди. Шундай экан, оптимист (келажакка ишонч) бўлганимиз маъқул эмасми?».


Муқаддас РАЗЗОҚОВА.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ