Мактабгача таълим вазирлиги мобил ва модулли боғчаларни тақдим этди

0 89

4 октябрь куни мобил ва модулли мактабгача таълим ташкилотларининг (МТТ) тақдимоти бўлиб ўтди.


Тақдимотда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 16 та қайта жиҳозланган автобуслар, болалар майдончалари бўлган иккита автотураргоҳ ва 2 та модулли МТТ тақдим этилди.


Улар оддий МТТларни қуриш имконсиз бўлган чекка қишлоқ жойлари, тоғли ҳудудлар ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун мўлжалланган.


“Isuzu HC 40” русумли автобуслар асосида ҳаракатланадиган МТТлар белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланади. Кўчма гуруҳларда бўлиш муддати 3 соатдан ошмайди, максимал сони 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 16 нафар бола бўлади. Дарсларни барча тарбияланувчилар учун қизиқарли ташкил этиш мақсадида вазирлик мутахассислари турли ёшдаги гуруҳларга мўлжалланган махсус дастур ишлаб чиқди. Ўқитувчилар эса тегишли тайёргарликдан ўтишди.


Ўқув-тарбиявий жараён икки сменада, мажбурий овқатланишсиз, лекин енгил тамаддини иситиш имконияти билан амалга оширилади. Машғулотларнинг катта қисми очиқ ҳавода ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун йўналишнинг ҳар бир нуқтасида чодир, тўсиқлар, ўриндиқлар, тепаликлар, арғимчоқлар, ўйин уйчалари ва қум майдончаси билан жиҳозланган автотураргоҳ бўлади.


Мобил ва модулли МТТларни қуриш ва пардозлаш ишларида иссиқликка, оловга чидамли ва соғлиқ учун зарарсиз бўлган материаллар қўлланилади.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ