Қайнота келинни туғилган куни билан «табриклади»

0 117

Қайнота ўз фарзандининг хотинига тегажоқлик қилса... Очиғи, мана шу мавзу хусусида бирор оғиз гапиришни истамаяпман, ҳазар қиляпман, аммо мажбурман. Минг афсуслар бўлсинки, сизу биз яшаб турган бугунги кунда бундай ҳолатлар баъзан қулоққа чалиняпти. Кимдир уятдан, бошқаси номусдан, яна кимдир лоқайдликдан ҳеч нарса демай қўя қоляпти. Бироқ таассуфки, иллат урчигандан-урчияпти...

Ёши элликдан ошаётган Жамолиддин Бойтоев (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган ва тасодифийдир)нинг тўрт нафар фарзанди ва бир қанча набиралари бор. Бундан бир неча йиллар аввал ўғли Жасур Бойтоев ишлаш мақсадида Россия Федерациясига жўнаб кетган. Келини Азиза Маратова ва набиралари эса ўзи билан қолди.
Вақт ўтгани сайин ўғлининг Россияга кетгани, келинининг эса "бежо" хатти-ҳаракатлари қайнотанинг хаёлларини алғов-далғов қиларди. Баъзан қайнота-келин бир-бирига ҳар хил гап "ташлаб қўйиб", гўё ҳазиллашиб ҳам қўйишарди. Навбатдаги шунга ўхшаш "ҳазил" эса баридан ўтиб тушди...
Ўша куни Россиядан келган пуллар эвазига қурилаётган янги иморатда қайнота-келин ва Ж. Бойтоевнинг кенжа ўғли Эргаш Бойтоевлар биргаликда турли юмушларни бажарарди. Эргаш ҳовлининг чеккасида ғишт териш учун лой қорарди. Шу пайт қайнота келинини тепага ғишт узатиб туриш учун ёнига чақирди. Ғишт узата-узата келиннинг "тили қичиди" шекилли куни кеча ўтган туғилган куни билан қайнотасининг табрикламагани учун ундан гўё ўксиган бўлди. Қайнота келинидан шу гапни кутиб тургандек, "чақалоқни" ҳозироқ табриклаб қўйгиси келди ва унга тегажоқлик қила бошлади. Келин кутилмаган бу ҳолатдан "ўқдек" ташқарига отилди. Кўч-кўронини йиғиштирдию ота-онасиникига жўнади. Воқеа хусусида ҳуқуқ-тартибот органларини хабардор қилишни ҳам унутмади.
Туман маъмурий судининг очиқ суд мажлисида мазкур иллат кенг муҳокама қилинди. Суд воқеликни ҳар томонлама таҳлил қилиб, қонуний тўхтамга келди: ўз нафсининг қули бўлиб, келинига тегажоқлик қилган отага нисбатан беш суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бу қонуний жазо. Аммо виждон, ор-номус, ҳамият нуқтаи назари билан олиб қараганда отанинг ўз жигаргўшанинг хотинига кўз олайтиришини қандай чора билан жазолаш мумкин, оқлаб бўладими?! Умуман олганда бундай хунук воқеликларга баъзи сабаблар бор. Аввало эрнинг уй-рўзғор, тўй-томоша, ортиқча орзу-ҳавас деб узоқ вақт давомида оиласи, фарзандларини ташлаб, хорижга жўнаб кетишидир. Иккинчидан, айрим кимсаларда ор-номус, ғурур ва ҳамият йўқолиб бораётгани, юзага келаётган муаммоларнинг олдини олишда жамоатчилик назоратининг, жигарлар ўртасида, қўни-қўшни ўртасида оқибат, дахлдорликнинг йўқолиб бораётганидир. Агар бундай ҳолатлардан огоҳ бўлмасак, қатъи қарши курашмасак эртами-кечми миллатимиз, халқимиз таназзулга юз тутиши, бебурд бўлиб қолишимиз турган гап.

Санжар Солиев,
маъмурий ишлар бўйича Каттақўрғон туман суди раиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ