Мойбулоқдаги туғруқхона ишлайди (ми?)

0 151

Маълумки, азал-азалдан халқимиз бўлажак оналар ва туғилажак фарзандлар саломатлигига катта эътибор қаратиб келган. Соғлом авлод давомийлиги учун қайғуриш аждодларимиздан қолган эзгу амал. Дунёда оналик бахтидек улуғ бахт борки, унинг ҳар бир лаҳзаси бебаҳо ва унутилмасдир. Мурғак гўдак учун эса онанинг бағридан ҳаловатлироқ жой йўқ. Бунда албатта яшаб турган муҳитда яратиладиган шарт-шароитнинг аҳамияти катта.

Яқинда ижтимоий тармоқларда тумандаги Мойбулоқ аҳоли массивида илгаридан фаолият кўрсатиб келган туғруқ мажмуаси фаолияти тўхтатиб қўйилганлиги ҳудуд аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги тўғрисида "Қишлоқ туғруқхонаси ёпилиб, аёллар уйда туғишга мажбур бўлмоқда" номли мақола эълон қилинган эди. Ҳақиқатдан ҳам Мойбулоқ аҳоли массиви жуда тарқоқ жойлашган бўлиб, айрим қишлоқлар Қўшработ, Иштихон, Хатирчи туманлари ҳудудларига қадар чўзилиб кетган. Туман марказидан анча олисда эканлигини инобатга оладиган бўлсак, албатта бу ҳудуддаги туғруқ мажмуасини хизмат кўрсатиши жуда зарур.  

Мамлакатимизда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда  соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Айтиш керак қайси юртда оналар ва болалар бахтиёр ҳаёт кечирса ўша юртнинг эртаси нурафшон бўлади.

Сирасини айтганда бугун туманимизда ҳам она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг. Ҳатто чекка-чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган туғиш ёшидаги аёллар ҳам тиббиёт ходимларининг доимий диққат эътиборида. Бу билан барча муаммолар тўла тўкис бартараф этилган, деган фикрдан йироқмиз. Чунки соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Жумладан юқорида айтиб ўтганимиз Мойбулоқ аҳоли массивидаги туғруқ мажмуасида кейинги 6 ой давомида юзага келган вазият ҳам аслида шулар жумласидандир.


Хўш, вазият ҳақиқатдам ҳам ночор ағволга келиб қолганми? Масалага ойдинлик киритиш мақсадида туғруқ мажмуаси жойлашган Мойбулоқ аҳоли массивида бўлиб, вазиятни ўргандик. Соҳа мутасаддилари ва қишлоқ аҳолиси билан суҳбатда бўлдик.


Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотларга кўра туманда туғиш ёшидаги аёллар 69 038 нафарни ташкил қилади. Шундан 9 365 нафари Мойбулоқ аҳоли массивида истиқомат қилади. Таҳлилларга кўра тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғруқ мажмуасида бир йилда ўртача 4 119 туғруқ қайд этилиб, шундан 481 таси Мойбулоқ аҳоли массивидан ташриф буюрган оналарни ташкил этади. Вазиятга холисона баҳо берадиган бўлсак, аҳолининг эътирозлари ўринли бўлиб чиқади. Чунки, ҳудуд туман марказидан анча олис тоғолди қишлоқлардан иборат эканлиги масалага жиддий ёндошишни талаб қилади.


Вилоят ва туман соғликни сақлаш соҳаси мутасаддиларининг таъкидлашича туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 15 ўринга мўлжалланган Мойбулоқ туғруқ мажмуаси режали таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадида ёпилган. Қолаверса, мазкур ҳудуддаги туғруқхона туманнинг тоғли ҳудудидаги аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжаллангани боис асосан қишнинг совуқ кунлари ва табиий офат (сел ва кўчки) лар содир бўлганда, туман марказига келиш имкони йўқолган вақт­да туғруқларни амалга оширишга мўлжалланган. Яъни бу туғруқхона заҳира туғруқхона ҳисобланар экан! 


Шу ўринда туғруқхона сифатида фойдаланилиб келинган бинонинг бугунги кундаги аҳволи ҳақида тўхталиб ўтсак. Бино ўтган аср­нинг 60-йилларида хўжалик идораси учун мўлжаллаб қурилган бўлиб, кейинчалик бино бўшаб қолганлиги сабабли 1997 йилдан бошлаб туғруқхона сифатида ишлатилиб келинган. Айтиш керакки, бино қандай қурилган бўлса шундайлигича қолдирилган ва ҳозирда туғруқхона мажмуаси талабларига жавоб бермайди. Қолаверса, мазкур бино ҳар томонлама эскирган. Бинода туғруқхона фаолияти учун зарур бўлган истиш ва совутиш тизими, канализация тармоқлари ишламайди. Бинонинг том ва ички қисмлари ҳам таъмирга муҳтож. Бир сўз билан айтганда мазкур бино тўлиқ капитал таъмирланиши ҳамда санитария ҳолатига жавоб берадиган даражада жиҳозланиши керак. Бинони тўлиқ таъмирлаш билан биргаликда бу ерда туғруқ ҳолатлари учун керакли "жарроҳлик хонаси" бўлиши зарур. Яна эътиборли томони шундаки, бу ерда ишловчи акушер-гинеколог врач мутахассиси йўқ. Бундай мутахассис йўқ мажмуада эса барча бошқа шарт-шароитлар яратилган тақдирда ҳам туғруқларни амалга оширишнинг ўзи хавфли. Ҳудуд аҳолиси ва туман тиббиёт бирлашмаси масъул ходимларининг гапига қараганда туманда бу мутахассислик бўйича етарли билим ва тажрибага эга бўлган шифокорлар бармоқ билан санарли ва бори ҳам Мойбулоқдек чекка ҳудудга бориб ишлашни ҳоҳламайди. Шунга қарамасдан масъул мутасаддилар аҳолини мушкулини осон қилишга ҳаракат қилмоқда.


- Ҳудудимиздаги барча туғруқ ёшидаги аёлларимиз тўлиқ патронаж хизмати билан қамраб олинган, - дейди Мойбулоқ қишлоқ оилавий поликлиникаси врачи Собир Бердиев. - Аёллар ҳомиладорлигининг аниқланган дастлабки кунидан бошлаб улар доимий назоратимиз остида бўлишади. Бундан таш­қари поликлиникамизнинг 2-қаватида фавқулодда туғруқларни қабул қилиш учун 5 та алоҳида хоналар ажратилган бўлиб, хоналар барча керакли жиҳозлар билан таъминланган ҳамда бу ерда тажрибали доя ва ҳамширалар фаолият олиб бормоқда. Бўлимда бир вақтнинг ўзида 6 нафар туғруқ ҳолатидаги аёлларимизга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари жуда зарур ҳолларда шу жойнинг ўзида туғруқлар амалга оширилиб, кейин эса она ва бола туман марказига юборилади ҳамда қолган барча муолажа ва эмлашлар малакали мутахассислар томонидан амалга оширилади. Қолаверса, аёлларда туғруқ аломатлари камида 6-8 соат олдин белги бера бошлайди. Демак, бу муддат ҳомиладор аёлни бемалол туман марказий шифохонасига олиб бориш учун етарли вақт ҳисобланади. Бу масалада ҳам уларга амалий ёрдам кўрсатиш имкониятига эгамиз. Жумладан, ҚОП ихтиёрида 3 та "Дамас" русумли янги тез тиббий ёрдам автомашиналари мавжуд. Ушбу тез ёрдам автомашиналари ҳудудимиздаги Бурган ва Андоқ қишлоқларидаги таянч пунктларида аҳоли хизматига шай. Бундан ташқари, яқинда вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси томонидан бизга оғир табиий об-ҳаво шароитида ҳам бемалол ҳаракатлана олиш имкониятига эга бўлган "УАЗ" русумли тез тиббий ёрдам автомашинаси ҳам ажратилди. Бу автоуловлар ёрдамида ҳудудимизнинг исталган нуқтасидан ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳомиладор аёлларни туман марказига ўз вақтида олиб бориш имкониятига эгамиз. Туман марказий туғруқхонасида эса айнан Мойбулоқ ҳудуди аҳолиси учун алоҳида 15 та жой ажратилган. Шуни айтишим керакки, олиб борилаётган барча тезкор хизматлар туфайли ҳудудимиз бўйича ҳали бирор марта туғруқлар сабабли аёллар ва болалар ўлими қайд этилмаган. Қолаверса, мен бир шифокор сифатида туғруқларни барча шароитларга эга бўлган жойларда ҳамда малакали мутахассислар назорати остида содир бўлишини истардим. Чунки арзимаган камчилик туфайли ёш гўдак ёки онанинг бир умр хасталикка чалиниб қолишини ҳеч кимга раво кўрмайман.


Ҳудуд аҳолисининг эса талаби битта - йиллар давомида фаолият кўрсатиб келган туғруқ мажмуаси фаолият кўрсатиши керак! Бугун давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан марказдан олис ҳудудларда жойлашган қишлоқ аҳолисига ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатиш масаласи кун тартибига чиқаётган бир пайтда йирик аҳоли массивларидан ҳисобланган Мойбулоқ массиви нега яратилаётган имкониятлардан баҳраманд бўлмаслиги керак!? 


Бу масалага жиддий ёндошган туман ҳокимлиги аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Мойбулоқ қишлоқ оилавий полклиникасида 10 ўринли туғруқ мажмуаси фаолиятини йўлга қўйиш таклифини илгари сурди. Туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига қарашли ушбу филиалда эндиликда шошилинч ҳолатдаги туғруқлар малакали доялар томонидан амалга оширилиб, кейин тез тиббий ёрдам машинасида туман марказидаги туғруқ бўлимига юборилади. Бу ҳам иложсизликдан қилинган бир чора-тадбирдир лекин туғруқ жараёнида жиддий вазият юзага келса нима бўлади, деган савол ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Шуҳрат Қаршиев,
журналист.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ