Ҳар бир мурожаат эътибор марказимизда

0 134

Умида Хидирова неча йиллардан буён тумандаги "Каттакўрпа" маҳалласида укаси, иккинчи гуруҳ ногирони Азизбек Хидиров билан бирга яшаб келади. Афсуски, улар ота-онадан эрта етим қолиб, боқувчисини йўқотган. Яшаб келаётган уйи эса анча хароба ҳолатга келиб қолган, хонадонда зарур шароитлар етишмасди. Умида Хидированинг секторимизга қилган мурожаати эътибордан четда қолмади...

У. Хидированинг мурожаати 3-сектор масъул ходимлари томонидан жойига борган ҳолда ўрганилди ва ҳақиқатан ҳам опа-укаларнинг яшаш тарзида муаммолар борлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, тегишли тартибда мурожаатни ижобий ҳал этишга киришдик. Бугунги кунда улар ҳар томонлама қулай ва шинам хонадонда истиқомат қилишмоқда.


Дарҳақиқат, 3-сектор ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолининг турли соҳаларга оид мурожаатларини ана шу тартибда ижобий ҳал этишга ҳаракат қилмоқдамиз.


Бугунги кунда сектор ҳудудида 26 та маҳалла фуқаролар йиғинида 17 692 та хонадонда 87 149 нафар аҳоли яшаб келмоқда. Уларнинг 44 388 нафари аёллардир. Ўтган вақт давомида 3-секторга бириктирилган турли давлат идоралари, муассаса ва ташкилотларнинг ходимлари билан биргаликда ҳудуддаги барча хонадаонларга кирилиб, аҳолининг мурожаат ва шикоятлари, таклифлари қабул қилинди. Унга кўра, фуқаролар томонидан 1020 та муаммо ва таклифлар билдирилиб, 1000 таси ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда ҳам тизимли равишда аҳоли хонадонларида уйма-уй юриб, мурожаатларни қабул қилиш, уларнинг ёзма ва оғзаки шикоятларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.


Жумладан, уй-жойни таъмирлашга муҳтож бўлган фуқаролардан 2 нафарининг мурожаати ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 42 нафар уй-жойга муҳтожларнинг 24 нафарининг, 50 нафар соғлиқни сақлаш борасида муаммоси бўлган фуқаролардан 49 нафарининг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. 245 нафар суюлтирилган газ баллонларига эҳтиёжи бўлган фуқароларнинг эҳтиёжи тўлиқ қаноатлантирилди. 8 нафар бола мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди.


Халқ таълимига доир 3 та, бандлик масаласида 235 та, кредит масаласида 293 та, кадастр масаласида 36 та, моддий ёрдамга муҳтожларнинг 44 та, шунингдек, бошқа масалаларга оид 26 та мурожаатлар қабул қилиниб, ижобий ҳал этилди.


Фаолиятимиз мобайнида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз. Айниқса, қабул қилинган давлат дастурларининг тизимли равишда амалга оширилаётгани эътибор марказимизда. Жумладан, "Ҳар бир оила тадбиркор" давлат дастури бўйича 3-сектор ҳудудида яшаётган 447 та кам таъминланган оилалар мавжудлиги аниқланди. Уларнинг 135 таси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдиришди. Айни пайтгача худди шундай 5 та оилага имтиёзли равишда кредитлар ажратилди.


Ҳар бир мурожаат билан индивидуал ишлаш, муаммоларни тегишли муассаса ва ташкилотлар билан ижобий ҳал этиш фаолиятимизнинг асосий мезонидир. Зеро, халқ манфаатини ҳимоя қилиш, аҳолининг бугунги кунидан рози бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш давлатимиз тараққиёти, соҳалар ривожининг кафолатидир. 

Абдували Отамуродов,
Каттақўрғон туман ички ишлар
бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ