“ҚОРАКЎЛЧА”ДАГИ БОҒЧА ИШГА ТУШДИ

0 201

“Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг жорий йил 10 сентябрдаги 26-сонида “Хўжакўрсинга очилган боғчада муаммолар қачон тугайди?” номли мақола эълон қилинган эди. Ҳақиқатан ҳам мазкур боғчанинг фаолиятини йўлга қўйишда айрим камчиликларга йўл қўйилган. Бу, авваламбор, 48-мактабгча таълим ташкилоти биносида ёнғин хавфсизлигига оид муаммолар, қурувчи ташкилотларнинг камчилиги мавжуд бўлганлиги билан боғлиқдир.

Дарҳақиқат, 2018 йил 15 декабрда “Обод қишлоқ” дастури асосида  “Қоракўлча” маҳалласида 48-МТТ қурилди. Бироқ, қурувчиларнинг айби билан қурилиш ва таъмирлаш ишлари охирига етказилмай тўхтаб қолганлиги сабабли ушбу таълим даргоҳига тарбияланувчиларни қамраб олишни имкони бўлмади. Бундан ташқари, таълим даргоҳини жиҳозлаш ишлари ҳам маълум муддат кечиктирилган. Мақолада таъкидланган ва мактабгача таълим ташкилотининг фаолият олиб боришига тўсқинлик қилган барча камчиликлар айни пайтда бартараф этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ҳозирги кунда боғчанинг мусиқа зали, 4 та гуруҳ учун мўлжалланган машғулот хоналари, 1-қават ва 2-қават йўлакларига гилам тўшалди. 100 та тарбияланувчилар овқатланишлари учун мўлжалланган ошхонага идиш-товоқлар ва бошқа ошхона жиҳозлари, ётоқхоналари зарур мебеллар билан таъминланди. Дарс машғулотларида фойдаланиш учун кўргазмали ва ўқув қуроллари, ўйинчоқлар, тарбияланувчиларни дам олишлари учун мўлжалланган кроват, кўрпа-тушак, чойшаблар  ҳамда тумбочкалар тўплами топширилди. Бинода ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ барча эҳтиёт чоралари кўрилди.Жорий йилнинг 10 сентябрь куни туман мактабгача таълим бўлими мудири Т. Алқаров иштирокида ота-оналар билан учрашув бўлиб ўтди ҳамда болаларни боғчага жалб этиш ва бошқа зарур чора-тадбирлар муҳокама этилди. Шундан сўнг, туман Давлат хизматлари бўлими билан ҳамкорликда юз нафар бола тўртта гуруҳга қабул қилинди. Малакали мутахассис ҳамда тажрибали педагоглар жалб этилди. Бугунги кунда боғча ўз фаолиятини бошлади.

Тоштурди Алқаров,
туман мактабгача таълим бўлими мудири




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ