Пайшанба тарихи: кеча ва бугун

0 231

Ҳар қайси халқ миллий қадриятларини ўз мақсад-муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади.

Пайшанба шаҳарчаси Каттақўрғон тумани маркази бўлиб, у тумандаги энг йирик аҳоли пункти ҳисобланади. Пайшанба 1989 йил 30 октябрдан буён шаҳарча мақомини олган. Пайшанба шаҳарчаси икки дарё оралиғидаги Миёнқол оролида Оқдарёдан 1 километр жанубда ва Қорадарёдан 4 километр шимолда жойлашган. Чегаралари Шарқдан Қиёт, ғарбдан Таварон, жанубдан Кадан ва шимолдан Жарбоши қишлоқлари билан чегарадош. Шаҳарчанинг умумий ер майдони 1905,8 га. 


Пайшанба сўзининг маъноси форсча-арабча сўз бирикмаларидан иборат бўлиб, "панж" - бешинчи ва "шанба" - кун, яъни ҳафтанинг бешинчи куни демакдир. Аслида бу қишлоқ номи қадимда Буюк ипак йўлининг Самарқанддан Бухорога ўтадиган карвон йўли ёқасида ташкил этилган ва ҳунармандчилик маҳсулотлари билан савдо қилинадиган бозор номи билан боғлиқ. Чунки, айнан шу куни турли мамлакатлардан келган савдо карвонлари шу ерда тўхтаб савдо-сотиқ қилишган. Кейинчалик эса кўплаб ҳунарманд усталар шу ерда ўтроқ келиб жойлашиши натижасида бу ер катта қишлоқ шаклини олган ва бу қишлоқ Пайшанба қишлоғи номи билан машҳур бўлган. Бу ерда бир вақтлар 4 та тегирмон, 2 та электр станцияси бўлган. Қишлоқда ҳунармандчилик авж олиб, читгаронлик, ҳолвагарлик, нонвойчилик, ширмой нончилик, совунгарлик, бешикчилик, жуда кўп турдаги темирчилик, аравасозлик, атторлик, баққоллик, баззозлик, заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиганган ва сотадиган юзлаб дўконлар мавжуд бўлган. Тери маҳсулотлари ва оёқ кийим ишлаб чиқариш билан ҳам қишлоқда кўплаб усталар шуғулланишган. Оқдарё ўзанида Пайшанбадан Жарбошига ўтадиган паром хизмат қилган. Тарихнинг гувоҳлик беришича, Пайшанбада жуда катта қушхона бўлган. Бир кунда бу ерда 100 дан ортиқ қорамол, 20 дан зиёд туя, 20 талаб от, уч юзталаб қўй ва эчкилар сўйилган. Ажабланарлиси, бу сўйилган гўштлар бир куннинг ўзида сотилган.


Пайшанба шаҳарчасида қадимда 11 гузар бўлиб, ҳозирги кунда 6 та маҳалладан иборат. Пайшанбада XVIII асрнинг охирларида қуриб битказилган Муҳаммад Нақиббек мадрасаси, XIX асрнинг 80-йилларида қурилган Читгарон масжиди, 1891 йилда қуриб битказилган Қаландархона жомъе масжиди ҳам жойлашган. Ҳозирда бу масжид замонавий қилиб таъмирдан чиқарилган бўлиб, унда бир вақтнинг ўзида 3 мингта номозхон биргаликда номоз ўқиши мумкин. Гувоҳликларга қараганда, Пайшанбада қадимда 4 та ҳаммом ва 4 та карвонсаройлар  бўлиб, улар маҳаллий аҳоли ва четдан келган меҳмонлар учун хизмат қилган. Шаҳарчада бундан ташқари 2 та оҳак ва 2 та пишиқ ғишт пишириладиган хумдонлар ҳам мавжуд бўлган.


1988 йилда ўтказилган археологик қазишмалар натижасида топилган тарихий ашёвий топилмаларга  қараганда бу ерда араблар истилосидан олдин ҳам зардўштийлик динига мансуб одамлар яшагани исботланди. Ўша даврларда ҳозирги Пайшанба шаҳарчаси ўрнида катта қишлоқ бўлган.


Ҳозирда бу шаҳарчада 33 мингдан кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Айтиш керакки, кейинги йилларда шаҳарча кундан кунга гўзаллашиб, чирой очиб бормоқда. Тадбиркорликка кенг имкониятлар очиб берилгани туфайли шаҳарча ҳудуди обод бўлиб, қурилаётган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари шаҳарча ҳуснига ҳусн қўшмоқда.

Қамаритдин Ахмедов,
меҳнат фахрийси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ