МАҚСАДИМИЗ — МУҚАРРАР ФАЛОКАТНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ!

0 35

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Kun.uz сайти орқали “Каттақўрғонда магистрал газ қувури яқинида жойлашган ўнлаб уйлар бузилишга тушган — аҳоли бундан кескин норози” номли мақола ҳамда видео лавҳа эълон қилинди. Дарҳақиқат, унда кўтарилган муаммоли масалалар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. У йиллар давомида сизу биз, аҳолининг ўзбошимчалиги, кенг жамоатчилик, маҳалла ва бошқа давлат идоралари масъул ходимларининг эътиборсизлиги оқибатида келиб чиқмоқда, десак ҳақиқатни айтган бўламиз.

Kun.uz веб-сайти орқали эълон қилинган материалларда аҳолининг ҳақли ва ноҳақ эътирозлари, газ қувурининг хавфлилик даражаси, давлат идоралари ходимлари, жумладан, Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармаси Самарқанд таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўлимининг масъул вакилларининг гўё неча йиллардан буён аҳолининг тинчини бузиб келаётгани холис баён этилган. Айни пайтда улар ҳақида яна қайта тўхталиб ўтишга хожат йўқ, деб ўйлайман. Бироқ Kun.uz мухбирининг масъул ходимамиз Нигора Хушвақтова билан шунчаки телефон орқали мулоқот қилибгина қолмасдан, мулоқотда таъкидланганидек, расмий мурожаат билан келиб, учрашиб, бу борадаги муаммоларга ойдинлик киритган ҳолда тўласинча ёритилганда мақсадга мувофиқ бўларди. Бу ҳақда ўзимиз тўхталиб ўтишни маъқул топдик.


“Джарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент” магистрал газ қувури (Меҳнаткашлар депутатлари Самарқанд область Совети Ижроия Комитети)нинг 1959 йил 21 сентябрдаги №24/460-с-сонли қарорига асосан 1959 йилда Каттақўрғон ҳудудидан ўтказилган бўлиб (пратакол №12 Заседания Исполнительного комитета Катта Курганского Районного совета Депутатов  от 28 апреля 1959 года), унга асосан ўша пайтдаги Крупиской колхози ҳудудидан магистрал газ қувури ўтказиш вақтида яшаб турган  12 та хўжаликка компенсатсия пуллари тўлаб берилган. Шу билан бирга, магистрал газ қувури 1959-1960 йилларда ўтказиш вақтида Каттақўрғон туманидаги собиқ Крупиской, Коммунизм, Калинина, Ленинизм колхозларининг экин майдонларини ҳам кесиб ўтганлиги боис ҳатто фермер хўжаликларига ҳам компенсация тўлаб берилган. Шундан сўнг у ҳудудда яшаб келган аҳоли бошқа ерга кўчирилган. Бироқ маълумотларга кўра 1964 йилда содир бўлган табиий офат туфайли бир неча оилалар Каттақўрғон туманининг Лублахўр ва Хайвар қишлоқларига қайта келиб ўрнашган. Йиллар ўтган сари аҳоли кўпайиши натижасида улар шу ерда ўтроқлашиб, Ø-720 мм газ қувури хавфлилик даражаси юқори бўлган биринчи тоифали  магистрал газ қувурининг ҳимоя ҳудудидан ҳам уй-жойлар қурила бошланган.


Мустақиллик йилларида ҳам ушбу ҳудудда аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тегишли рухсатномасиз уй-жойларни қуриш ишлари давом этган. Инсон ҳаётига очиқдан-очиқ хавф-хатар солиши мумкин бўлган ҳимоя ҳудуддан уй-жой қурилаётганда на маҳалла, на у ердаги ҳудуд инспекторлари қаршилик кўрсатишган. Унинг ўрнига айрим маҳалла идоралари томонидан тегишли нормаларга жавоб бермайдиган уй-жой ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бунга 2007 йилда Самарқанд Магистрал газ қувурлари тармоқ ишлаб чиқариш бошқармасининг Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида мазкур муаммонинг кўриб чиқилишида аҳоли томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосдир.


Дарҳақиқат, соҳа ходимлари томонидан йиллар давомида фуқароларга тушунтириш-тарғибот ишлари, берилган огоҳлантиришларга қарамасдан Лублахўр ва Хайвар қишлоқлари аҳолисининг хавфлилик даражаси юқори бўлган биринчи тоифали   магистрал газ қувурининг ҳимоя ҳудудидан қурилиш ишлари давом этаверди. Шу сабабли муаммолар қонуний тартибда кўриб чиқилишига мажбур бўлинган. Натижада 2007 йил 9 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида Каттақўрғон туман прокурорининг Самарқанд Магистрал газ қувурлари тармоқ ишлаб чиқариш бошқармасининг даъво иши кўриб чиқилган. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, Лублахўр қишлоғида яшаб келган А. Тожиев, Т. Бобоқулов, У. Бобоқулов, Ф. Эргашев, Б. Эргашев, Н. Холбоев, Б. Бобоқуловлар, Хайвар қишлоғида яшаб келган Ш. Ҳамдамов, Р. Халилов, Ҳ. Шокиров, Ж. Рўзиев, С. Сафаров, К. Каримов, З. Пирназаровлар оила аъзолари билан биргаликда уй-жойларидан мажбурий тартибда кўчирилиши юзасидан қарор қабул қилинган. Буни қарангки, суд қароридан норози бўлган аҳоли фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига аппеляция тартибида шикоят қилишганда ҳам у қаноатлантирилмаган. Бироқ аҳоли давлат, суд-ҳуқуқ идораларининг одилона ҳукмини доимий равишда ўзларига зуғум сифатида қабул қилиб келган. Шу билан бирга, олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан фуқаролар яшаш жойларини кўчиришмасдан келишган.


Шундан кейин ҳам ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолмади. Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармаси Самарқанд таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўлими томонидан бир неча бор суд-ҳуқуқ органларига, вилоят ҳамда республика давлат идорларига муаммони бартараф этиш, ҳаёти хавф остида қолиши мумкин бўлган аҳолини газ қувурининг белгиланган ҳудудидан кўчириш масаласидаги мурожаатлари йўлланди. Жумладан, 2016 йил декабрь ойида ҳам Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида фуқароларнинг ноқонуний қурилишларини бузишга оид суд қарорлари тасдиқланди. 2017 йил 8 июнда эса Каттақўрғон туман ҳокимлиги, ички ишлар органлари, кадастр, архитектура ва қурилиш, фавқулодда вазиятлар бўлим ва бошқармалари масъул ходимлари ҳамда “Омонбой” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан ҳамкорликда Омонбой ва Хайвар қишлоғларида яшаётган аҳоли хонадонларида ўрганишлар олиб борилганида  у ердаги 49 та хонадон бўйича туман ҳокимининг қарори мавжуд эмаслиги аниқланди.


Бир томондан иссиққина ўрнини бўшатиб қўйишни истамаётган аҳоли мутлақо ҳақдек. Бироқ иккинчи томондан уларнинг эътирозлари очиқдан-очиқ хавф-хатарга ўз-ўзини ташлаш билан баробар. Тўғри, уларни кўчириб, уй-жой билан таъминлаш бўйича Каттақўрғон туман ҳокимлиги ҳам тегишли саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Аммо аҳоли муҳофаза ҳудудни ноқонуний эгаллаб олгани етмагандек, “бир сўм харажатсиз” тайёр уй-жойни истаётганини ақлга сиғдириш қийин. Бугун айрим фуқаролар олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари, қонуний чекловлар ва тақиқларни бир четга суриб, газ қувури томон тобора яқинлашиб, яна ва яна қурилиш ишлари олиб бораётгани тушунарсиз ҳолат...


Хулоса ўрнида айтмоқчиман-ки, мақсадимиз тилга олинган қишлоқ аҳолисининг тинчини бузиш эмас, уларнинг молу жонини содир бўлиши мумкин бўлган хавф-хатардан сақлаш, бундан огоҳлантириш. Умид қиламиз-ки, юқори турувчи давлат идоралари ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, бирор кўнгилсиз ҳолат рўй бермасдан аввал муаммоларни ижобий ҳал этишда амалий кўмак беради.


Меҳриддин ЎТАГАНОВ,
Зирабулоқ магистрал газ қувурлари
бошқармаси бошлиғи




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ