"ХЎЖАКЎРСИНГА" ОЧИЛГАН БОҒЧАДА МУАММОЛАР ҚАЧОН ТУГАЙДИ?

0 197

Ўтган йили худойқулободликлар туманда биринчилардан бўлиб "Обод қишлоқ" дастури уларнинг қишлоғида амалга оширилишини эшитишиб, жуда хурсанд бўлишди. Ҳақиқатан ҳам қисқа фурсатларда Қоракўлча маҳалласида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. 

"Обод қишлоқ" дастури доирасида йўллар асфальт қилинди. Мактаб биноси таъмирдан чиқарилиб, қўшимча бинолар қурилди. Қишлоққа тоза ичимлик суви келтирилди. Табиий газ ва электр таъминоти яхшиланди. Барча уйлар атрофи тозаланиб, ободонлаштирилди. Турли инфраструктура объектлари қурилиб ишга туширилди. Амалга оширилган бундай хайирли ишлар ҳақида яна кўп мисоллар келтириш мумкин.

Қишлоқ хотин-қизларини хурсанд қиладиган ишлардан бири маҳалла марказида 100 ўринли янги болалар боғчасининг қурилиб фойдаланишга топширилгани бўлди. Бундан барча оналар ва болажонларнинг шодлиги чексиз эди. Чунки, бундай боғча қишлоқда авваллари бўлмаган. Энди ҳаммаси яхши бўлади, болажонларимиз замонавий мактабгача тарбия масканида керакли билим ва тарбия олишади, деб хурсанд бўлган оналарнинг қувончи афсуски, узоққа чўзилмади. Фойдаланишга топшириш маросимини расмиятчилик учун ўтказилганини қишлоқ аҳолиси кейин билишди. Сабаби...
Келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлайлик. Худойқулобод қишлоғи туманнинг чекка Қоракўлча маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, унда 4 188 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан мактаб ёшигача бўлган болажонлар 300 нафардан ортиқроқни ташкил қилади. "Обод қишлоқ" дастури доирасида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилгунга қадар қишлоқда болалар боғчаси бўлмаган. Шу сабабли маҳаллий аҳоли боғча қурилиш ишлари тугалланиб, уни ишга тушишини жуда интиқлик билан кутишди. Ва, ниҳоят боғча қурилиши ишлари белгиланган жадвал асосида ўз вақтида қуриб битказилди. 
Ўтган йил декабрь ойида эса ҳамманинг кўз ўнгида бу янги қуриб битказилган боғча биноси фойдаланишга топширилгани эълон қилинди. Очилиш тадбирларида қишлоқнинг барча катта-ю кичиги иштирок этди. Бундан энг кўп хурсанд бўлганлар эса, табиийки болажонлар эди.

Лекин, боғча очилди-ю кейин ишламади. Ҳозирга қадар бир кун ҳам фаолият олиб бормади. Нима учун?


Биз бу саволга жавоб топиш учун мазкур боғчада бўлиб ҳолатга аниқлик киритишга уриндик. Ҳақиқатан ҳам боғча биноси қурилиши ишлари яхши олиб борилган (айрим камчиликларини ҳисобга олмаганда!). Чиройли, кўркам ва киши дилини чоғ қилувчи бу бино узоқдан ҳам кўзга яққол ташланиб турибди. Унинг атрофига экилган анвоий гуллар муассасага янада кўркамлик бериб турибди. Лекин орадан шунча вақт ўтсада боғчанинг фаолият кўрсатмаётганидан ҳамма таажжубда. Боғча атрофини ободонлаштиришда шу ерлик кишиларнинг ҳалол ва беминнат меҳнатини алоҳида айтиб ўтиш зарур. Боғча бўйлаб юрар эканмиз, унинг атрофида болалари билан келиб ихтиёрий меҳнат қилиб юрган маҳаллий аҳолининг бир нечтасини учратдик. Бунинг сабабини сўраб уларни суҳбатга тортдик. 

- Боғчани ишлашини кутиб кўзимиз тўрт бўлди, - дейди Саодат Ҳалимова. - Айтишларича боғча ичидаги мебель ва жиҳозлар етишмас эмиш. Қачон шу камчилик бартараф этилса, боғчамиз ишга тушармиш. Мана, орадан 9 ой вақт ўтди, лекин бу муаммо ечимини топмаяпти. Боғчани қуришга қуриб, уни ишлашига имкон йўқлиги биз оналарни ҳайрон қолдиради. Энг ёмони, бу ҳолат яна қанча давом этишини ҳеч ким билмайди. 
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қоракўлча маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла вакилларининг фикрлари билан қизиқдик. Бироқ, шу маҳалланинг имоми Ўлмас Асадов ва маҳалла мутахассиси Назокат Ҳалимовалардан айтарлик жавоб ололмадик. Туман мактабгача таълим бўлимига қарашли ушбу 48-МТМ раҳбари вазифаси юкланган Ноила Эшонқулова билан суҳбатлашдик.

-Мана, салкам бир йилдан буён шу боғча ишлари билан чопаман, - дейди Ноила Эшон­қулова. - Мени боғчага раҳбар этиб тайинланганлигим тўғрисида буйруқ ҳам беришгани йўқ.  Ойлик маошни-ку қўяверинг. Боғча ишлай бошласа, мен мудира бўламанми, йўқми - бу бош­қа масала. Боғчанинг ошхонаси учун мўлжалланган ҳеч қандай жиҳози ҳам, идиш-товоқлари ҳам йўқ. Музлатгич, газ плиталари олиб келинмаган. Ётоқхона учун келтирилган мебелларнинг айрим қисмлари йўқлиги сабабли уларни ўрнатиб бўлмаяпти. Юмшоқ жиҳозларда ҳам камчиликлар етарлича. уларни бартараф қилиш бўйича туман марказига ва вилоятга бориб келавериб, чарчадим. Қурувчилар, бошлиқлар, шу жумладан, туман мактабгача таълим бўлими раҳбари ҳам қуруқ ваъда беришдан нарига ўтишмайди. Лекин, бу ваъдалардан чарчадик. Боғчани фойдаланишга топшириш учун туман Ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан рухсат ололмаяпмиз. Аҳоли эса "боғчани қачон ишлатасиз?" деган саволга кўмиб ташлашди.

Буни қарангки, янги қурилган МТТда ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар ҳам талайгина экан. Шу боис туман Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Илҳом Амонов билан телефонда боғландик. Унинг айтишича, мазкур МТТ қурилиш ишларини олиб борган қурилиш ташкилоти бинода ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор талабларни амалга оширмаган. Қурувчи ташкилот томонидан ҳалигача боғчада ўрнатилган ёнғинга қарши кураш воситалари техник ҳолати тўғрисидаги йиғма жилд тақдим этилмаган. Табиийки, қўлимизда бундай маълумотлар йўқлиги сабабли биз тегишли рухсатнома бера олмаймиз. Чунки, бу болажонлар хавфсизлиги учун жуда муҳим масала.

Ниҳоят туман мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Тоштурди Алқаровдан бу борадаги муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини сўрадик.


-Ҳақиқатан ушбу боғча қурилиши учун тайёрланган смета-лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган боғчани жиҳозлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун "юқори" ташкилот томонидан ҳалигача маблағ ажратилмаган, - дейди туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Тоштурди Алқаров. - Шу баҳона боғча қурилишини амалга оширган "ОҚДАРЁ БУНЁДКОР ҚУРУВЧИ" МЧЖ етишмаётган мебель ва жиҳозларни олиб бермаган. Натижада, унинг очилиши пайсалга солинмоқда. Насиб бўлса тез орада боғчани очиш масаласини ижобий ҳал қиламиз.


Шу ўринда бир мулоҳаза. Худойқулободда қурилиб ишга туширилишга шай ҳолатга келтириб қўйилган ушбу мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш нега пайсалга солинмоқда? Бу борада туман мактабгача таълим бўлими қолаверса вилоят мактабгача таълим бошқармасидаги масъул мутасаддилар таълим муассасасини зарур жиҳозлар билан таъминлашни нега ортга сурмоқда? Бугун мамлакатимизда мактабгача ёшдаги болажонларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш бўйича жадал ишлар бораётган бир пайтда бу каби лоқайдлик ва ўзбўларчилик кайфиятига қандай баҳо бериш керак?! Мажлису йиғилишларда, тизимни ундай қилиб ривожлантирдик, бундай ишлар қилинди, деган қуруқ гаплардан кимга фойда?! Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, аравани қуруқ олиб қочиб, кўзбўямачилик билан ишлайдиган замон ўтди. Энди фидоийлик билан шу юрт, шу халқ фаровонлиги учун жон койитадиган замон келди. Ўйлаймизки, ушбу ҳолат юзасидан масъул раҳбарлар зарур хулосаларни чиқариб, бу ҳақда ўз муносабатларини билдирадилар.


Ғафур Қаршиев,
"Каттақўрғон ҳақиқ
ати" мухбири. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ