ТАНҚИД — ФАОЛИЯТИМИЗ КЎЗГУСИ

0 132

“Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг жорий йил 30 июль 21-сонида “Ёнғин хавфсизлигини ким таъминлайди?” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда тумандаги 27-мактабгача таълим ташкилоти, 32-умумтаълим мактаби, “Қорадарё” маҳалласи ва Қорадарё қишлоқ врачлик пункти бинолари, туман Архив биноси ҳамда Иска кишлоғида жойлашган қурилиш материаллари савдоси дўконларида ёнғин хавфсизлигига оид бир қатор камчиликлар мавжудлиги келтириб ўтилган. Шундан сўнг, мақолада тилга олинган муаммоларни бартараф этиш, фуқароларга такроран тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида туман ёнғин хавфсизлиги бўлимининг масъул ходимлари жойларда бўлишди.
Таъкидлаш жоизки, мақолада тилга олинган бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир камчиликлар мавжудлиги жорий йилнинг дастлабки ойларидан бошлаб, соҳа ходимлари томонидан аниқлик киритилгач, кўнгилсиз ҳолатларни олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар амалга оширилган. Ўрганишлар давомида ўз вазифасига совуққонлик билан қараган корхона-ташкилот ва муассасаларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъул ходимларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли чоралар кўрилган. Жумладан, 32-умумтаълим мактаби директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Х.Ҳамроевга, туман Архив иши бўлими бошлиғи Ш.Қодировга нисбатан худди шундай чоралар қўлланилган. Улар ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз вақтида чоралар кўрмаганлиги боис қатъий огоҳлантирилган ҳам. Масъул ходимларнинг вазифасига панжа орасидан қараганлиги ҳолати таҳририят ходимларининг ҳам эътиборидан четда қолмаган. Бу, албатта, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларни ҳамкорликда олдини олишда муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Танқидий мақолада тилга олинганидек, тумандаги 27-мактабгача таълим ташкилоти, “Қорадарё” маҳалласи ва Қорадарё қишлоқ врачлик пункти бинолари ҳамда Иска кишлоғида жойлашган қурилиш материаллари савдоси дўконларида ёнғин хавфсизлигига оид бир қатор камчиликлар мавжудлиги ходимларимиз томонидан қайта ўрганилди. Натижада муассаса ва ташкилот раҳбарлари билан олиб борилган ўзаро музокаралар, кўрилган профилактик чора-тадбирлар натижасида ушбу бинолардаги камчиликлар ҳам бартараф этилди. Жумладан, ОП русумли замонавий бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланди, эски ва яроқсизлари янгисига алмаштирилди. Биноларга ёнғин хавфсизлигини тарғиб этувчи намунали ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ўрнатилди.
Бу билан тилга олинган жойлардаги ёнғиннинг олдини олишга доир муаммолар қолмади, дейишдан йироқмиз. Уларни ҳал этиш учун юқори турувчи давлат идораларига ҳам мурожаат қилинди. Ёнғинни олдини олиш бўйича техникаларнинг ҳаракатланишига қулайлик яратиш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида мазкур камчиликлар ҳам бартараф этилиб, аҳоли, таълим муассасаларида таълим-тарбия олаётган фарзандларимизнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз. 
И. АМАНОВ,
туман ЁХБ бошлиғи,
капитан




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ