Ўқитувчининг замони келди

0 433

 

 Устоз номини оқлаш, бу номга лойиқ бўлиш учун ўқитувчи аввало, ўз касбига  садоқатли бўлиши шарт. Шунингдек, ҳар бир педагог ўз виждони, келажак авлодлар олдида ҳисоб берадиган, давр талабларини англаган ҳолда иш олиб борадиган вақт келганлигини ҳис қилиши лозим.

Бугунги кунда юртимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Таълимга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кейинги икки йилда ўнлаб ҳукумат қарорлари ва фармонлари қабул қилинди. Буларнинг барчаси таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг  янги босқичга кўтарилаётганидан далолат.

Ўн бир йиллик таълим тизими қайта тикланди, янги давлат таълим  стандарлари тасдиқланди.  Умумий ўрта таълим муассасаларининг Низоми янгиланди. Янги ўқув йили арафасида Президентмизнинг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга  таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, моддий-маънавий ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, қарорда умумий ўрта таълим муассаса ходимларининг сентябрь-январь ойларида иш ҳақларининг базавий тариф ставкалари бўйича оширилиши,  тадбиркорлик  учун имтиёзли кредитлар,  автокредитлар, эхтиёжмандлар  учун имтиёзли уй-жой билан таъминланишлар кўзда тутилган.

Соҳадаги бу ўзгаришларни фаолиятимизда ҳис қиляпмизми? Ҳар йили янги ўқув йилини ўқувчию ўқитувчи, ота-оналар ҳам орзиқиб кутади.  Лекин ўқувчи ва ўқитувчиларни онгини бир ўй банд этадики,  дарс машғулотлари  бошланганига бир муддат ўтар-ўтмас, ўқитувчиларнинг асосий қисми қарийб икки ойлаб пахта йиғим теримига жўнаб кетарди. Номигагина ўқувчиларни банд қилиб туриш учун мактабда қолган ўқитувчи ночор аҳволда қолиб, 3-4 та синф ўртасида машғулот ўтиб авораси чиқар эди. Бу эса табиийки, ўқувчини ҳам, ўқитувчини ҳам бездирадиган ҳолат эди. Ўқувчи давомати ҳам узига яраша, чунки, уни сўрайдиган синф раҳбари ҳам пахтага жалб этилар эди.

Бу ҳолат қарийб икки ярим ой давом этарди. Пахта йиғим терими мавсуми тугар-тугамас қатор кўрик-танловлар, билимлар беллашуви, фан олимпиадалари томдан тараша тушгандек, ҳеч қандай тайёргарликсиз ўтказилар, натижа ҳам шунга яраша бўлар эди. Ушбу ҳолатлар таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмади дейсизми?!

Бугун ўқитувчининг  ҳақ-ҳуқуқи ва бурчлари қонун билан мустаҳкамланди.  Энди уни ҳеч ким мажбурий меҳнатга жалб этмайди. Ўқувчи меҳнатидан фойдаланишига эса аллақачон чек қўйилган.

Шу боис жорий ўқув йили ҳар йилгидан бошқача кайфиятда кутиб олинди. Энди ўқитувчилар фақат ўз касби билан машғул бўлиши, ўз устида ишлаши, янги инновацион ғояларни соҳага татбиқ  этиши лозим.
Мен кўп йиллик тажрибага эга педагог сифатида ўқитувчиларга яратилаётган бундай имконият ва имтиёзлар аввал бўлмаганини айтиб ўтмоқчиман. Ўзим раҳбарлик қилаётган 1-умумий ўрта таълим мактабида фаолият кўрсатаётган педагог ва мураббийлар 700 га яқин ёш авлодга замонавий таълим-тарбия бериш билан шуғуланмоқдалар.

Жамоамизда ўз касби ортидан эъзоз ва қадр топган мураббийлар анчагина. Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони соҳибалари  Дилором Хаджаева, Мавлуда Баракаевалар катта устоз сифатида бир қанча шогирдларга бош-қош.
Фидоий ўқитувчилардан  Раъно Ахмедова, Мақсуда Мавлонова, Озода Шодмонова, Манзура Рўзимуродова, Ойдинисо Ҳомидова, Мавлуда Эркаева,  Умитой Қиличева, Санобар Нажимова ва бошқалар ҳар томонлама ёш педагогларга ўрнак бўлмоқдалар.

Айни пайтда машғулотлари икки навбатда олиб борилмоқда. Фан ойликларини ўтказилишига катта эътибор қаратилган. Асосий мақсад ўқувчиларни ижодий ва мустақил ишлашга, изланишга фикрлашга ўргатишдир. Октябрь ойи она-тили ва адабиёт фан ойлиги бўлганлиги сабаб, очиқ дарслар, тадбирлар, шеърият кечалари ўтказилди ва анъанавий тил байрами нишонланди. Ўқув йилида аниқ режалар асосида иш олиб борилмоқда. Марралар улкан. Ана энди ўқитувчининг ишлайдиган замони келди.
Дилором Ибрагимова,
1-умумтаълим мактаби директори.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ