Энди ўзимизнинг шоколад цехимиз бор

0 95

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан туманда “Фирдавс Қандолат инвест” МЧЖга қарашли шоколад ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросими муносабати билан тадбирда туман ҳокимлиги раҳбарияти, тадбиркор ва ишбилармонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Унда сўзга чиққан туман ҳокими А. Баҳромов кеийнги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг имконият берилгани, юртимизга кўплаб инвестициялар киритилаётгани натижасида иқтисодиётимиздаги ўсиш ва ўзгаришлар, халқимиз турмушининг фаровонлашиб бораётганини эътироф этди.
—Ўтган 2018 йилда туманда Хитой инвестицияси иштирокида “HENGYUAN CEMENT” қўшма корхонаси томонидан тўғридан-тўғри инвестиция ҳажми 340 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи, йиллик қуввати 2,4 млн. тонна бўлган цемент заводи қурилиши ишлари бошлаб юборилганди, — деди туман ҳокими. — Завод қурилишининг биринчи босқичи 2018-2020 йилларда амалга оширилади ва бу босқичда 220 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига, йиллик қуввати 1,2 млн. тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастлабки блок ишга туширилади. 2018 йил сентябрь ойида “Stoun Holding group” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси ташкил этилди. Натижада умумий қиймати 1 млн. 120 минг долларлик, шундан 740 минг долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, микрокалцид ишлаб чиқариш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Бундан ташқари, “Биолакт Шамс Инвест” қўшма корхонаси (Белорусия) томонидан 1250 бош қорамолга мўлжалланган чорва комплекси ва суткасига 30 тонна сут маҳсулотлари, 30 тонна қуруқ сут ишлаб чиқариш, 6 гектар иссиқхона комплекси ташкил қилиш, 600 гектар интенсив боғлар яратиш каби лойиҳалар ҳисобига 78 млн. доллар миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган. Бугун “Фирдавс Қандолат инвест” МЧЖ томонидан 1 йил муддатда “Шоколад ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишга тушурилгани ҳам улкан ютуғимиздир.
Дарҳақиқат, корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан 5 млрд. сўмлик ишлар бажарилди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 320 тонна бўлган корхонада 30 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, ушбу корхона томонидан кейинги ойдан бошлаб қиймати 2 млрд. сўмлик “Зангламас металлдан кондитерлик столлари ишлаб чиқариш” ва “Истеъмол товарларини пишириш печлари ишлаб чиқариш” лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган. Бунинг натижасида йилига 3200 дона столлар ва 2240 дона пишириш печлари ишлаб чиқарилади ҳамда 10 дан ортиқ янги доимий ишчи ўринлар яратилади.
— Туманимизда шоколад цехи ишга туширилишини аввалроқ эшитгандим, — дейди Феруза Ҳаққулова. — Анчадан буён ишсиз юрганим боис цех раҳбариятига иш сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий қаноатлантирилди. Бугун мен ушбу корхона ишчисиман. Доимий иш билан таъминланганим нафақат менинг, балки оиламнинг ютуғидир. Бундан жуда хурсандман.
Дарвоқе, корхонанинг келгусидаги режаларининг чегараси йўқ. Яъни, декабрь ойида қиймати 1,5 млрд. сўмлик, йиллик 5.1 млн. литр “Газли ва газсиз сув ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилиши ҳам режалаштирилган. Пировардида 20 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Бундай ташаббускорлик ва илғор ғоялар туфайли тадбиркор давлатимиз равнақига ҳисса қўшиш билан бир қаторда, элимиз дастурхонини тўкин қилиш, энг долзарб масала бўлган аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш жоиз.

О.НАЗИРОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ