ИСТИҚЛОЛ: Қадримиз баланд, қаддимиз тик

0 286

Энг улуғ, энг азиз... Бу иборалар фақат биргина шодиёнага нисбатан айтилади: мустақиллик, истиқлол тантанаси. Дарҳақиқат, инсонга эркин ва озодликдан-да улуғ, буюк ва суюк туҳфа бормикан?!

Асло йўқ, албатта! Мустақилликсиз юзда қувонч акс этармиди, эркин бўлмаган қалб яйрармиди, озод бўлмаган юртга тўйлар татирмиди?! Йўқ. Она Ватанимиз - Ўзбекистон бундан 28 йил муқаддам ана шундай буюк неъмат - мус­тақилликка эришди. Яратганга минг шукурки, бугун унинг яна бир қутлуғ ёшини тантана қилмоқдамиз. Туманимиз аҳли бу азиз айёмни дилда қувонч ва шодлик билан кутиб олмоқда. Дилда бир эзгу тилак: Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Обод элга тўй-тантана ярашганидек, ҳар бир кўчада, маҳаллаю қишлоқларда байрам озодалигу саришталикдан бошланди. Ҳудудлар обод этилиб, гулу райҳонлар ўтқазилди. Давлат байроғи, пок қалбу жўшқин ҳаёт, тинчлик ва осойишталик рамзлари бўлган ранг-баранг байроқчалар кўчаю хиёбонларимизни безади. Бир сўз билан айтганда, барча давлат идораларию корхона ва ташкилот ҳамда муассасаларда, маҳаллаларда байрам шукуҳи кеза бошлади.
Туман марказий ўйингоҳида Ўз­бекис­тон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида байрам тантанаси бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов барча каттақўрғонликларни қутлуғ шодиёна билан табриклади. Ўтган йил давомида Президентимизнинг раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу ислоҳотлар эпкини туманимизда ҳам уфуриб турганини эътироф этди.
Мустақиллик қадр-қиммати ҳаётимизда юксак ўрин тутувчи, бирор нарса билан қиёслаб бўлмас неъматлардандир, - деди туман ҳокими. - Бу яшаш тарзимизда, орзу-умидимиз ва мақсадларимизда, мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмуш-тарзида ниҳоятда юксак ўрин тутувчи тарихий ғалаба, десак муболаға бўлмайди. Шундай саодатли кунларда эришилаётган ютуқларимизни ёдга олиш, келгусида янгидан-янги марраларга қадам ташлаш муҳим аҳамиятга эга, албатта.

Туман ҳокими таъкидланганидек, "Обод қишлоқ" дастури доирасида тумандаги Муллакўрпа, Мундиён ва Валижон қишлоқларида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Туманимиз маркази мутлақо янгича қиёфа касб этмоқда. Янги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қурилиб фойдаланишга топширилди. Мавжуд инфратузилмани яхшилаш, автомобиль йўлларини таъмирлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Дурбеш-Хатирчи йўлининг 20 километр масофадаги, Пайшанба-Мойбулоқ, Жумабой-Пайшанба, Кадан-Тасмачи автомобиль йўллари ва маҳаллаларнинг 60 километрдан ортиқ ички йўллари замонавий йўлсозлик талаблари асосида мукаммал таъмирланди. Туманга чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Таълим, фан ва маданият соҳасида эришилган ютуқлар ҳам салмоқли экани айтиб ўтилди. Ёш авлодни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси қарийб 45 фоизга яқинлашган. Халқ таълими, тиббий хизмат сифати борасида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. 

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, истиқлол айёми қўшалоқ байрамларга улашди. Туманда бир неча янги бинолар очилди. Жумладан, ёш тадбиркор Абдували Эргашев томонидан туманда "Ёшлар кутубхонаси" ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур зиё масканининг очилиш маросимида туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят ва туман кенгаши ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
- Бу нафақат ёшларимизнинг, балки ота-оналарнинг ҳам севимли масканига айланишига ишонаман, - деди маърифат ва зиё масканининг очилишида сўзга чиққан туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов. - Энг улуғ, энг азиз байрамимиз - Мустақиллик айёми арафасида ушбу маскан халқимизга энг муносиб совға бўлди. Ўйлайманки, бу маърифат маскани китобхонлар билан доим гавжум бўлади.

- Бундай замонавий кутубхоналарнинг ташкил этилиши биз ёшларга бўлган эътиборнинг яна бир кўринишидир, - дейди тумандаги 1-ИДУМ ўқувчиси Оғабек Тошмаматов. - Мустақиллик байрамининг 28 йиллиги арафасида туманда "Ёшлар кутубхонаси"нинг очилиши туманимиз ёшлари учун катта совға бўлди.  

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган кутубхонада 5 000 га яқин бадиий асарлар, тарихий, илмий ҳамда болалар адабиётлари ўрин олган. Шунинг­дек, зиё масканида 10 та замонавий компьютер ва тезкор интернет алоқаси ўрнатилган бўлиб, адабиётларнинг электрон нусхалари ҳам шакллантирилган.

Истиқлол тантанаси туман маданият бўлими, мусиқа ва санъат мактаби жамоалари, фольклор гуруҳлар томонидан тайёрланган театрлаштирилган концерт дастурига уланиб кетди. Она Ватан, тинч­лик ва осойишталикни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Байрам тадбирлари тумандаги барча корхона-ташкилот ва муассасаларда давом этмоқда.


Ш. Қаршиев,
Ж. Сафаров.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ