Туҳматнинг ҳам жавобгарлиги бор

0 231

         2019 йил 19 августда “Озодлик” радиосининг “Сиздан Телеграмм” каналида: “Каттақўрғон туманидаги 16-мактаб директори Президент қарорига қарши бориб, ўқитувчиларни мажбуран ишлатмоқда”, - деган ёлғон ахборот тарқатилди. Шунингдек, ахборотда мактабнинг янги ўқув йилига тайёр эмаслигига ҳам иддао қилинган.  

         Масалага ойдинлик киритиш мақсадида тумандаги 16-умумтаълим мактабида ўрганиш олиб бордик. Тарқатилган хабар туман ҳокими Аъзамхон Бахрамов иштирокида мактаб жамоаси ўртасида кенг муҳокама қилинди. Мактаб жамоаси ва “Муллакўрпа” маҳалла фуқаролар йиғини фаолларининг айтишича таълим муассасасида ҳеч қанақа мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаган. Аксинча маҳалла “Обод қишлоқ” дастури асосида чирой очганлиги, туман раҳбарларининг саъй ҳаракатлари билан мактабга қўшимча 120 ўринли янги замонавий бино қуриб берилганлигидан ҳамма хурсанд.
         Мактаб директори томонидан ўқитувчилар ҳеч қанақа мажбурий меҳнат қилишга жалб қилинмаган. Бу нотўғри маълумотларни “Озодлик” радиоси   мухбирлари кимдан олишган, бунисини билмадигу, лекин улар бу каби нотўғри маълумотлари билан  одамлар кайфиятини бузаётгани рост. Эзгу ишларни кўролмаслик, иғвогарлик шундан ҳам кўринадики, хабар билан қўшиб эълон қилинган сурат мутлақо мактабдаги бугунги ҳаёт билан мос эмас.
        - Мактабимиз жамоаси янги ўқув йилига ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки кайфиятда тайёргарлик кўришмоқда, - дейди 16-мактаб ўқитувчиси Замира Тошонова. – Чунки бу йил ўқув йилини 120 ўринли янги замонавий бинода бошлаймиз. Бундан нафақат педагогик жамоамиз ва ўқувчилар, бутун қишлоғимиз аҳлининг хурсандчиликлари чексиз. Шундай улуғ кунлар арафасида бундай бемаъни гапларга умуман ўрин йўқ. Четдан туриб иғво уюштираётганлар келиб мактабимизни кўрсин. Зеро, бу ердаги эзгу амалларни кўриб, ичларида ёнаётган ҳасад “ўтлари” бироз босилармиди?! 
         Шу ўринда яна бир гап. Туҳмату ғийбатлардан чарчамаётган озодликчилар яқинда “Каттақўрғон туманида шифохонада палата етишмаслигидан беморлар ерда ётибди”, деган ёлғон ахборот тарқатишди. Ваҳоланки, кейинчалик маълум бўлишича ушбу ҳолат Каттақўрғон туманида эмас, Каттақўрғон шаҳар марказий шифохонасида кузатилган. Ўйламай гапирган, оғримай ўлади, деган нақл бор халқимизда. 
    “Озодлик” радиоси минбаридан туриб ҳеч иккиланмай туҳмат тошини отаётган иғвогарлар қонунчиликда оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланашини яхши билсалар керак.

Каттақўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ