Менинг қора танли ўғлим

0 312

2016 йилнинг куз фасли эди. Токларни ва анорларни кўмиб, томларни лойсувоқдан чиқариб, ҳамма ишларни саранжом-саришта қилиб бўлдим. Уйдаги тўрт-беш бош қора молга ҳам бир қишга етгулик ем-хашак тайёр.

Энди бир иш топиб ишлайман, деб турганимда ўғлим Россиядан телефон қилиб, дада ишлайман десангиз, иш топиб берамиз, бўлмаса бир томоша қилиб кетарсиз, агар хоҳласангиз келинг, деб қолди.
Саёҳат кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Қолаверса, ишлайман, десам тўрт мучам соғ, куч-қувватим етарли. Бир имконият туғилган экан, фойдаланиб қолай, дея самолётга чипта харид қилдимда, ўғлим ва қизим билан хайрлашиб, Санкт-Петербург шаҳрига йўл олдим.


У ерда менинг икки нафар ўғлим ишларди. Аэропортда  ўғилларим кутиб олишди. Икки кун дам олгач, биринчи ишни уларнинг ишхонаси ва ишлари билан танишишдан бошладим. Улар евроремонт ишлари билан шуғулланишар экан. Бригадасида 8-10 нафар чоғли уста ишларкан. Ўғилларим мени улар билан   таништирди. Альберт исмли бир қора танли йигит ҳам ишларкан. Кечки овқатдан сўнг ўғилларимдан Алъберт ҳақида суриштирдим. Маълум бўлишича, у рус тилини яхши билмас, шу сабабли ойлик маоши ҳам ўлда-жўлда экан.
 Орадан бир ярим ой ўтгач, ўғилларим менга у ерда яшаш ва ишлаш учун бир йиллик ҳужжат қилиб беришди. Мен қурилиш бригадасида ишлай бошладим. Сирасини айтганда ишим унчалик қийин эмасди. Маошни ҳам ўз вақтида ва яхши тўлашарди. 


Одатдаги кунларнинг бирида кичик ўғлим менга қўнғироқ қилиб, дада, бригадирингиз билан бир гаплашиб кўрингчи, агар бўш иш ўрин бўлса, Алъбертни ёнингизга олинг. Бояқиш бу ерда ойлигини ололмай, жуда қийналаяпти. Агар бир мусофирга ёрдам қилсак, савоб бўлар, деди.
Шунда бир файласуф шоир ёзган шеър ёдимга келди:

Отаси ўлмаган ким бор,
Онаси ўлмаган ким бор.
Бировлар юртига бориб,
Мусофир бўлмаган ким бор.


Ўғлимнинг таклифи ва ёдимга келган бу мисралардан беихтиёр кўзларимда ёш халқаланди.
 Шу куннинг ўзидаёқ бригадир билан гаплашиб вазиятни тушунтирдим. Бригадир эса бошлиқ билан гаплашиб кўришга ва ишни иложи борича ижобий ҳал қилишга ваъда берди. Орадан бир ҳафта ёки ўн кунлар ўтгач, Алберьт ёнимизда ишлай бошлади. Бу қора танли ёш йигит ўзининг меҳнатсеварлиги ва очиқ кўнгиллиги билан тезда бригадамиз аъзолари  билан тил топишиб кетди. 
Қиш кунларининг бирида кичик ўғлимнинг туғилган кунини нишонламоқчи бўлдик. У ерга Альбертни ҳам олиб бордим. Қўй гўштидан тайёрланган самарқандча ошни тановул қилиб, анча гурунглашдик. Алберът ҳам ўғилларимни худди ака-укадек ўзига яқин олиб, нималарнидир ҳикоя қилиб берар, орада енгилгина кулги кўтариларди. 

Соат тунги ўн бир бўлгач, энди уй-уйимизга қайтишимиз, эрталаб яна ишга  чиқишимиз ҳақида айтдим. Шунда Альберт менга, ота мен ўғилларингизни анча вақтдан бири танийман, улар менга қадрдон бўлиб қолган, мени ҳам ўғилларингиз қаторида ўғлим деяверинг, деди. Альберт билан тутинган ота-бола бўлдик. 

Ҳафталар, ойлар бир-бирини қувиб ўтавериб, бир йил ҳам ана-мана дегунча ўтиб кетди. Мен ватанимизга қайтиш учун самолётга чипта харид қилдим. Келганимда икки ўғлим кутиб олган бўлса, қайтишимда аэропортга мени уч ўғлим кузатиб чиқди. Улар билан қучоқ очиб хайрлашар эканман, бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлиб кўзларим намланди. Альбертни эса бағримдан қўйиб юборгим келмасди. Бу меҳри иссиқ бола мени қучоғидан қўйворай демасди...  

Аэропорт эшигидан ичкарига кирар эканман, мени кузатиб турган ўғилларимга қарадим ва икки қўлимни юқорига кўтариб,    бир- бирига маҳкам жипс қилдим. Бу ишора билан мен кетганимдан кейин ҳам уларни янада аҳил бўлишини истадим. 
Ҳа, инсонийлик, меҳр миллат, ирқ, дин ҳам танламайди. Бағрикенглик инсониятни ҳамиша таназзулдан асрайди.

Ғулом ДУВЛАЕВ,
Қўшҳовуз қишлоғи.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ